1

​Шавкат Мирзиёев Фарғонада коллеж ўқувчилари билан суҳбатда бўлди

ЖАМИЯТ 22.06.2017, 13:46
Теглар: Шавкат Мирзиёев, Президент, Фарғона
​Шавкат Мирзиёев Фарғонада коллеж ўқувчилари билан суҳбатда бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона асаларичилик ишлаб чиқариш ўқув марказида бўлди.

Вилоят асаларичилар уюшмаси қошида ташкил этилган мазкур ишлаб чиқариш ўқув марказида барча шароит яратилган. Марказда бир йилда 600 нафар мутахассис ўқитилади. Замонавий ўқув режа асосида олимлар томонидан амалиёт дарслари ўтилади.

Шавкат Мирзиёев марказда амалиёт ўтаётган коллеж ўқувчилари билан Фарғона асаларичилик тарихи, асалнинг шифобахш хусусиятлари, таълим жараёнида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашди, дея хабар беради ЎзА.

Фарғона тумани технология касб-ҳунар коллежи ўқувчилари Ботирали Мавлонов ва Дилнавоз Эшматова Президентимизга ёшларга яратиб берилаётган имконият, мактаб таълими ўн бир йиллик қилиб қайта белгиланиши борасидаги ташаббуслари учун миннатдорлик билдирди.

Вилоятда 1000 дан ортиқ асаларичилик субъекти рўйхатга олинган. Ички бозорни арзон, сифатли маҳсулот билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор шифобахш табиий неъмат ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Марказда илмий-текширув лабораторияси, тренинг заллари, кутубхона, электрон архив базаси, асални қайта ишлаш ва қадоқлаш цехи, тикувчилик, мум-парда, асбоб-ускуна ва асалари уяси ишлаб чиқариш цехлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, асаларичиликда наслчилик лабораторияси, қарийб 2 гектар экспериментал боғ ва асал берувчи ўсимликларни етиштиришга мўлжалланган экин майдони ташкил этилган.

Фарғона давлат университетида асаларичилик бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш керак, деди давлатимиз раҳбари. Агар мазкур соҳанинг илмий асосларини ўргатадиган муассаса ташкил қилинса, бошқа вилоятлардан ҳам ёшлар ўқишга келади. Бундан ташқари, хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим. Ўзбекистон – АҚШ қўшма корхонаси ташкил қилиниб, икки мамлакатнинг етакчи мутахассислари доимо тажриба алмашиб туриши керак.

Асални меъёрида истеъмол қилиш ошқозон-ичак касалликларининг олдини олади, иммунитетни кучайтиради. Биологик фаол моддаларга бой бу маҳсулот инсоннинг қон босимини меъёрлаштириш хусусиятига ҳам эга. Асалари муми, елими (прополис) ва сути ҳам шифобахш маҳсулот сифатида замонавий тиббиётда кенг қўлланилади. Фармацевтикада дори-дармон сифатида ишлаб чиқарилаётган ари сутида тўрт турдаги В, Е витамини, аминокислоталар мавжуд.

40 кишининг бандлиги таъминланган марказда бир йилда 7 минг дона асал уяси, 7 минг 500 дона ёстиқча, 3 минг дона махсус кийим ва юз ниқоби ишлаб чиқарилади.

Бир кеча кундузда 200 килограмм мум-парда тайёрланади. 200 тонна асални қадоқлаш цехи ишлаб турибди.

2016 йилда вилоятларга 20 минг дона, чет давлатларга 30 минг дона сифатли асалари пакетлари етказиб берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев асалари уялари ва ускуналари ишлаб чиқариш цехида олиб борилаётган иш жараёни билан танишди.

Шу ерда Халқ банки томонидан вилоятда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Фарғона вилояти Қўштепа туманида ташкил қилинадиган 2 минг бош қорамол боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш лойиҳаси 2018 йилнинг учинчи чорагида тўла қувват билан ишга тушади. 560 гектар майдонда қуриладиган комплексда 180 киши иш билан таъминланади. Йилига 4 минг тоннадан ортиқ сут, 150 тонна гўшт, 6000 тонна сут маҳсулотлари қайта ишланади.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан Фарғона вилоятида 2017-2021 йилларда ипакчиликни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилгани маъқулланди.

Пиллачиликни янада ривожлантириш учун тут плантацияларини ташкил қилиш керак, деди давлатимиз раҳбари. Соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, пиллачиликда аҳолининг доимий иш билан таъминланишига эришиш лозимлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Шарҳлар

Президентнинг Тожикистонга ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очди

19.04.2024, 18:05

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. Куни кеча Ўзбекистон раҳбари Президент Эмомали Раҳмон...
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда янги тарихий давр бошланмоқда

19.04.2024, 14:58

Душанбега давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати...
Фарғонадаги автотураргоҳда назоратчи аёл ва ҳайдовчи ўртасида жанжал келиб чиқди

19.04.2024, 13:43

Жорий йилнинг 11 апрель куни Фарғона шаҳардаги  “Шодлик Қиргули авто” МЧЖда назоратчи бўлиб ишловчи З.С. (аёл) ҳамда Фарғона-Тошлоқ йўналишида қатновчи ҳайдовчи Б.О. ўртасида ўзаро келишмовчилик...
Фарғонадаги экин даласига янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилди (видео)

04.11.2023, 12:37

Фарғонада янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилди. "Замон" дастурида мазкур ҳодиса бўйича тафсилотлар маълум қилинди.Маълум бўлишича, Фарғона тумани Юқори арча МФЙ ҳудудидаги катта далага янги туғилган,...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1