АсосийJamiyat

​Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилади

'​Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилади'ning rasmi

Қарши шаҳар Ўзбекистон кўчасида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини (кейинги ўринларда мактаб-интернат деб аталади) ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг Қарори имзоланди. Қарорнинг тўлиқ матни Lex.uz’да эълон қилинди.

Мактаб ўзбек адабиёти ривожига нодир истеъдоди, бадиий теран, фалсафий шеърлари, драматик ва публицистик асарлари, достон ва таржималари орқали улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон Каҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов номини абадийлаштириш, шоир издошларини кашф этиш ва уларнинг истеъдодларини кенг намоён қилишларига шарт-шароит яратиш мақсадида ташкил этилади.

Қарорга кўра, 2017-2018 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5-6-7-8-синфларига ҳамда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчилар қабул қилинади.

Халқ таълими вазирлигига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда мактаб-интернатни жойлаштириш учун Қарши шаҳар Ўзбекистон кўчаси 219-уйда жойлашган «Баркамол авлод» марказининг 150 ўринли ўқув биносини реконструкция қилиш, 50 ўринли ётоқхона ва 50 ўринли ошхона биноларини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва 2017 йилнинг 1 сентябрига қадар фойдаланишга топширилиши таъминланиши топширилди.

Халқ таълими вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказилади.

Бошқа янгиликлар