1

​Хоразмлик фуқаро ўз дўстининг қотилига айланди

ЖИНОЯТ 27.06.2017, 11:34
​Хоразмлик фуқаро ўз дўстининг қотилига айланди

У муқаддам бир неча марта судланиб, жазони ўтаган бўлса-да, яна қўлини қонга бўяди


Ҳаётимизнинг қонунлар асосида тартибга солиниши жамиятда адолат барқарорлигига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминланишига хизмат қилади. Қонунларга амал қилмаслик, уларни билиб-билмай бузиш, табиийки, жавобгарликка сабаб бўлади. Айрим фуқаролар томонидан содир этилаётган жиноятлар қонунга итоат этмаслик, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш, менсимаслик оқибатида юзага келаётганлиги сир эмас. Нотўғри ташланган қадамлар, ноқонуний хатти-ҳаракатлар оқибатида инсон ўз қўли билан қазиган чоҳга ўзи қулайди. Ҳаёт йўлимиз бир текис кечмаслиги рост. Билибми билмай қилган хатоларимиз, йўл қўйган камчиликларимизни тўғрилаш учун олдинда имконият, яъни, вақт бор. Бироқ, унинг қадрига етмаслик, умрни беҳуда сарфлаш, бундан-да ёмони қабиҳ жиноятларга қўл уриб, иснодга қолиш ақл-идроки билан улуғланган инсоннинг бошқа тирик мавжудотлардан фарқли томонлари борлигини кўрсатишга имкон бермайди. Хонқалик Сувон Аҳмедов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ҳаётда тўғри йўлини йўқотиб, жиноят содир этган шахслардан бири. Муқаддам бир неча маротаба судланиб, жазони ўтаган бўлишига қарамай, озодликка чиққач яна эгри қадам ташлайди. 2016 йилнинг 31 декабрь куни кўпчилик янги йил кириб келишини хурсандчилик билан нишонлаётган бир пайтда у бир инсоннинг умрига зомин бўлиб, қўлини қонга бўяди.

Ишонувчанлиги панд берди

Сувон Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида яшовчи Баҳром Ҳамроев билан фермер хўжалигида янги иш бошлаган маҳали танишган эди. Табиатан очиққкўнгил, ишонувчан бўлган Баҳром Сувон Аҳмедовни фермер хўжалиги дала шийпонида яхши кутиб олиб, хонага жойлаштириб, ишнинг йўл-йўриғини кўрсатганди. Бир ишда ишлаб яқин дўст бўламиз, деб ўйлаганди. Минг афсуски, муносабатлар у ўйлагандек якун топмади. Маълумки, кузда йиғим-терим тугагандан кейин ҳам далада иш тўхтамайди. Ерни шудгор қилиш, ўсимлик томирларидан тозалаш каби ишлар қилинади. Қиш фаслига келиб эса бироз вақтгача дам олиш имкони бўлади. Дала шийпонида кунлар шу зайлда ўтаётганди. Сувоннинг янги йилни биргаликда байрам қилиб нишонлаш таклифига розилик билдирган Баҳром Ҳамроев дўстини хафа қилмаслик учун шу йўлни танлаганди. Турмуш ўртоғининг қачон келасиз, сизни кутяпмиз деган саволига байрамдан кейин боришини айтган Баҳром уни ёлғиз ташлаб кетгиси келмаганди. Афсуски, янги йилни байрам сифатида нишонлаш унга насиб этмади.

2016 йил 31 декабрь...

Байрам баҳона дала шийпондаги хўжалик ишчиларини қутлаб келган фермер Ҳайитметов улар билан бирга спиртли ичимлик ичди. Ўғилларига Баҳромни мақтади.

—Қаранглар, қандай яхши йигит. Беозор, камгап, ҳамма ишни дўндиради. Мен унга ишонаман. Пулини ҳалоллаб ишлаб топади.

Бу каби мақтовлар нимагадир Сувонга ёқмади. Кайфияти тушди. Меҳмонлар кетишгач, яна эски қилиғини бошлади. Спиртли ичимлик истеъмол қилди. Кўнгли яна ичишни тусаганлиги боис Баҳромни спиртли ичимлик олишга юборди, у узоқ вақт қолиб кетган бўлса-да, қуруқ қўл билан қайтди. Ўрталарида келиб чиққан жанжал эса фожиага айланди. Калтак азобига чидай олмаган Баҳром шу заҳотиёқ жон берганди. Эртаси куни эрталаб уйқудан турган Сувон Аҳмедов унинг ўлиб ётганлигини кўрди. Мендан шубҳаланишмасин, деган хаёлда жасадни аравачага юклаб, анча олисдаги заҳкаш ёнига олиб бориб, кўмиб ташлайди. Бу ишимни биров кўрмади, ҳеч ким билмайди, деб ўйлайди. Ҳамма ҳам йўлидан адашади. Хато қилади, лекин кетма-кет содир этилган жиноятлар Сувон Аҳмедовнинг аллақачонлар инсонийлик қиёфасини йўқотганлигини билдиради. Экспертиза хулосалари, аниқ далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари асосида фош этилган жиноят Қувонч Аҳмедов томонидан содир этилганлиги ўз тасдиғини топди.

Ҳукм ўқилди

Ҳар бир қилган иш, ҳар қандай хатти-ҳаракат учун жавобгарлик бор. Жиноят эса жазосиз қолмаслиги аниқ.

Суд залида ўқилган ҳукм судланувчининг тақдирини белгилайди, яъни, у қилган қилмишига яраша жазо олади. Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Судланувчи Сувон Аҳмедовнинг жиноий қилмиши жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида кўриб чиқилиб, унга нисбатан суднинг адолатли ҳукми ўқилди. Унга кўра 17 йилу 6 ой муддатга қамоқ жазоси тайинланди.

Юз бераётган бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, демократик қадриятларни халқимиз онги ва ҳаётига сингдириш ҳуқуқбузарлик ва бошқа жиноятлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилиши, шубҳасиз. Ҳуқуқий демократик давлатда устувор саналган қонунга итоат этиш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари билиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини ҳар биримиз тўла англаб етмоғимиз шарт.

Раъно КАМОЛОВА, жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди судьяси.

Наргиза БЎРОНОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1