АсосийJamiyat

​“Аёллар маслаҳат марказ”лари ёрдамида 35 та суиқасд холатларини олди олишга эришилди

'​“Аёллар маслаҳат марказ”лари ёрдамида 35 та суиқасд холатларини олди олишга эришилди'ning rasmi

22 май куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш йўлида олиб бораётган ишлар, хусусан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Олмазор ва Учтепа туманларида ташкил этилган Аёллар маслаҳат марказлари фаолиятига доир матбуот анжумани ўтказилди.

Тошкент шаҳридаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ўртасида тиббий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уй бекаси бўлган аёлларнинг ҳаёти, турмуш тарзи, дунёқараши ва атрофга бўлган муносабатларини ўрганиш, турли маънавий ҳуружлардан асраш, оилавий муҳит барқарорлигии сақлаш ва салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда 2014 йилда Шайхонтоҳур туманида, 2015 йилда Олмазор ва Учтепа туманларида Аёллар маслаҳат маркази ташкил этилган.

Марказ асосий фаолиятини хотин-қизларни руҳан қўллаб-қувватлаш, уларнинг тиббий ва ҳуқуқий соҳадаги саволларига жавоб топиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, оилавий муносабатларни бақарорлигини сақлашга қаратилгани боис, Марказлар бевосита адлия, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, меҳнат органлари, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизими ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда фаолият юритмоқдалар.

2015-2016 йилларда марказларга 15724 нафар хотин-қизлар ташриф буюриб, уларнинг 6356 нафари турли муаммоли масала бўйича мурожаат этган. 5693 нафар шахсга услубий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилиб, 2368 нафар фуқаронинг муаммоли масаласи ижобий ҳал этилган.

Марказ ходимлари томонидан 35 та суицид холатларини олди олишга, 388 нафар аёлларнинг маънавий дунёқарашларини соғломлаштиришга эришилган.

Аёллар маслаҳат маркази бевосита аёллар билан мулоқот қилиш, дардини эшитиш ва муаммоли масаласини ҳал этиш учун тузилган бўлиб, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да марказнинг иш самарадорлиги янада ошди ва марказ ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва ҳал этиш ишларини ташкил этмоқда.

2017 йилнинг 4 ойи давомида марказларга 4081 нафар фуқаро мурожаат этиб, 1777 нафар шахснинг муаммосини ҳал этишда кўмак берилди.

Сўнгги вақтларда аёлларда нафақат ҳуқуқий ва тиббий йўналишда, балки диний-шаърий масалаларда ҳам саволлар кўпайганлигини инобатга олиб, Марказлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом университети билан ҳамкорликда дин соҳаси мутахассисларини марказга жалб қилган ҳолда, виждон эркинлиги ва диний мавзуларда очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатларини ташкил этиб, аҳолининг ушбу йўналишдаги эхтиёжларини қондирмоқда.

Аёллар маслаҳат маркази бугунги кунда мулоқот масканига айланди.

Шу ўринда ҳамшаҳарларимиз диққатига туманларда фаолият юритаётган “Аёллар маслаҳат марказ”ларининг манзил ва телефон рақамларини ҳавола қиламиз:

Шайхонтоҳур тумани, А.Навоий кўчаси, 8-уй. Тел: 245-73-82

Олмазор тумани, Нодира кўчаси, 19А-уй. Тел: 240-56-06

Учтепа тумани, М.Уйғур кўчаси, 492-уй. Тел: 243-02-86

Бошқа янгиликлар