— 56 ёшдаман. Қизимни турмушга чиқарганимга ўн йил бўлди. Учта фарзанди бор. Қайнотаси беш-олти йил аввал қазо қилди. Қайнонаси боламга мендан ҳам меҳрибон ва ғамхўрлигидан хотиржам эдим. Кенжа ўғилга бадавлатроқ хонадондан келин тушириб, қудам ўзгарди-қолди. Тавба одамзот ҳам шунчалик ўзгарадими? Уч боласи билан қизимни ҳайдаб солиб, «Одамшаванда, тагли-тугли хонадон билан қуда бўламан» деб қолди. Куёвимиз эса ақлли фаросатли йигит бўлгани учун ҳам отаси билан келишиб, қизимизни болалари билан алдаб-сулдаб уйига олиб бориб қўйдик. Орадан ой ўтмаёқ, яна ҳайдади. Энди бу гал куёвнинг ўзи олиб кетди. Учинчи гал ҳам шу ҳол такрорланди. Қизим энди бормайман, деб туриб олган…
Мунавварахон, Тошкент вилояти Паркент тумани
— Қуда хола ҳам бор бўлсинлар. Хафа бўлманг, синглим. Энг асосийси, икки ёш бир-бирини ҳурмат қилар, севар экан, ҳеч ким ўртага раҳна сололмайди. Шу муносабатни янада мустаҳкамлаш керак. Куёв ақлли бўлса, демак, марра сизники. У кишига онасини сира ёмонламаслик керак. Аксинча, «Болам, қудам жуда яхши инсон, набираларни етим қилмайди. Фақат сизларни тарбиялаш, келинни сал "чўчитиб қўйиш" учун ҳам шунақа деб ҳазиллашаяптилар» дейиш керак. Кўнгил қурғур нималарни истамайди, дейсиз. Хом сут эмган бандамиз-да. Ҳамма бир хил бўлмайди-ку, ахир. Биз айрим аёлларнинг танглайимизни мол-мулк, пул билан кўтаришган чоғи. Баъзида босар-тусаримизни билмай қоламиз. Кўзимизга ҳеч нарса, ҳатто набираларимиз ҳам кўринмайди гоҳо. Ўйлаб қарасангиз, энди бизу сизга мол-дунёнинг ҳеч кераклик жойи йўқ. Иймону инсофимиздан айирмасин, илоё. Баъзида биз — катталар ҳам мана шундай тарбияга муҳтожмиз… Оилани сақлаб қолиш учун сиз ҳаракат қилинг. Ҳозир "бургага истеҳзо қилиб, кўрпани куйдириш"дан сақланиш керак. Ёшларга бу ҳолатни тўғри тушунтириб, оила муқаддаслигини таъкидлаб туриб, онани ҳам эъзозлаш кераклигини уқтириб турсангиз ютқизмайсиз.