П.Ф. Боровский номидаги тиббиёт коллежи маъмурияти Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимига олиб келган ҳодиса хусусида баёнот берди. Унда коллеж маъмурияти бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан ҳамдардлик билдираётганларга минатдорчилик изҳор қилди.
Барча педагогик таркиб ва ўқувчилар Жасурни йўқотганидан чуқур қайғуда.
Ушбу ҳодиса коллеж ҳудудидан анча йироқда содир бўлди.
Коллеж ҳудудида 120 дан ортиқ кузатув видеокамералари ўрнатилган, бу барча ўқувчиларга маълум. Коллежга киришда хавфдан огоҳлантирувчи тугма ўрнатилган бўлиб, уни босганда ИИББ ходимларидан иборат милиция патруль хизмати 15 дақиқа ичида етиб келади. Бундан ташқари коллежда қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам бор.
Ушбу чоралар зиддиятли вазиятларни олдини олиш ва коллеж ўқувчиларини хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган.
Коллеж маъмурияти томонидан кўриладиган барча чоралар ўқув муассаса ҳудудида тартибни таъминлайди.
3 май куни чамаси соат 14:15-14:30 коллеж ҳудудидан ташқарида Жасур Иброҳимов ва Ислом Тулагановлар иштирокида мазкур ҳодиса содир бўлган, бунга Жасур Иброҳимовнинг 4 нафар дўсти гувоҳ.
Гувоҳларнинг, яъни Жасурнинг дўстларининг сўзларига кўра, гуруҳ томонидан калтакланиш бўлмаган ва бўлиб ўтган ҳодисадан сўнг Жасур таксида ўзи уйга кетган.
Жасурнинг онасининг сўзларига кўра, у онасига соат 17:40 да қўнғироқ қилган ва ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтган.
Ҳодиса оқибатлари ҳақида ижтимоий тармоқларда жуда кўп фикрлар билдирилмоқда.
Айни дамда бўлиб ўтган ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган, ва унинг натижасида тергов органлари ҳодиса иштирокчиларининг ҳаракатларига тегишли баҳо беришади.