2015 йил 6 ноябрда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Испаниянинг “PATENTES TALGO, S.L.U” компанияси ўртасида яна 2 юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд харид қилиш бўйича шартнома имзоланган эди. Шартномага мувофиқ, ушбу замонавий электропоездларнинг иккинчиси ҳам юртимизга олиб келинди, дея хабар беради компания ахборот хизмати.
Янги замонавий электропоезд 287 йўловчига мўлжалланган. Унда эконом тоифали вагонлар сони 2011 йилда олиб келинган “Афросиёб”га қараганда 2 тага кўп. Бу бир вақтнинг ўзида қўшимча 72 йўловчини ўз манзилига етказиш имкони демакдир.
Жорий йилнинг март ойида мамлакатимизга олиб келинган юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоезди бугунги кунда Тошкент-Бухоро-Тошкент йўналишида мунтазам қатновини амалга ошириб йўловчиларга хизмат қилмоқда.
Ҳозирги кунда замонавий “Афросиёб” электропоездларининг янги ҳаракат жадвали ишлаб чиқилмоқда. Мақсад йўловчиларга қулайликлар яратиб, сифатли хизмат кўсатиш ҳамда уларнинг хафсизлигини таъминлаган ҳолда ўз манзилларига қисқа вақтда етказишдан иборат.