1

​Сирдарёда сайёр қабул ташкил этилди

ЖАМИЯТ 03.06.2017, 11:40
Теглар: Сирдарё
​Сирдарёда сайёр қабул ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинган жорий йилда давлат бошқаруви ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари жойларда сайёр қабуллар ўтказиб, аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлмоқда, деб хабар берди ЎзА.

Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, одамларни қийнаётган муаммоларга ечим топишнинг замонавий механизм ва самарали усулларини жорий этиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланмоқда. Одамларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари томонидан Сирдарё вилоятида ўтказилган сайёр қабулларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг халқ билан мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишнинг самарали усули экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Сирдарё, Янгиер, Гулистон шаҳарлари ва Оқолтин туманида ўтказилган сайёр қабулларда 500 га яқин мурожаат турли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида кўриб чиқилди.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига вилоятдан 15 минг 368 мурожаат келиб тушган. Президентимизнинг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонасига 5 минг 425 мурожаат бўлган. Уларнинг асосий қисми уй-жой олиш, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти, меҳнат ва бандлик, суд қарорлари ижро этилиши, судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишларининг кўрилиши, банк-молия ва солиққа тортиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари, тадбиркорлик, коммунал хизмат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалаларига тааллуқлидир. Сирдарё шаҳрида ўтказилган сайёр қабулда Сайхунобод тумани Фаровон маҳалласида яшовчи Хосият Маматова ўзи ва турмуш ўртоғи ногиронлиги, 11 ёшли ўғлининг суннат тўйини қилолмаётгани, бир неча бор мурожаат қилишига қарамай, маҳалла бу борада ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаётгани юзасидан мурожаат қилди.

– Бугунги қабулда 6 йилдан буён ҳал бўлмай келаётган масалага ечим топилди, – дейди Х.Маматова. – Ўғлимнинг суннат тўйини туман ҳокимлиги Рамазон ойидан кейин ўтказиб беришни ўз зиммасига олди. Биз каби эҳтиёжманд оилаларнинг оғирини енгил қиладиган шундай тизимни йўлга қўйган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

– Президентимизнинг Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонасига туманимиздан 400 дан ортиқ мурожаат тушган, – дейди Сайхунобод тумани ҳокими Носир Эгамбердиев. – Ҳар бир мурожаатни атрофлича ўрганиб, имкон қадар ўз вақтида ҳал этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Тан олиш керак, бугунги қабул давомида ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар кўплиги аён бўлди. Ишимизни қайта кўриб, тўғри ташкил этишимиз зарур. Аҳоли муаммоларини самарали ҳал қилиш, мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этиш, туман иқтисодиётини, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлида янада кўпроқ меҳнат қиламиз.

Сирдарё тумани “Тадбиркор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Маъмир Рустамов Сирдарё – Бахт – Гулистон шаҳарлари йўналишидаги жамоат транспорти қатнови эрталаб жуда кеч бошланиши, кечки пайт эса вақтли якунланаётганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Бу масала ҳам шу ернинг ўзида мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан ижобий ҳал этилди. Ҳайдовчиларнинг муомала маданиятини ошириш борасида қатъий иш олиб бориладиган бўлди.

Янгиер шаҳридаги сайёр қабулга келган Ховос тумани “Чаманзор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Наргиза Содиқова автоҳалокат туфайли икки оёғидан ажралгани, турмуш ўртоғи 2 фарзанди билан ташлаб кетгани, уйда касаначилик билан шуғулланиши учун меҳнат шароити яратиб берилишини сўраб мурожаат қилган.

– Сайёр қабулда мурожаатим ижобий ҳал этилиб, тикув машинаси, материал, ҳатто тикиш учун ип ҳам берилди, – дейди Наргиза опа. – Пахта теришга мўлжалланган махсус фартуклар тикаман. Маҳсулотни чекланмаган миқдорда корхонанинг ўзи сотиб оладиган, банк томонидан пластик карточкамга янги намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйнинг дастлабки тўлови учун 10 миллион сўм бўнак маблағи ҳам ўтказиб бериладиган бўлди. Ишли ҳам бўлдим. Бугун мен бахтлиман, бир пасда ҳаммасига эришдим. Халқнинг дардини тинглаб, муаммосини жойида ҳал этадиган бундай самарали тизимни йўлга қўйган Президентимиздан, ҳукуматимиздан, барча саховатли инсонлардан беҳад миннатдорман.

Шарҳлар

Сирдарё дарёсида 11 киши чўкиб кетди, 6 нафар жасад олиб чиқилди (видео)

22.08.2023, 12:38

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидан ўтган Сирдарё дарёсида 11 киши сузиш учун белгиланмаган жойда чўмилиш чоғида чўкиб кетди, деб хабар берди "Казинформ" Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматига...
Сирдарёда "Lacetti" ва "Nexia-2" иштирокидаги ЙТҲда 4 киши ҳалок бўлди (видео)

07.09.2022, 12:25

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида содир бўлган ЙТҲда тўрт киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.Маълум қилинишича, жорий йил 3 сентябрь куни...
Сирдарёдаги хонадонда 14 ёшли қиз ўлдириб кетилди

23.08.2022, 09:26

Сирдарёда қотиллик жинояти содир этилди. Бу ҳақда “darakchi.uz”га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар қилди. Маълум қилинигича, 20 август куни соат 04.00ларда номаълум шахс...
Сирдарёда "Жигули", "Nexia-3" ва "Исузу" русумли юк автомобиллар иштирокида ЙТҲ содир бўлди (видео)

22.06.2021, 14:17

 Жорий йилнинг 22 июнь куни соат 12:00 ларда, Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани ҳудудидан ўтган М-34 автомобиль йўлининг 98-километрида "Ваз-2106", "Нексия-3" русумли енгил автомобиллар ва "Исузу"...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1