Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм вилояти филиалида Россиянинг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази директори, академик Лео Бокерия иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди, деб ёзади ЎзА.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали фаолияти билан танишди. Филиал фаолиятини янада яхшилаш бўйича фикр ва тавсияларини билдириб, шифохона негизида Россиянинг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш юзасидан топшириқлар берди. Мазкур шифохона келажакда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлиши кўзда тутилган.
Юртимизга келган машҳур кардиожарроҳ Лео Бокерия ушбу филиал фаолияти билан танишди. Танишув давомида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази билан Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм вилояти филиали ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича битим имзоланди.
Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Хоразм вилояти филиалига ангиография тиббиёт ускунаси ўрнатилгани юрак ҳолатини чуқур ўрганиш баробарида, ўпка артерияси босимини ҳам мукаммал таҳлил қилиш имконини беради. Бу билан кардиожарроҳликда энг мураккаб амалиёт ҳисобланадиган қон томирларини стендлаш, аорта коронар шунтлаш амалиёти ўтказиш учун зарур шароит яратилади.
Лео Бокерия филиал мутахассислари билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони – қоринчалараро тўсиқ нуқсони билан оғриган бемор, Боғот туманида яшовчи Мақсадбек Йўлдошевда жарроҳлик амалиётини ўтказди.
– Ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳамкорликдаги жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди, – дейди Лео Бокерия. – 16 ёшли ўсмирда туғма юрак нуқсони – қоринчалараро тўсиқ нуқсонини пластика қилиш жарроҳлик амалиётини сунъий қон айлантириш шароитида ўтказдик. Юқори малакали шифокорлар билан ишлаш менга завқ бағишлади. Менинг назаримда биз гўё кўп йиллардан буён бирга ишлагандекмиз. Бу ердаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, шифокор ва беморлар учун яратилган шароит ва имкониятлар таҳсинга лойиқ. Тиббиёт ҳамшираларининг жарроҳлик амалиётидаги иши ҳам юқори даражада. Дори-дармон билан таъминлаш ҳам яхши йўлга қўйилган.
Россиялик кардиожарроҳ иштирокида маҳаллий кардиожарроҳлар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратли турлари билан оғриган беморлар кўрикдан ўтказилиб, зарур маслаҳатлар берилди.
Имзоланган ҳамкорлик битимига кўра, маҳаллий шифокорлар россиялик ҳамкасблари билан мунтазам тажриба алмашиш имкониятига эга бўлди. Бу мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, маҳаллий мутахассисларнинг юқори технологияга асосланган энг мураккаб кардиожарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширишдаги тажрибасини бойитишга хизмат қилади.
Хоразм вилоятидаги тарихий обидаларга саёҳат меҳмонда катта таассурот қолдирди.