1

​Ҳожатхонага ташланган чақалоқ

ЖИНОЯТ 19.06.2017, 11:49
Теглар: Фарзанд, Она, Жиноят, Чақалоқ
​Ҳожатхонага ташланган чақалоқ

Азал-азалдан момо ва боболаримиз бола тарбияси, айниқса, қиз фарзанднинг тарбияси, истиқболига жиддий эътибор қаратиб келишган. Чунки, қиз бола — бўлажак рафиқа, келин, она. Унинг оилада қандай муҳитда камол топиши эртанги кунига таъсир кўрсатади. Зеро, аёл оила, жамият ва миллатнинг келажаги ҳисобланмиш ёш авлодни дунёга келтирувчи ҳамда уларни вояга етказишга масъул шахсдир. Баъзи бир оилалар, аёллар тирноққа зор яшаётган бир пайтди, Холниса ўзи дунёга келтирган, беникоҳ туғилган фарзандини ўлдирди, бу ҳам камлик қилгандек, уни ҳожатхонага ташлади ва она деган мўътабар номга доғ туширди. Ўзи дунёга келтирган фарзанднинг қотилига айланиб, суднинг қора курсисига ўтирди.

Холнисанинг қарори

Холниса (исм-шарифлар ўзгартирилган) турмушга чиқмаган. У вилоят касалхонасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Ёши ўттиздан ошганига қарамай, бахти чопмади. Унинг тенгдошлари бир оилани гуллатиб, фарзандларини вояга етказмоқда. Холниса эса бир пайтлар совчи юборган йигитларни бирини ўпоқ, бирини сўпоқ деб, охир-оқибат енгил ҳаёт йўлини танлади. Аввалига бу нарсалар унга қаттиқ таъсир қилган бўлса, йиллар ўтган сайин ҳаётга енгилроқ қарай бошлади. “Беш кунлик” дунёда ўйнаб-кулиш, маишат қилиш керак, деган фикр билан яшай бошлади, ахлоқи бузилди. Йигитлар билан танишиш, базму жамшидлар Холниса учун оддий ҳолга айланди.

У вилоят марказига қатнаб ишлагани туфайли бир куни Жамшид деган йигит билан танишиб қолди. Оддий салом-аликдан бошланган муносабат чуқурлашиб, пана-пастқамдаги яширин учрашувларга айланди. Холниса Жамшиднинг оилали эканлигини билса-да, у билан учрашишни канда қилмади. Бу муносабатларнинг охири нима билан тугашини ўйлаб ҳам кўрмади.

Пинҳоний учрашувлар “туҳфа”си

Пинҳоний учрашувлар, оқибатида ҳомиладор бўлиб қолганини билган Холниса даҳшатга тушди.

– Жамшид ака, мен ҳомиладорман,– деди у навбатдаги учрашувлардан бирида йигитга.

Унинг “янгилиги”ни Жамшид лоқайдлик билан эшитди.

– Ўзи болангни отаси кимлигини биласанми? – деди Жамшид истеҳзоли жилмайиб.

– Албатта биламан, у сизнинг фарзандингиз! – деди Холниса қатъий равишда.

– Уйимдаги болаларимга зўрға нон топяпман-у, сени болангни қайси пулимга боқаман? Менга бола керак эмас, йўқот уни! – деди Жамшид.

– Агар ота-онам билиб қолса, шўрим қурийди... Аборт қилдирай десам, кейин фарзанд кўрмаслигим мумкин...

– Бу сени муаммонг, ифлослигингга мени аралаштирма. Бу ҳақда олдинроқ ўйлаш керак эди. Мен сенга бола туғ деганим йўқ! – деди Жамшид ғазаб билан.

“Ойни этак билан ёпиб бўлмайди”

Шу кундан бошлаб, Холниса қорнини маҳкам боғлаб юрадиган бўлди. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди деганларидек, қиздаги ўзгаришни ишхонадаги аёллар сезишди. Улар бу ҳақда Холнисага очиқ айтишмаса-да, ортидан шивир-шивир қилишарди. Холниса ўзи ҳамшира бўлгани боис ҳомиладор аёл шифокор ҳисобида туриши, назоратда бўлиши лозимлигини яхши билса-да, шармандаликдан қўрқиб, касалхонага бормади.

Шу зайлда кунлар ўтиб, Холнисанинг кўзи ёриш муддати ҳам яқинлашди. Айни наврўз куни тонгда уни тўлғоқ тута бошлади. Холниса онасига мазаси йўқлигини айтиб, хонасига қайтиб кирди-да, эшикни беркитди. У минг бир қийинчиликлар билан ўғил фарзандни дунёга келтирди. Ҳамшира сифатида бола туғилганданоқ унга кўкрак тутиш зарурлигини билса-да, болани озиқлантириш эмас, қандай қилиб унинг овозини ўчириш ҳақида ўйлай бошлади. Холниса болани ўлдириш учун киндигини кесмасликка қарор қилди ва хотиржам равишда уйқуга кетди.

Мудҳиш режа

Уйқуни уриб, уйғонда боланинг ўлиб қолганлигини кўрди. Энди мурдадан қутулиш йўлларини излай бошлади. “Уйимизнинг олдидаги қабристонга кўмсаммикан? Йўқ, қабристонга киролмайман, бирортаси кўриб қолиши мумкин, хавфли...”, деб ўйлади Холниса.

Ўша куни кечқурун навбатчиликка бориши кераклиги учун чақалоқ мурдасини аввал рўмолга тугиб, кейин қора целлофан пакетга жойлаштирди ва ўзи билан бирга ишхонасига олиб кетди. Йўловчи машинада кечки соат олтида ишхонасига етиб бориб, ҳеч нарса бўлмагандай, шеригидан навбатчиликни қабул қилиб олди. Иш соати бошлангач, целлофандаги чақалоқ мурдасидан қутулиш учун уни касалхонанинг аёллар ҳожатхонаси чуқурига ташлади. Орқага шошилиб қайтаётганда мазкур касалхонада фаррош бўлиб ишловчи Гулбаҳор опага дуч келди. Гулбаҳор опа Холнисанинг ит қувгандай югуриб келаётганидан ҳайрон бўлди.

– Тинчликми, Холниса? Сенга нима бўлди? – деб сўради қиздан.

– Йўқ, ҳеч нима бўлгани йўқ! Ахлатни ташлаб қайтаяпман, – деди Холниса ўзини тутишга ҳаракат қилиб.

Гулбаҳор опа унинг ортидан тикилиб қолди. Холнисанинг қаппайиб қолган қорни бир кунда йўқолиб, теп-текис бўлиб қолгани уни шубҳага солди. “Қизгина тинчмикан?”, деган хаёлга борди. Қоронғи тушиб қолгани учун ҳожатхонага кириб, уни текширувдан ўтказишни эртанги кунга қолдирди.

Шубҳа ортидаги ҳақиқат

Эртаси куни тонгда касалхонада даволанаётган беморлардан бирига қараб ётган аёл Гулбаҳор опага мурожаат қилди:

– Опажон, эрта тонгда ҳожатхонага кирсам, чуқурига қора целлофанга ўралган бир нима тиқилиб қолибди. Шуни олиб ташлашнинг иложи йўқми?

– Ҳозир бориб олиб ташлайман, – деб ҳожатхона томон йўл олди Гулбаҳор опа.

Уларнинг суҳбатига гувоҳ бўлган Холниса ҳовлиққанча Гулбаҳор опанинг йўлини тўсди.

– Опа, тўхтанг, сиз борманг. Ўзим олиб ташлайман. Ёғоч билан пастга сурсам, тушиб кетади, – деди Холниса шошилиб.

Қизнинг бу ҳолати Гулбаҳор опани баттар шубҳага солди. У бир муддат ўйлангач, ички ишлар идорасига қўнғироқ қилишга қарор қилди. Етиб келган ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари ҳожатхона чуқуридан қора целлофанга солинган чақалоқ мурдасини топди. Шундан кейин Холнисанинг қора қилмиши ҳаммага аён бўлди.

Холниса тергов жараёнида ўзининг қилмишидан афсусланиб, бир томчи кўз ёш тўкмади. Қанчалар гуноҳ ишга қўл урганини тушуниб, ақалли кечирим сўрамади. У ўз ҳатти-ҳаракати билан бола туққан билан ҳамма ҳам она бўлолмаслигини юз фоиз исботлаб берди...

Ўтказилган суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаси, гувоҳлар берган кўрсатмалар, бошқа ишончга сазовор далиллар асосида Холниса Бобоеванинг айби тўлиқ ўз исботини топди. У Ўзбекистон республикаси Жиноят Кодексининг 99-моддасига биноан жиноий жавобгарликка тортилиб, 2 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Сирдарё вилоят ИИБ, подполковник

Давлатжон Ҳайитов

Лола Шоимова, журналист

Шарҳлар

Фарғонадаги экин даласига янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилди (видео)

04.11.2023, 12:37

Фарғонада янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилди. "Замон" дастурида мазкур ҳодиса бўйича тафсилотлар маълум қилинди.Маълум бўлишича, Фарғона тумани Юқори арча МФЙ ҳудудидаги катта далага янги туғилган,...
⚡️Наманганда чақалоқ ЙПХ автомобилида туғилди (видео)

24.01.2023, 10:05

Наманганда аёл ЙПХ автомобилида туғуруқхонага олиб кетилаётганида фарзандини дунёга келтирди. Бу ҳақда ЙҲХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.Маълум қилинишича, 4P-112 Фарғона халқа автомобиль йўлининг 20 километрида...
Жиззахда 39 ёшли эркак хотинини уриб ўлдирди (видео)

07.09.2022, 12:07

Жиззахда аёл ўз эри томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгиҳаёт...
Наманганда 21 ёшли йигитни қотилига айланган блогерга нисбатан қамоқ жазоси тайинланди

10.01.2022, 21:58

Наманганда 150 минг сўм эвазига Instagram саҳифасидаги обуначиларини кўпайтириш ортидан икки блогер ўртасида келиб чиққан келишмовчилик қотиллик билан тугади.Қайд этилишича, ҳодиса Чуст туманида ўтган йилнинг...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1