АсосийShou-biznes

​Сардор Мамадалиев Охунжон Мадалиевнинг қўшиғи сўзларини бузиб куйлаганликда айбланди

'​Сардор Мамадалиев Охунжон Мадалиевнинг қўшиғи сўзларини бузиб куйлаганликда айбланди'ning rasmi

“Даракчи” газетаси таҳририятига электрон почта орқали Фарғона политехника институти Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, шоир Равшан Мадумаров (Нурсух)дан эътироз хати келди. Мактубда ёзилишича, хонанда Сардор ­Мамадалиев шоирнинг шеърини ўзгартириб куйлаган экан. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида шоир билан боғландик...

— Хатингизда “Яқинда қўшиқчи Сардор Мамадалиев томонидан яна бир янги “совға” бўлди, яъни Охунжон Мадалиев­нинг “мадҳия”сига айланган, менинг қаламимга мансуб, “Унутмоқ осонмас бизларни” қўшиғи сўзлари бузиб куйланди. Бу каби қилиқлар унинг учун ўзини танитишнинг йўли. Лекин бу йўлнинг нотўғрилигини ўзи қанча эрта англаб етса, шунча яхши бўлар эди”, — деб ёзган экансиз. Шеърнинг айнан қаерини ўзгартирган?

— Устоз санъаткорлар куйлаган жуда кўп қўшиқларни бузиб, яъни бошқа куйга солиб ўз талқинида куйлаяпти. Бунга унинг ҳаққи йўқ. Айнан “Унутмоқ осонмас бизларни” шеъримни ҳам бутунлай ўзгартириб, мусиқасинигина сақлаб қолган ҳолда куйлади. Асабим бузилгани учун Сардор куйлаган қўшиқни эшитмадим.

— Унда ўзгартирганини қаердан билдингиз?!

— Эшитдим, фақат сўзлари ёдимда қолмади.

— Унинг талқинидаги қўшиқни эшитгач, Сардор билан боғланиб масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдингизми?

— Йўқ, боғланмадим. Ёш бола билан масалага ойдинлик киритиб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим. Ҳатто сизларга хат ёзишдан аввал ҳам роса ўйладим... Устоз санъаткорлар куйлаган, халқнинг дилидан жой олган қўшиқларни бузиб, ўз талқинида куйлайвериш бу — хато. Масалан, Россия­да Алла Пугачёва, Филипп Киркоровнинг қўшиғини биров бузиб куйлаб кўрсин-чи, нима бўларкин? Нега энди бизнинг ёш хонандалар бунга журъат қилиши керак? Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг бир қўшиғида шундай жумлалар бор: “Бировнинг қўшиғи билан обрў топгунча, ботқоқда қурбақа бўлиб сайраган маъқул”. Ушбу мисранинг нақадар тўғрилигига бугун янада амин бўлдим. Наҳотки бундай бузғунчиларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаса?

Иккинчи томоннинг ҳам фикрини билиш учун хонанда Сардор Мамадалиевнинг фикри билан қизиқдик.

— Сардор ака, “Унутмоқ осонмас бизларни” шеър муаллифи устингиздан шикоят қилиб, таҳририятимизга мурожаат қилди. Шоирнинг айтишича, шеърининг сўзларини ўзгартириб куйлабсиз?

— “Унутмоқ осонмас сизларни” шеърини икки йил аввал андижонлик шоир Омадбек Вафо юборганди. Мавриди бўлгани учун ўтганларни хотирлаш мақсадида шу шеърни қўшиқ қилдим. Билишимча, Омад Вафо устоз санъаткоримиз куйлаган қўшиқдан илҳомланиб, мухаммас ёзган. Назаримда, бу шеърни бузишмас, шоирга бўлган ҳурмат-ку?! Мавжуд шеърдан яна бир шеър “туғилгани”, ўтганларни хотирлаш учун яна бир янги қўшиқ ёзилгани қувонарли ҳол-ку. Ижодкорларга бир-бирининг ортидан бундай шикоят, норозилик билдириб юриш ярашмайди. Яхшиликни тарғибот қиладиган соҳа вакилларидан биримиз. Аксинча, шоиримиз Равшан Нурсух биз билан ҳамкорлик қилсинлар, ҳамкорликда янги қўшиқлар ёзайлик.

Охунжон Мадалиев ижросида куйланган шоир Равшан Нурсухнинг 1992 йилда ёзилган шеъри:

“УНУТМОҚ ОСОНМАС БИЗЛАРНИ”

Сояман ортингдан эргашган,

Ёстиқман тунлари дардлашган,

Тушингман ўнгингга алмашган,

Унутмоқ осонмас бизларни.

Юракка ўқ санчган камонман,

Юзингга ранг сочган сомонман,

Ёмонман, мен ўша ёмонман,

Унутмоқ осонмас бизларни.

Афсусман эгилган бошларда,

Тим қаро, уюлган қошларда,

Армонман кўздаги ёшларда,

Унутмоқ осонмас бизларни.

Қалбингни тарк этса вафолар,

Ўрнини эгаллар жафолар,

Бу дардга йўқ эрур даволар,

Унутмоқ осонмас бизларни.

Сояман ортингдан эргашган...

Сардор Мамадалиев ижро этган вариант:


“УНУТМОҚ ОСОНМАС СИЗЛАРНИ”

Соясиз булутга эргашган,

Сизларга яхшилик эргашган,

Соясиз булутга тирмашган,

Сизларга яхшилик эргашган.

Ёдингиз дилларга жойлашган,

Унутмоқ осонмас сизларни.

Сиз йўқсиз қалбимда яролар,

Айтинг бу дардни ким даволар.

Шукр бор сиз айтган наволар,

Унутмоқ осонмас сизларни.

Афсусдан эгилди бошлар ҳам,

Соғиниб уюлди қошлар ҳам,

Фироқдан денгиздир ёшлар ҳам,

Унутмоқ осонмас сизларни.

Бу дунё ўткинчи бевафо,

Сиз шоир, сиз ҳофиз, сиз даҳо

Ушбу дам қалбимда бир видо,

Унутмоқ осонмас сизларни.

Шу ўринда шоир йигит Омад Вафо билан ҳам боғланишни лозим топдик.

— 2014 йил устоз санъаткор Охунжон Мадалиевнинг “Унутмоқ осонмас бизларни” қўшиғидан илҳомланиб, қолаверса, ўтганларни хотирлаш мақсадида “Унутмоқ осонмас сизларни” номли мухаммас ёзгандим. Хонанда Сардор Мамадалиевни ижодига бефарқ бўлмаганим ва у Охунжон Мадалиевнинг қўшиқларини ҳам куйлагани учун шеъримга беэътибор бўлмаса керак, деган ўйда хонандага бергандим.

— “Унутмоқ осонмас бизларни” қўшиғи шеър муаллифини бу ҳақда огоҳ­лан­тир­ганмидингиз?

— Рости, шоиримизнинг исм-фамилиясини билмайман, қўшиқни эшитиб, яхши ниятда ёзгандим, ҳаваскор шоирман. Ранжиши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаганди. У киши билан боғланиб, шахсан ўзим узр сўраб қўяман.

Эслатиб ўтамиз, мухаммас сўзи араб тилидан таржима қилинганда, бешлик ёки ҳар банди беш мисрадан иборат шеърий асар дегани. Масалан, Огаҳий Навоий ғазалларига кўплаб мухаммаслар боғлаган. Мазкур икки шеърга нисбатан ғазал ва мухаммас атамаларини қўллаш ноўрин. Балки назира дейилса тўғрироқ бўлар?

Кейинги вақтларда шу каби эътирозлар кўпайса кўпаяптики, камайгани йўқ. Ҳарқалай ижодкорлар шеър ва мусиқа муаллифларига эътиборлироқ бўлсалар яхши бўларди. Албатта, “назира” ёзилгани яхши, лекин ижод намунасини мухлисларга тақдим этаётганда асл муаллиф ҳам кўрсатилса — олам гулистон.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Бошқа янгиликлар