АсосийHidoyat sari

​Укол рўзани синдирадими?

'​Укол рўзани синдирадими?'ning rasmi

— Кейинги пайтларда даволаняпман. Шифокорлар рўза тутиш саломатлигимга салбий таъсир қилмаслигини айтишди. Аммо, ҳар куни икки маҳал укол олишим керак. Рўзада укол олиш мумкинми?

А.С. Тошкент.

— Рўза ҳолатида укол олиш борасида ҳозирги замона фақиҳлари уч хил фикрдадирлар. Далилларнинг фақат зоҳирига қараб ҳукм қиладиганлар укол олиш мутлақо рўзани бузмайди, дейдилар. Хоҳ ўша укол томирдан бўлсин, хоҳ тери остига бўлсин. Чунки, рўзани бузиш учун ичга ташқаридан нарса кетиши керак, дейилади. Бу ҳолатда ичга, қоринга ҳеч нарса бормайди.

Иккинчи тоифа уламолар фикрига кўра, рўзада укол олиш мутлақо рўзанинг бузилишига олиб келади. “Ҳидояи шариф”да бадандаги бирор жароҳатга қуюқ дори қўйса, рўза очилмайди, агар суюқ дори қўйилса, рўза очилади, дейилган. Бинобарин, суюқ дорини укол билан юбориш рўзани очилишига олиб келади.

Ўртачаликни ўзларига шиор қилган уламолар эса мана бу хилда фатво берганлар: Укол олиш икки хил бўлади. Бирисидан ғизоий мақсадда фойдаланилади, яъни, баданга қувват бўлиш учун укол олинади. У ҳолатда, ҳатто, ейиш ва ичишдан ҳам одам беҳожат бўлади. Бундай уколларни олиш билиттифоқ рўзани очади. Шунинг учун катта қон томирларга қилинган уколдан уламоларимиз қайтарадилар.

Аммо, мускулга, тери остига қилинган уколдан бадан қувват олмайди. Шунинг учун у рўзани ҳам очмайди.

Шуни билмоқ керакки, ҳар икки ҳолатда ҳам инсон ўз динининг эҳтиётини қилмоқ даркор. Пайғамбаримиз (с.а.в.) мусулмонни эҳтиёткор бўлади, деганлар. Шунинг учун юртимизнинг баъзи уламолари рўзада укол олиш рўзани очади, деб ҳукм қиладилар. Бинобарин, уколни вақтида олмаслик беморнинг ҳолатига қаттиқ таъсир қилмаса, кечқурун, ифтордан сўнг укол олиш эҳтиёткор, парҳезгор мусулмоннинг нишонасидир.

Бошқа янгиликлар