Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 4 апрель куни давлат ташрифи билан Москвага келди. Москвадан ЎзА махсус мухбири Абу Бакир Ўрозов хабар қилади.
Икки давлат байроқлари билан безатилган “Внуково-2” аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Давлатимиз раҳбарини Россия Федерацияси ҳукумати аъзолари кутиб олди.
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.
Мамлакатимиз Президентининг давлат ташрифи чоғида икки давлат Президентларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон билан Россиянинг турли соҳалардаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган 50 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши мўлжалланган.
Ташрифнинг асосий воқеалари 5 апрелга белгиланган.