Динара Раҳимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кунларнинг бирида “Фейсбук” интернет тармоғида Муниса исмли аёл томонидан жойлаштирилган “Чет давлатдан келтирилган турли хил косметика воситалари ва аёллар кийим-кечагини сотаман” деган эълонга кўзи тушиб қолади. Фурсатни бой бермасдан тезда эълон соҳибаси қолдирган рақамни териб, у билан боғланади. Ўзаро қисқа суҳбатдан сўнг Динара айтилган манзилга етиб келади.
Илк танишув
— Ассалому алайкум, опа. Мен бироз олдин телефонда гаплашгандим сиз билан, — дейди меҳмон.
— Ҳа, эсладим, келинг, ташқарида турмасдан ичкарига киринг, — дея уйга таклиф қилди мезбон.
Улар хонага киргач: — Опа, сотувга қўйилган нарсаларингизни кўрсатсангиз, — тезда мақсадга кўчади Динара.
“Ҳозир озгина кутиб туринг” деганича бошқа хонага йўл олган мезбон қисқа муддат ўтиб, қайтиб чиқди. Кейин бисотидаги молларни — “гель для душа”, “шампунь”, “крем”, “қалам”, “кистачкалар”, “бижутериялар”, “лофер” ва бир дона “Н&М” маркали оёқ кийимни меҳмоннинг олдига ташлайди.
— Бу товарларни Хитойга борганимда олиб келганман. Сифатига гап йўқ, қаранг қандай чиройли, — дея мақтади мезбон. — Буларни олсангиз, барака топасиз. Менга ҳозир пул жуда зарур бўлиб қолди, бўлмаса сотмасдан ўзим ишлатардим.
Бу таърифу тавсифларни эшитган Динара асосий мақсадга ўтиб, товарларни нархларига қизиқди. Улар ўзаро савдолашиб, сотувга қўйилган буюмларни 200 АҚШ долларига келишишди.
— Майли, сиз айтган нархга розиман. Фақат бир илтимосим бор, — деди Динара. — Шу десангиз ҳозир ёнимда пулим камроқ, агар йўқ демасангиз, нарсаларни олиб кетсам, келишган суммани 3 кундан кейин бериб кетаман.
Бу илтимосни эшитган мезбон-сотувчининг ҳафсаласи пир бўлди. Аммо ўзининг одамни гап билан сеҳрлаш қобилиятидан устамонлик билан фойдаланган Динара имконият қўлдан кетишини ўйлаб, яна тилга кирди:
— Сиз рози бўлаверинг, мен шу вақтгача ҳеч кимни алдамаганман. Бир марта ишонч билдириб кўринг, албатта уни оқлайман.
— Майли, розиман, фақат қўл билан бериб, оёқ билан олмай, —жавоб берди суҳбатдошининг сўзларига ишонган сотувчи. Шундан кейин савдони ўзи истагандек пиширган Динара хуш кайфият билан уйига жўнаб кетади.
Янги таклиф
Орадан 3 кун ҳам ўтади. Лекин пуллардан ҳали ҳам дарак йўқ. Сабри тугаган Муниса Динарага қўнғироқ қилади. Аммо у ҳар гал товар эгасига турли хил важлар ҳамда баҳоналар топади. Орадан маълум вақт ўтиб, Динара ўзининг “Асака” банкида каттагина лавозимда ишлашини айтиб, Мунисага таклиф киритади.
— Мени диққат билан тингланг, кейин хулосангизни билдирасиз. Мен сизга ва танишлар топсангиз, уларга ҳам конверсион карта очиб беришда кўмаклашаман. Фақат менга АҚШ доллари сотиб олиниши учун пул тўлови ҳамда конверсион карточкаларни очиш билан боғлиқ харажатларни берсангиз бўлди. Шундан кейин хизмат ҳақи сифатида олган пулларим эвазига қарзингиздан қутулиб олардим.
— Танишларим рози бўлишса, бунинг учун қандай ҳужжатлар топшириш лозим? — сўради Муниса. Динарадан фақат пул ва паспорт нусхалар талаб қилинишини эшитгач, таклифни қабул қилди ва навбатдаги учрашув вақтини белгилаб, хайрлашадилар.
Банк олдидаги шумлик
Муниса Динара билан келишилган жойда, яъни ДАТБ “Асака банк”нинг Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур, Яккасарой, Миробод туманларида жойлашган
филиаллари олдида учрашиб, ўзи билан олиб келган жами 6.000 АҚШ доллари ва паспорт нусхаларини унга узатди. Динара талаб қилинган ҳамма ҳужжатлар борлигини билгач, банкка йўл олади. Ташқарида кутиб турган шеригини ишонтириш ҳамда хатти-ҳаракатларида шубҳа уйғотмаслик мақсадида ҳар бир банк филиали биносининг ичида 10-15 дақиқа айланиб сўнгра қайтиб чиқади.
— Мана, ишлар ҳал бўлди. Карталар тайёр бўлган заҳоти хабар бераман, олиб кетишлари мумкин, — деди фирибгар аёл танишини хурсанд қилиш учун.
Улар хайрлашиб, ўзларининг манзиллари томон йўналадилар.
Янги найранг ва фош бўлган жиноят
2015 йил 29 сентябрь куни фирибгар Динара Мунисага қўнғироқ қилади. Ҳол-аҳвол сўрагач, Муниса Динарадан ишлар қандай кетаётганини сўрайди.
— Озгина муаммо пайдо бўлиб қолди-да. Шуни зудлик билан ҳал қилишимиз керак, — сўзлади Динара. — Янги очтирилган конверсион карталар блокка тушиб қолибди.
— Нега? Ҳали бир марта ҳам ишлатилгани йўқ-ку, — деди ҳайратини яширолмай Муниса. — Энди нима қилиш керак?
— Шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради-да, асабийлашманг, — тинчлантирди уни Динара. — Карталарни блокдан чиқариш учун бир-икки сўм пул керак. Ўзингиз яхши биласиз, ҳозирги вақтда мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди. Сарф-харажатдан қочмайсиз-да.
— Оббо, яна қанча пул сўрайсиз?
— 800 АҚШ доллари беринг, масалани ҳал қилиб бераман.
Аммо бу миқдордаги хорижий валюталарни олиб ҳам Динара масалани ҳал этмайди, барча пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади. На конверсион картадан, на қарздан дарак бўлмайди. Бу галдаги турли баҳоналар билан чап беришга уриниши эса узоққа бормади. Фирибгар аёлнинг қилмишига қонун ҳимоячилари томонидан чек қўйилди. Энди у жинояти учун қонун олдида жавоб беради.
Зоир КАМОЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар
Мирзо Улуғбек туман суди судьяси.
Зуҳриддин РАҲМОНОВ, журналист