“Нима хоҳлаётганини билмайдиган инсон топган нарсасини қадрига етмайди…”. Доно сўзлар, шундай эмасми? Дарҳақиқат, инсон эришган ютуқларига қувониши, Яратганга шукроналар айтиши учун авваламбор унда мақсад бўлиши керак. Ана ўша мақсади амалга ошсагина, ҳаётнинг нақадар ёқимли лаҳзаларга бой эканлигини англаб бораверади. Аслида, нима хоҳлаётганини тўлалигича аниқлаб олиш мураккаб. Баъзида нималарнидир ният қилиб, интиламизда, хоҳиш-истакларимиз рўёбга чиққанидан сўнг ҳақиқий мақсадимиз бу бўлмаганлигини англаб қоламиз. Ана шундай вазиятлар инсонга мақсадни тўғри қўйиш кераклигини, хоҳиш-истак бошқа-ю, ҳақиқий мақсад бошқа эканлигини ўргатади.
Кичкинтойлардан “катта бўлсанг ким бўлишни хоҳлайсан?”, деб сўрасангиз, бир куни учувчи дейишса, эртаси куни ҳарбий бўламан деган жавобни эшитасиз. Чунки уларнинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари эндигина ривожланиб келаётган, касб-ҳунар ҳақидаги тушунчалари кундан-кунга ўзгариб, сайқалланиб бораётган давр бўлади. Улар бугун телевизордаги қўшиқчига ҳавас қилиб санъаткор бўлишни хоҳласалар, эртага ўқитувчиларига меҳр қўйиб, мураббий бўлишни истаб қолишади. Бу каби ҳолатлар бола дунёқарашини ўсиб бориши ва бора-бора аниқ бир касбни танлаб, мутахассис бўлишга ҳаракат қилишлари учун замин яратади. Аммо, бугунги кунда учраб турадиган яна бир ҳолат бор-ки, унга нисбатан биз “ҳа, бу ҳам нормал ҳолат, ҳали бир кун келиб ўз мақсадини аниқлаб олади-да..” деб айта олмаймиз. Яъни, мактаб битирувчилари у ёқда турсин, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейни тамомлаш арафасида турган йигит-қизларнинг аксарияти ҳам негадир “ким бўлишни хоҳлайсан?” деган саволга аниқ жавоб бера олмай, қийналиб қолишмоқда. Ахир уларнинг ўзлари бирор касбни танлаб, унинг профессионали бўлишга ҳаракат қилмасалар, ҳеч ким уларни мажбуран малакали шифокор ёки ўқитувчи қилиб қўя олмайдику.
Айнан шу масала юзасидан бир воқеани баён этсак: “Сожида ёшлигидан илм олишга меҳр қўйган, тиришқоқ ўқувчи бўлиб келган. Барча фанлардан аъло баҳолар олиб, синфнинг уддабурон ўқувчиларидан бири дея эътироф этиладиган Сожида битирувчи синф бўлса ҳамки нима учундир аниқ бир соҳани танлай олмай аросатда қийналиб қолди. Ота-онаси “ўз кўнглингга қара, қайси соҳада келажагингни тасаввур қилсанг ана шуни танла”, деб маслаҳат беришларига қарамасдан қизча шифокорлик ёки ҳуқуқшунослик касбларидан бирини танлай олмай иккиланмоқда. Мактабни битиргач, бир қарорга келдим дея ҳуқуқшунослик соҳасига оид коллежга кирди, аммо бу соҳа ҳам унда қизиқиш уйғота олмаётганидан нолигани-нолиган. Ота-она ҳам ҳайрон, негаки фарзандлари олий таълим соҳасига қадам қўядиган вақти ҳам тобора яқинлашиб бормоқда, Сожида эса ҳали ҳам ўзидан қандай касб эгаси чиқишини билмай, боши қотган .”
Бугунги кунда кўп учраб турадиган воқеалардан бири, шундай эмасми? Ушбу масаланинг бир неча жиҳатлари борки, уларни бирма-бир таҳлил этиб кўрмоқ лозим. Биринчидан, Сожида ёшлигидан илмга меҳр қўйган дея эътироф этилганига қарамасдан, у фанларни ўзлаштиришга дангасалик қилаётгани учун ҳам айнан қайси соҳани танлашни билмай иккиланаётган бўлиши мумкин. Ёки, ҳар кимдан турли маслаҳат эшитаверганидан сўнг янада мушкул танловга тушиб қолган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундай вазиятда энг тўғри йўл - бола қизиқаётган бир неча касбларнинг ўз мутахассислари билан фарзандини суҳбатлаштириш, фикр алмашиш ва тўғри йўлни кўрсата билишдир.
Ҳаётда қандай инсонлар энг кўп қийналишади биласизми? Аниқ мақсадни ўзи учун белгилаб олмаган, қалби нима хоҳлашини тушунмайдиган, фақатгина бугунини ўйлаб яшайдиган ва эртанги кунини тасаввур қила олмайдиганлар, фойдали, керакли иш қилишни хоҳлайди-ю, аммо нима қилишни билмайдиганлар қийналишади, азоб чекишади. Негаки, мақсадимиз бор экан биз эртанги кунга интиламиз, умид қиламиз, ҳаракат қилишда давом этамиз.
Инсониятга бериладиган бир маротабалик ҳаётни қандай ўтказиш кўп жиҳатлардан у танлаган йўлга, яъни ҳунарига, касбига бориб тақалади. Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашиш ҳар бир ота-онадан, фарзанд, умуман жамиятдан талаб этилади.
ЎзДЖТУ талабаси Комила ИГАМБEРДИЕВА






