Худойназар, 41 ёш, Хоразм:
— Катта қизим яқинда ўн беш ёшга киради. У биринчи оиламдан. Онаси билан ажрашишга мажбур бўлганман. Тўғрироғи, у кетган. Ҳаммасига ўзи айбдор бўлган. Мен хизмат сафари билан кўп юрардим. Йўқлигимда бир эркак билан танишибди. Сезган заҳотим талоқ айтдим. Унинг ва ўзимнинг юзим ерга қарамаслиги учун «бир-биримизни тушунмаймиз», деб ажрашдик. Аммо унга қизимни бергим келмади. Чунки болагинам нақ ўзим. Эртага ўша она қўлида бўлса, тарбияси қандай бўлади, деб ўйладим. Ўгай отаси сиғдирадими, йўқми? Хўрланса, ота меҳрига зор бўлса, мендан нафратланмайдими, дея кўп ўйладим.
— Қизим мен билан қолади. Хоҳлаган вақтингда келиб кўришинг мумкин, — дедим онасига.
У рози бўлди. Кейин ўша топиб олгани билан кетди.
Вақт ўтиб мен ҳам уйландим. Минг шукр, иккинчи рафиқам яхши. Бирор марта мени норози қилмаган. Қизимни ҳам ўкситмади. Назаримда, қизим яқин-яқингача онаси ўгайлигини билмасди. Аммо барибир элнинг оғзига элак тутиб бўлмаскан.
— Менинг онам бошқами? — дея савол берганида қотиб қолгандим. Ҳаммасини айтиб бердим. Фақат онасининг хиёнатини яширдим. «Феълимиз тўғри келмаган», дедим.
— Онам мени олиб кетишни истамаганми? Одатда оналар боласини бермайди-ку, — деди ақлли қизим.
— Мен бермаганман сени. Ўзимга ўхшаганинг учун жуда яхши кўраман. Яна тўнғичимсан, — дедим.
Энди эса қизимнинг саволлари кўпайган:
— Нега онам мени бир марта бўлса ҳам кўргани келмайди? Қаерда у? Кўришсам нима қилади?
Бу саволларга қандай жавоб беришни билмайман. Унинг нозик қалбини жароҳатлашни истамайман. У эса борган сари онаси билан учрашишни истаяпти. Мен эса ростдан ҳам онаси қаерда эканлигини билмайман. Очиғи, уларни учраштиргим келмайди. Нима қилай?
Маслаҳат: — Укажоним, жуда тушунган, олижаноб инсон экансиз. Қани, ҳамма ота сизга ўхшаса. Очиғи, муаммонгиз мени анча ўйлантириб қўйди. Чунки қизингиз «ўтиш» даврида экан. Бу пайтда улар қизиққон бўлади. Шунинг учун суҳбатларда эҳтиёт бўлинг. Қизингизни онаси билан учраштирманг, дея олмайман. Алданг ҳам демайман. Чунки биз ўзимиз болаларимизга «ёлғон гапирма», деб кўп танбеҳ берамиз. Нега онаси билан учраштиришни истамаётганингизни ҳам тушунаман. Яхшиси, аввал ўша аёлни топинг. Қандай вазиятда яшаётганини билинг. Ана ундан сўнг қизингизни учраштирсангиз бўлади. Учраштиришдан олдин эса қизингизга ҳаммасини айтиб беринг. Ҳақиқатни ўзгалардан эмас, сиздан билгани яхшироқ.