Лақаби “Ажал фариштаси” бўлган, 50 кишини ўлдиришда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Дональд Харви қамоқхона камерасида уриб ўлдирилди, деб хабар берди Vesti.ru нашри.
1970-1980 йилларда Дональд Харви АҚШнинг Цинциннати (Огайо штати) ва Лондон (Кентукки штати) шаҳарларида касалхонада санитар бўлиб ишлаган. У касалхона беморларини овқатга заҳар солиш, сунъий нафас бериш аппаратини узиб қўйиш орқали ўлдирган. Навбатдаги қурбонлардан бирини ёриб кўрган патологоанатомлар заҳарли модда ҳидини сезган ва Дональднинг жинояти фош этилган. 1987 йилда “Ажал фариштаси” 37 одамни ўлдирганлигини тан олган. Кейинчалик яна Цинциннати шаҳар касалхонасида 18 кишини ўлдирганини маълум қилди.
Дональд Харви бир неча марталик умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. У жазони Огайо штатининг Толидо шаҳрида жойлашган қамоқхонада ўтаётган эди. 28 март куни кечқурун у камерада калтакланган ҳолда топилди. Қамоқхона ҳисоботида маълумот берилишича, 64 ёшли Харвини камерага кирган номаълум шахслар калтаклаган. Орадан икки кун ўтгач, Харви олган тан жароҳати туфайли вафот этди.
Суд жараёнида Харви бедаво дардга чалинган беморларга ёрдам бериш, уларнинг азобини енгиллаштириш мақсадида уларни ўлдирганлигини тан олди. Аммо округ прокурори кенжа Гамильтон Артур Ней унинг бу гапларини инобатга олмай, Харвига одамларни ўлдириш ёққанлиги учун мазкур қотилликларни амалга оширган, деган айбловни қўйди.






