Санкт-Петербург шаҳар метросида содир этилган теракт ҳақида хабар тарқалгач, худкуш-террорчи Акбаржон Жалиловнинг оиласи ғойиб бўлган, бу ҳақда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида яшовчи Акбаржон Жалиловнинг қўшнилари маълумот берди, деб хабар қилди Tvzvezda.ru нашри.
“Жалиловлар оиласи жуда ҳам иноқ, намунали оила эди. Санкт-Петербург шаҳар метросида теракт содир этилгани ҳақида хабар тарқалгандан кейин улар, шу жумладан кичкина Аброржон ҳам бирдан ғойиб бўлди”, деб маълумот берди уларнинг қўшниси.
Қўшниларнинг айтишича Жалиловларнинг оиласида Санкт-Петербург шаҳрида яшовчи Акбаржондан ташқари, яна Аброржон исмли ўғил ҳам бўлган. Уларнинг яна бир қизи ҳам бор. Акбаржоннинг амакиси Имаджон Жалиловнинг маълумот беришича, жияни Акбаржон Жалилов динга мойил бўлмаган, шу билан бирга оиласи билан деярли мулоқот қилмаган.
Шунга қарамай, тергов қўмитаси Акбаржон Жалиловнинг ота-онасини қидириб топди ва улар жасадни таниш учун Санкт-Петербургга олиб келинди.
3 апрель куни Санкт-Петербург метрополитенида портлаш юз берди. Терактда 14 киши ҳалок бўлди, 50 нафардан ортиқ одам яраланди. Терактни амалга оширишда гумонланаётган террорчининг шахси аниқланди. У 1995 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган Акбаржон Жалилов бўлиб чиқди. Айни пайтда мазкур жиноий иш юзасидан 40 дан ортиқ одам сўроқ қилинди.






