“Урганч” ва “Самарқанд” халқаро аэропортлари яна бир бор Фуқаро авиациясининг “Аэропорт” ассоциацияси томонидан 2016 йил натижалари бўйича ўтказилган нуфузли танлови ғолиблари бўлишди.
“МДҲ мамлакатларидаги йилнинг энг яхши аэропорти” танловида Ўзбекистон аэропортлари бир неча йиллардан буён қатнашиб келади, шу вақт ичида улар кўплаб марта турли номинацияларда ғолибликни қўлга киритиб келмоқдалар, дея хабар беради “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК матбуот хизмати.
Ўтган йилги фаолият натижаларига кўра “Урганч” аэропорти “Шиддат билан ривожланаётган аэропорт” деб эътироф этилган бўлса, бу йил аэропорт ушбу нуфузли танловда бешинчи марта ғолибликни қўлга киритди. “Самарқанд” аэропорти “Актив фаолияти учун” номинацияси ғолиби бўлди.
Ассоциация совринлари – Кубок ва Фахрий ёрлиқ, ҳаво масканлари ходимларининг юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, парвозларнинг хавфсизлиги ва ўтган йилги иш режаларининг бажарилиши таъминланишига замин яратган бирдамликдаги меҳнатлари натижасидир.