Англиянинг “Ливерпуль” клуби “Рома” ярим ҳимоячиси Муҳаммад Салоҳни сотиб олганини расман эълон қилди. 25 ёшли футболчи “қизиллар” билан 5 йиллик шартнома имзолади.
Маълумотларга кўра, мисрлик футболчининг трансфери бонуслар билан 45 млн еврони ташкил этган. Унинг “Ливерпуль”да оладиган маоши эса йилига 5,5 млн еврога тенг бўлади. Футболчи янги жамоаси сафида 11-рақамда тўп суради.
Маълумот учун, Муҳаммад Салоҳ “Рома”даги фаолияти давомида жамоа сафида жами 83 та ўйин ўтказди ва 34 та гол киритиб, 24 та голга ассистентлик қилишга эришди.