Замонавий ҳаёт тарзи ҳар биримиздан максимум қувват, доимиий эътибор ва диққатни талаб этади. Биз 24 соат давомида ҳамма ишга улгуришга интиламиз, фақат кундалик ёки келажак учун тузилган режаларимиз орасида “дам олиш” деган пунктга жой ҳамда вақт ажратмаймиз. Келинг, шу бугундан бошлаб жисмоний ва руҳий саломатлигимиз ҳақида қайғуриб, ҳордиқ чиқаришни ўрганамиз! Бу борада «Sug`diyona» аёллар клубининг малакали мутахассиси, руҳшунос Гўзал РЎЗМАТОВА ўз тавсияларини бериб ўтади.
Чарчаб қолишга улгурманг!
Қанчалар кулгили бўлмасин, ҳордиқ чиқариш учун ҳам инсондан куч талаб этилади. Ахир оддийгина кечки сайр учун ҳам хоҳиш ва қувват керак-да. Озгина чарчадингизми, тезда дам олинг. Кун тартибига тўлиқ риоя қилинг, очиқ ҳавода сайр қилиш, китоб ўқиш, фитнесс билан шуғулланиш ёки ТВ томоша қилиш учун вақт ажратишни унутманг!
Иш фаолиятини ўзгартиринг!
Руҳшуносларнинг таъкидлашича, инсон организмига чарчоқ уч томондан — ТАНА, АҚЛ ва КЎНГИЛдан таҳдид солади. Бизни бошқарувчи бу уч омилдан қай бири толиқишимизга сабаб бўлаётганини аниқлаб, бошқа йўналишда фаолият юритсак, ҳудди ҳордиқ чиқаргандек енгил тортар эканмиз. Маслаҳатимиз, жисмоний меҳнат билан ақлий меҳнатнинг ўрнини вақти-вақти билан алмаштириб туринг.
Соғлом уйқу барчага керак!
Асаб тизимининг меъёрда ишлаши, организмнинг мудом тетик бўлиши учун уйқу зарур! Киши уйқу дорилар қабул қилиб эмас, балки табиий равишда ухлаши лозим. Мана шундай соғлом уйқудан сўнг тана куч-қувватга тўлади. Маслаҳатимиз, ётоқхонада сизни чалғитадиган телевизор бўлмасин. Дам олишдан аввал хонангизни, албатта, шамоллатинг, тоза ва майин чойшаб тўшалган ўринда кун давомида тўпланган чарчоқни чиқиб кетиши аниқ!
Шанба ва якшанба кунларини мароқли ўтказиш сири...
Биз аёллар дам олиш кунларини уй ишларига бағишлашга ўрганиб қолганмиз. Шунинг учун ҳам душанбани чарчоқ билан бошлашга тўғри келади. Маслаҳатимиз, ҳар куни ярим соат вақтингизни рўзғор юмушларига бағишланг, Шунда бутун бошли кунни тозалаш билан ўтказиш тўғри келмайди. Дам олиш кунларида жуда бўлмаганда битта бадиий фильм томоша қилинг. Табиат қўйнига чиқиш, маданий тадбирларда қатнашиш имкониятини асло бой берманг. Оилангиз ва яқинларингиз даврасида ўтказилган якшанба ҳафта давомида куч бағишлаб туриши шубҳасиз!
Меҳнат таътили ҳам бор...
Бир йил давомида интиқлик билан кутилган дамлар... Аксарият ҳолларда таътилда бирор катта тадбирни ўтказишни мўлжал қиламиз. Масалан, уй таъмирлаш. Тўғри, бўш вақтдан унумли фойдаланган яхши, аммо тўлақонли ҳордиқ ҳам зарур-да. Шунинг учун 24 кунлик таътилнинг камида 5 кунини кўнглингиз тусаганидек дам олишга бағишланг. Бу вақтда ишингиз билан боғлиқ ҳужжатлар ва ноутбук ёки компьютерни кўздан панароққа олиб қўйишни маслаҳат берамиз. Фурсатни бой бермай уйқуга тўйиб олинг, тушлик вақтида ҳам 1-2 соат мизғиб олишни канда қилманг.
Азизлар, ўзингиз ҳақингизда қайғуришни ўрганинг. Бу ишни сиз учун бошқа хеч бир инсон қила олмаслиги аниқ! Ўзингизни севинг! Дам олиш ҳақида унутиб қўйманг!
Дилноза МИРТОЛИПОВА