“Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” халқаро конгресси ўз ишида давом этмоқда.
Тадбирда 40 дан ортиқ мамлакатдан 140 дан ортиқ чет эллик олимлар, эксперт, дипломат ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек 50 дан ортиқ юртимиз илм-фани вакиллари ҳамда 50 дан ортиқ Ўзбекистон ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этиб лойиҳа ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишмоқда.
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори:
— Конгрессимиз «Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида» кенг қамровли халқаро лойиҳанинг ўн жилди чоп этилишига мўлжалланди. Бу лойиҳанинг камтарона номи замирида Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи ўрин олган. Кўп асрлар давомида бизнинг аждодларимиз томонидан Ўзбекистон шаҳарларида яратилган санъат буюмлари, ҳунармандчилик намуналари, айниқса археология артефактлари турли йўллар билан дунёнинг бошқа мамлакатларига бориб қолган. Ҳозирги вақтда улар дунёнинг энг яхши коллекцияларида муносиб ўрин эгаллади. Улар тарихимиз, машҳур санъатимизни бутун дунёга тақдим этишимизнинг ўзига хос шакли бўлиб қолди. Муҳими, бундай лойиҳалар аждодларимиз санъати ва маҳорати учун чин дилдан ифтихор туйғуларини уйғотади, ўз маданиятимизга ҳурматни шакллантирамиз, дунё тамаддунига қўшган муносиб улушимизни теран ҳис қиламиз.