АсосийJamiyat

​Тошкентда II Жаҳон уруши қатнашчиларига автомобиллар топширилди

'​Тошкентда II Жаҳон уруши қатнашчиларига автомобиллар топширилди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Фармонда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини рағбатлантириш мақсадида “GM Uzbekistan” АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган енгил автомобилларни бир марталик навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш ҳамда харид қилинган автомобилларга биринчи ва иккинчи техник хизматни бепул кўрсатиш бўйича муддатли имтиёзлар бериш белгиланган.

Бир неча кун аввал Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган 300 нафарга яқин Иккинчи жаҳон урушининг қатнашчилари бўлган фахрийларга енгил автомобилларни имтиёзли харид қилишга оид сертификатлар тантанали равишда топширилган эди.

Шу кунларда Президент Фармонига асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни имтиёзли харид қилиш истагини билдирган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тегишли автомобиллар тантанали равишда топширилиб келинмоқда.

Жумладан, 2017 йил 17 апрелда меҳнат ва уруш фахрийлари - Учтепа тумани, Бешқайроғоч кўчаси, 55/1 уйда истиқомат қилиб келаётган 94 ёшли Ҳикмат ота Убайдуллаевга “Дамас”, Шайхонтоҳур тумани, Улуғбек кўчаси, 65 уйда истиқомат қилувчи 98 ёшли Камол ота Туроповга “Лассети”, 2017 йил 18 апрелда Яккасарой тумани, Ҳ.Сулаймонов кўчаси, 1а уйда истиқомат қилувчи 92 ёшли Назар Степанович Назарьянга “Лассети”, Шайхонтоҳур тумани,М.Қориёқубов 2-тор кўчаси, 3 уйда истиқомат қилувчи 93 ёшли Абдувоҳид ота Тўлагановга “Дамас” русумли енгил автомобиллар тантанали равишда топширилди.

- Оғир жанглар бошимдан ўтди. Урушга борганимда ўн олти ёшда эдим. Ўсмирлигим урушда ўтди, - деди биз суҳбатда имтиёзли равишда “Лассети” русумли енгил автомобилга сазовар бўлган яккасаройлик Назар Степанович Назарьян,- 1-Белоруссия фронтида десант қисмида бўлганман. Ўша даврдаги даҳшатли кунларни эсласам ҳали ҳам ларзага келаман. Шундай замонларга етказганингга шукр дейман. Фарзандларимиз омон бўлсин. Тинчлик қадрига бориш керак, уни авайлаб асраш керак. Давлатимдан минг-минг розиман.

Иккинчи жаҳон урушининг қатнашчилари бўлган фахрийларга имтиёзли енгил автомобиллар топшириш маросимида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, туман ҳокимлари, “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар Кенгаши ва “Маҳалла” харйия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими раҳбарлари, “Камолот” ЁИҲ етакчилари ҳамда маҳалла раислари иштирок этмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар