Фарғона вилояти Ёзёвон туманида 46 ёшли эркак А.В. 77 ёшли кекса киши А.А. ни жамоат жойида дўппослаб, тан жароҳати етказгани учун суд томонидан 17 миллион сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, иккала шахс ҳам қариндош бўлиб, А.В. маст ҳолда А.А. ни бозорда учратиб қолган. Суҳбат давомида А.А. “Хотинингни бир ўзини умра зиёратига жўнатдингми?”, деб сўрайди. Бу савол эса А.В.нинг жаҳлини чиқариб, қарияни дўппослашига сабаб бўлади.
“Суд қарорига кўра, А.В.га 17 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди. Мажбурий ижро бюроси Ёзёвон туман бўлимига келиб тушган ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочилари А.В. билан кўплаб тушунтириш ишларини олиб борди. А.В. аввалига жаримани тўлашдан бош тортиб, “қарияга дори-дармон олиб бергани”ни баҳона қилди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, давлат ижрочиларининг қатъий ҳаракатлари натижасида А.В. жорий йилнинг йил 24 апрель куни жаримани тўлиқ тўлаган ва ижро ҳужжати амалда тамомланган.