1

​Ўзбекистон Президенти Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга қаратилган қарор имзолади

ЖАМИЯТ 04.04.2017, 10:28
Теглар: Ўзбекистон, Соғлиқни сақлаш
​Ўзбекистон Президенти Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга қаратилган қарор имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.

Мазкур Қарор Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хусусий тиббиёт соҳасига хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш мақсадида имзоланди.

Қарорга кўра, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари этиб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хусусий тиббиёт муассасалари тармоғи фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусий тиббиёт муассасаларининг ташхис қўйиш ва даволаш бўйича замонавий юқори технологияли усулларни кенг қўллаган ҳолда, кенг аҳоли қатламлари, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган хизматлар кўлами ва турларини кенгайтиришни ҳар томонлама рағбатлантириш белгиланди.

Шунингдек хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббиёт ускуналари, махсус инвентар ва асбоблар билан жиҳозлаш, тиббиёт ихтисосликлари турига мос келадиган ва санитария норма ҳамда қоидалари талабларига жавоб берадиган бино ва хоналар билан таъминланиб, қулай кредит ва лизинг механизмларини фаол жалб этиш орқали хусусий тиббиёт муассасаларини молиявий қўллаб-қувватлаш кўлами ва ҳажмини тубдан ошириш, хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестициялар жалб қилишни кенгайтириш, етакчи хорижий клиника ҳамда тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда даволаш-ташхис муассасаларини ташкил этилади.

Қарорда тиббий суғурта тизимини кенг жорий этган ҳолда, аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган кафолатли бепул тиббий ёрдам билан бирга сифатли ва арзон маслаҳат-ташхис, даволаш, соғломлаштириш ва бошқа турдаги тиббий хизматлардан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратадиган пулли тиббий хизматлар бозорини жадал ривожлантириш, илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, хусусий тиббиёт соҳасида тиббий таълимнинг замонавий усул ва технологияларидан фойдаланиш асосида хусусий тиббиёт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида сифатли ва самарали тизимни шакллантириш, хусусий тиббиёт муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш белгиланган.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциациясининг хусусий тиббиёт муассасалари учун рухсат этилган ва тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, эндокринология, кардиология, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик, урология ва бошқа тиббий фаолият турларини тубдан кенгайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиб, бунда тиббий фаолиятнинг аҳолининг ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган турларидан ташқари, барча тиббиёт турлари қамраб олиниши топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат вазирлигининг 2017 йил 1 майдан соғлиқни сақлаш соҳасида кичик корхоналар ходимлари йиллик ўртача чекланган сони 100 кишигача бўлади.

Фойдаланилмаётган бинолар, объект ва хоналарни, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида тугатилаётган муассасаларнинг давлат мулки бўлган объектларини аҳолига тиббий хизматлар кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига "ноль" қиймати бўйича белгиланган тартибда сотилиши таъминланиб, янги мулкдорлар инвестиция киритиш ва ижтимоий мажбуриятларни зиммасига олиши белгиланган.

Аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ва материаллари учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциацияси билан биргаликда бир ой муддатда юқорида қайд этилган солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан Хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби ишлаб чиқилади.

Қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилади.

Шарҳлар

Ўзбекистон Эронни мағлуб этиб, Осиё кубогига йўлланмани қўлга киритди (видео)

13.09.2023, 11:02

Осиё кубоги учун саралаш ўйинлари якунланди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири. Маълум бўлишича, сўнгги 6 ўйинда рақиблари дарвозасига 25 та гол киритиб, 3 та гол  ўтказиб...
⚡️Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамкорликда ишлаб чиқарадиган автомобилларнинг нархлари эълон қилинди

24.01.2023, 10:47

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорликда 19 турдаги енгил автомобиллар, жумладан микроавтобус, пикап, седан ва бошқаларни ишлаб чиқаришни режалаштирган. Қирғизистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи 13...
Путин Ўзбекистондаги ғайритабиий совуқлар ҳақида фикр билдирди (видео)

18.01.2023, 11:45

Россия президенти Владимир Путин иқтисодий масалалар бўйича йиғилиш ўтказди ва унда Марказий Осиё мамлакатларидаги совуқлар ҳақида фикр билдирди. Россия раҳбари бош вазир Михаил Мишустиндан агросаноат мажмуасида...
Озарбайжон ва Ўзбекистон Президентлари Ичан қалъани айланишди (фото)

22.06.2022, 15:14

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Хива шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилмоқда. Кеча бўлиб ўтган музокаралар якунида давлатимиз...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1