2017 йил 30 март куни «Ўзбеккино» Миллий агентлигида кинематография санъатининг олдида турган муаммолар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳамда хусусий киностудияларнинг фаолиятига бағишлаб «Бугунги кино: муаммо ва ечимлар» мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Унда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги раҳбарияти, Ўзбекистон Киноарбоблари бирлашмаси аъзолари, хусусий киностудиялар ва кинотеатрлар раҳбарлари, киношунослар, режиссорлар, актёр-актрисалар, операторлар, рассомлар ва бошқа кўплаб киноижодкорлар иштирок этишди.
Агентлик Бош директори Отабек Мусаев олиб борган ушбу йиғилишда мутахассислар томонидан миллий кинематография санъатининг ажралмас қисми бўлган хусусий киностудиялар томонидан суратга олинаётган филмларнинг бадиий-ғоявий савияси, мавжуд муаммо, ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил этилди, шунингдек, ижодкорлар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда санъатшунос олимлар Нигора Каримова, Шуҳрат Ризаев, Ойбек Копадзе, режиссёрлар Зулфиқор Мусоқов, Рустам Саъдиев, Баҳриддин Айназаров, Анвар Солиев, стсенарист Элмира Хасанова, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг бўлим мудири Гулчеҳра Умарова кабилар ўз чиқишларида бугунги киножараённи атрофлича таҳлил қилар эканлар, хусусий студиялар фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий база етарли даражада эмаслиги устида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Иштирокчилар хусусий киностудиялар томонидан суратга олинаётган филмларнинг профессионал, бадиий, тарбиявий ва эстетик савиясини оширишга қаратилган бир қатор таклифларни илгари сурдилар. Бу каби ижодий учрашувларни тез-тез ўтказиб туриш таклиф қилинди.