1

​Ботир Зокиров “Эсда қолур бахтиёр кунлар” ёхуд 48 йиллик умрнинг асрга татигулик мазмуни

ЖАМИЯТ 26.04.2017, 16:17
Теглар: Хонанда
​Ботир Зокиров “Эсда қолур бахтиёр кунлар” ёхуд 48 йиллик умрнинг асрга татигулик мазмуни

26 апрель. Ўзбек санъатида янги босқич — эстрада жанрини очиб берган, серқирра ижодкор, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳаёт бўлганида 81 ёшга тўлган бўлар эди. Шу муносабат билан устазода санъаткорнинг ҳаёт ва ижодидаги биз билмаган қирралари билан қизиқиб, мақола тайёрлашни лозим топдик...

Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокиров акаси Ботир Зокиров ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди.


МУСИҚАНИ ТАШЛАШГА МАЖБУР БЎЛГАН...

— Зокировлар сулоласининг оиласида дунёга келганим бу — бахт. Отам опера хонандаси — баритон, Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокиров Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта теат­рида фаолият юритган. Онам Шоиста Саидова миллий қўшиқлар ижрочиси сифатида машҳур бўлган қўшиқчилардан эди. Кейинчалик Муқимий номидаги Ўзбек Давлат мусиқали драма театрининг солисти бўлган. 1936 йили ёш хонандалар гуруҳини Москва Консерваториясига ўқишга юборишган. Ўша ерда, аниқроғи 1936 йилнинг 26 апрелида Ботир Зокиров дунёга келган. Оилада 5 ўғил, 1 қизмиз. Меҳмондўст оилада дунёга келганмиз, хонадонимизда доим ижодий муҳит ҳукмрон эди, ўз даврининг етук санъаткорларининг қадами узилмасди. Болалигимизда отамнинг тез-тез Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрига олиб бориши анъанага айланганди. Ботир акам Италия операсига ошиқ бўлган, кўпгина арияларни ёддан биларди. Онам эса бизни Муқимий номидаги Ўзбек Давлат мусиқали драма театрига олиб борарди. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” каби миллий асарларимизни кўриб улғайганмиз. Ботир акамнинг ижодининг пойдевори “Лайли ва Мажнун” асари асосига қурилганди, ҳатто ўзини Мажнундек ҳис қиларди. Қисқаси, болаликдан ижод билан “касалланганмиз”, десам муболаға бўлмайди. Хонадонимизга меҳмон келса, Ботир акам кичик концертлар, операдан қисқа чиқишлар қўйиб берарди. Биринчи томошабини албатта, Ўзбекистон халқ артистлари Тамара Хоним, Ҳалима Носирова, Назира Аҳмедова, Лутфияхоним Саримсоқова, Тўхтасин Жалилов, Мукаррама Турғунбоева, Шукур Бурҳонов, Дони Зокиров каби забардаст санъаткорлар бўларди. Бошқа ака-укаларга нисбатан қизиқувчан бўлганим боис ҳеч бир ижодий мулоқотни ўтказиб юбормасдим. Бу албатта, ёқимли жараён эди. Ёдимда, Ботир акам тинимсиз даволаниш, дам олиш учун Ялтадаги санаторийга юбориларди. Ёш бола бўлишимга қарамай, ота-онамнинг безовталигидан катта акамнинг жиддий хасталикка чалинганини фаҳмлардим. Бироқ буни фожиадек қабул қилмаслик учун ўзларини ҳеч нима бўлмагандек, қувноқ тутишга уринишарди. Ботир акам ҳар борада пешқадам, ҳазил-мутойибага мойил, қувноқ эди, — дейди Фаррух Зокиров ўз хотира “китоб”ини варақлаб.


Ботир Зокиров ҳозирги Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг тайёрлов гуруҳига қатнаган. Бироқ сил касаллигига чалингани маълум бўлгач, хонанда мусиқани ташлашига тўғри келади. Сўнг Ботир Зокиров ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият инс­титутининг режиссура факультетида ўқишни давом эттиради. Вақт ўтиб, оғир хасталигига қарамай, қўшиқ куйлашни давом эттиради. Ва 1956 йили “Ёшлик” ансамблида иштирок эта бошлайди. Унинг ижросидаги араб бастакори Фарид аль-Атрашнинг “Араб танго”си кўпгина давлатлардаги мухлислар тилига тушган ва бу қўшиқ Ботир Зокировнинг “ташриф қоғози”га айланган. Шу тариқа хонанда 23 ёшида машҳурликка эришган. 1950-йиллар Ботир Зокиров турли жанрлар — опера ариялари, ўзбек халқ қўшиқлари, хорижий “шлягер”ларни куйловчи машҳур хонанда сифатида тилга тушади. Чунки ижодкор озарбойжон, эрон, афғон, турк, ҳинд, грек, итальян, испан, француз қўшиқларини миллат тилларида соф куйларди.


“ОНАМГА АКАМНИНГ УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛАРДИМ”

1958 йили Ботир Зокиров профессионал эстрада оркестри тузиш ҳақида бош қотиради. У нимага қўл урмасин, доим охирига етказмай қўймаган. Оркестр Александр Двоскин раҳбарлигидаги эстрада ансамбли асосига қурилганди. Биринчи бадиий раҳбар Шариф Рамазонов, дирижёр Александр Двоскин бўлди. Сўнг Ботир Зокировнинг ташаббуси билан Тошкентга машҳур бастакор Ян Френкель чақиртирилган. Ва у эстрада оркестрининг мусиқа раҳбари, қўшиқлар сайқалловчисига айланган. Ботир Зокиров эстрада оркестрида яккахон хонанда эди. “Онамга “Нега акам мени оркестрига ишга олмайди?”, деб шикоят қилардим. Катта акам айниқса қариндошларига нисбатан жуда талабчан эди. Доим “Оркестрда куйлаш учун профессионал даражадаги билим керак. Бунинг учун аввал ўқиш зарур”, дерди. Очиғи, ўша вақтда Ботир акамдан хафа бўлганман. Лекин тўғри йўл тутганига кейин амин бўлдим. Мен, укаларим Жамшид ва Равшан Зокировлар санъатда озми-кўпми ютуққа эришган бўлсак, бари бош танқидчи ҳамда маслахатгўйимиз Ботир акамнинг талабчанлиги, танбеҳлари сабаб.

Ёш ижодкор сифатида ҳавас билан куй басталай бошлаганман. Албатта илк уринишларим кўнгилдагидек чиқмаган. Акам “Изланишда давом эт”, дерди. 1970 йил “Мажнунтол” қўшиғини басталаганимдан бир йил ўтиб, истеъдодли хонанда Ботир Зокиров “Ука, шу қўшиғингни куйласам майлими?” деб рухсат сўраганида бошим осмонга етган. Боиси бу - акамнинг камтарона ижодимга берган юксак эътирофи эди. Ўша вақтдаги севинчимни сўз билан ифода этиб беролмайман. Шу сабаб ҳам бу қўшиқ мен учун қадрли.

Ҳозирги Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг хор-дирижёрлиги факультетида ўқиганим боис йўлланма билан Москва Консерваториясига бордим. У ерда вокал йўналишигина бор эди. Шунда Ботир акамнинг “Бу йўналишга ҳужжат топширсанг, жиддий тайёргарлик кўришинг керак. Ўйлаб кўр!” деган маслаҳати ва “Овоз имкониятим тўғри келмайди”, деган қўрқув ҳисси билан Тошкентга қайтганман. Отам “Эҳ, бирортанг бошқа касбни танламадингларда. Фаррух, сендан яхши жарроҳ чиқарди”, дерди. Санъаткор бўлиш осон эмаслигини назарда тутиб, шундай фикрлаганини кейин тушунганман. Чунки қайси касбда бўлмасин ўртамиёналикни ёқтирмасди”, дейди Фаррух Зокиров.


“ОЛИМПИЯ”НИ ЗАБТ ЭТГАН ЯГОНА ЎЗБЕК САНЪАТКОРИ

1965 йили Ўзбекистон халқ артисти унвонига эга бўлгач, яна концертларда иштирок этишни бошлайди. “1966 йили Москвадаги мюзик-холл асосчиси Конников Ботир Зокиров, Муслим Магомаев, Галина Мирошниченко ва Николай Сличенкони Францияга гастролга таклиф этди. Мазкур фестиваль учун Москвада жуда жиддий тайёргарлик кўрилди. Омадим келиб, бу жараённинг барига шоҳид бўлганман. Конников ёш Муслим Магомаевга умид билдирганди. Бироқ омманинг назари Ботир Зокировга қаратилади. Ботир Зокиров “Ёр, кел” қўшиғини француз тилида куйлаганида акамга “ўзбек Шарль Азнавури”, дея ном беришади. Акам олиб келган француз матбуотида “Ботир Зокиров Шарль Азнавурдан фарқли ўлароқ микрофондан узоқроқ туриб куйлади. Йўқса, хонанданинг овозига микрофон дош беролмай, ёрилиб кетган бўларди”, деб ёзишганди”, дейди хонанданинг укаси Фаррух Зокиров.

Шу тариқа хонанда Париждаги дунё “юлдуз”ларини чиқишларига гувоҳ бўлган энг нуфузли “Олимпия” концерт залини забт этган ягона ўзбек санъаткори бўлди. Француз оммаси ўзбек “булбул”ини тик туриб олқишлашган.

ВЫСОЦКИЙ ВА ЗОКИРОВНИНГ ДЎСТЛИГИ

Ботир Зокиров ташаббуси билан 1972 йил Тошкентда шарқ фольклори ва замонавий эстрадани уйғунлаштирган мюзик-холл йўлга қўйилган. Икки ойда Ботир Зокиров томонидан дастур ишлаб чиқилади. Хонанданинг эскизи асосида бош қаҳрамонларнинг либослари тикилади. "Айни шу вақтда акамнинг дўсти Владимир Высоцкий муз саройида концерт бергани келган. Шунда акам дўстига "Ҳамма томошабинни олиб қўйдингиз-ку", деб ҳазиллашганида, "Концертимдан сўнг сизнинг дастурингизда ҳам иштирок этаман", деган. Ва сўзининг устидан чиққан. Володя Тошкентга келганида доим Ботир Зокировнинг уйида меҳмон бўлган. Моддий муаммолар боис гуруҳ тарқатилади. Шунда ­“Ботир ака, ташкилий ишлар сизни толиқтириб қўйди. Ижодий имконият­ларимизни бирлаштириб, бирга ишласак ва “Ялла” ансамблига янги ҳаёт бахш этсак”, деган таклифни берганимда ўйлаб кўриб рози бўлди. Ва гастроллар, оиладан деярли ортмайдиган ака-ука янада бир-биримизга яқинлашдик. Катта акамнинг тажрибаси, маҳорати ижодимиздаги янги “саҳифа”ни очди”.


“ОХИРГИ ДАҚИҚАЛАРДА ЁНИДА БЎЛОЛМАДИМ”

— Ижодимиз изга туша бошлаганида, 1984 йилнинг охирларида маслаҳатгўйимиз Ботир акамнинг соғлиги кескин равишда оғирлашди. Шифокорлар жигар циррозининг охирги босқичи, дея ташхис қўйишади. Бу гал даволаниш самара бермади. Тошкентнинг юбилейига бағишланган концертда шифокорлар назорати билан бўлса-да, саҳнага чиққан. Иродаси метиндек эди. Шифохонада оғир аҳволда ётганида “Водиллик келин” фильми учун жиянимиз Наргиз Зокирова “Не забывай” қўшиғини куйлаганди. Луиза опам “Ака, эшитиб кўрингчи”, деб қулоқчинни Ботир акамга тутди. Кўзини юмиб охиригача эшитди-да, кўзи ёшланиб “Луиза, эътибор қилинса, қизинг истеъдодли санъат­кор бўлади”, деб оқ фотиҳа берганди.

Ёдимда, Ботир акам шифохонада ётганида “Гастролларингга боравер, ҳаммаси зўр бўлади!”, деб дадил гапирганига ишониб, ижодий сафарга кетганимдан афсус қиламан. Катта акам Жамшид ака ва келинойим Галина опани қўлида жон берган. Охирги дақиқаларда ёнида бўлолмаганим армон бўлиб қолди...

Ботир акамнинг вафотидан сўнг кундалигидан сўнгги ёзган “Лейли” шеъри чиқиб қолди. Бир йил кўнглимдагидек қилиб ёзолмай, “Акам қабул қилган бўлармиди?” деган савол билан юрдим. Кунларнинг бирида кутилмаганда илҳом келиб, бир лаҳзада ёзгандим. Ботир Зокиров ижодий “виждон”им, десам янглишмайман”, — дейди аччиқ хотираларни ёд олиб Фаррух Зокиров.


Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров 1985 йилнинг 23 январида Тошкентдаги шифохонада жон беради. 2000 йил эса Буюк хизматлари учун ордени билан тақдирланган.

Ботир Зокиров ҳақида сўз кетганида “Инсоннинг қанча умр кўргани эмас, қанча амал бажаргани муҳим”, деган фикр ёдимга тушаверади. Серқирра ва бетакрор истеъдод эгаси Ботир Зокиров 48 йиллик қисқа умри давомида ўзбек санъатида катта бурилиш ясаб, номини абадиятга муҳрлай олди. Хонанданинг “Араб тангоси”, “Қайдасан, азизим?”, “Раъно”, “Хаёлимда бўлдинг узун кун” ва бошқа қўшиқлари ўлмас ижод намунаси бўлиб қолаверади. Ҳеч ким беназир эмас, бироқ бетакрорлар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди!

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Шарҳлар

Машҳур хонанда 61 ёшида вафот этди

10.12.2019, 20:06

 Таниқли швед гуруҳи — «Roxette» солисти Мари Фредрикссон 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Швеция ОАВларига асосланиб хабар берилди.Dagens Nyheter нашрининг ёзишича, хонанда узоқ йиллар давомида саратон хасталигига...
ФАРРУҲ ЗОКИРОВДАН ТАНҚИД ЭШИТГАН ВА ТОҲИР СОДИҚОВ ДУЭТ КУЙЛАШДАН БОШ ТОРТГАН УМИДАХОН

11.08.2017, 16:04

"Даракчи" газетасидаги "10 қалтис савол" лойиҳасининг галдаги меҳмони профессионалмусиқий билимга эга хонанда УМИДАХОН... 1. “Умр ўтар”, “Юлдузимсан”, “Сендадур кўнглим” ва “Йўлимдан қоч”, “Сериал”, “Сафсата” қўшиқлари....
​ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ МАДАНИЯТ ВАЗИРЛИГИДАГИ БИРИНЧИ ИШ КУНИ ҚАНДАЙ ЎТГАНИНИ СЎЗЛАБ БЕРДИ

11.08.2017, 13:51

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков журналист Жасур Ҳамроев билан суҳбатда маданият вазиринингбиринчи ўринбосари сифатидагибиринчи иш куни қандай ўтгани ҳамда эндиликда ижодини давом эттириши...
​ВИА "МАРОҚАНД"ЧИ АБДУРАШИД УЙЛАНДИ(ФОТО)

08.08.2017, 10:55

7 август куни ўзбек шоу-бизнесининг икки вакили оила қурди. Пойтахтдаги "Осиё гранд" ресторанида Шоҳруҳхоннинг укаси, актёр Муҳаммадали ва Иродахоннинг висол оқшоми бўлиб ўтди. Шу куни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1