АсосийSavol-javob

“Ажрашмоқчиман, аммо хотиним никоҳ гувоҳномасини бермаяпти”

'“Ажрашмоқчиман, аммо хотиним никоҳ гувоҳномасини бермаяпти”'ning rasmi

"Мен хотиним билан ажрашмоқчиман. Суд аризани қабул қилиш учун никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхасини талаб қилмоқда, бироқ хотиним уни менга бермаяпти. Нима қилишим керак?"

*83*** абоненти, Тошкент шаҳри.

Саволга ҳуқуқ магистри Фарруҳ Файзиев жавоб беради:

— Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги "Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги 06-сон Қарори 10-бандининг иккинчи хатбошисига кўра даъво аризасига никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома илова қилинади. Бироқ амалиётда кўпинча ажралишга рози бўлмаган эр (хотин) даъвогарга ушбу ҳужжатнинг асл нусхасини бермай, у йўқолганлиги ёки уни топа олмаётганлиги ва бошқа сабабларни важ қилади. Бундай ҳолда сиз никоҳни қайд этган ФҲДЁ органига мурожаат қилиб, никоҳ ҳужжатидаги ёзувдан кўчирма олишингиз мумкин, уни судга тақдим этасиз.

Муаммонинг яна бир ечими ҳам бор. Сиз такрорий гувоҳнома олишингиз мумкин. Чунончи, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига азирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон Қарорига 1-илова) кўра фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси сақланаётган ФҲДЁ органи манфаатдор шахсларнинг аризаларига кўра ва тегишли далолатнома ёзувлари асосида никоҳ тузган шахсларга аризачи мурожаат этган кунда такрорий гувоҳномалар беради. Бундай ҳужжатнинг юқори қисмига "Такрорий" белгиси қўйилади. Никоҳ тузилганлиги ҳақида такрорий гувоҳнома берганлик учун давлат божи ва герб йиғими ундирилади (ҳар бири энг кам ойлик иш ҳақининг 15%и миқдорини ташкил этади).

    Бошқа янгиликлар