Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Нариммат Йўлдошев ўз саҳифасида жорий йилнинг 24-25 июн кунлари Тошкент-Урганч йўналишида чипта сотиб олиш бўйича билдирган эътироз ва мулоҳазаларини “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти маъмурияти атрофлича ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилишни лозим топди.
Маълумки, 2017 йил 26 июн куни мамлакатимизда “Рамазон ҳайити куни” деб эълон қилиниб, дам олиш куни этиб белгиланди. Шу муносабат билан байрам олди вилоятга кетувчи йўловчилар сони бир мунча ортди. Натижада, 24-25 июн кунлари “Тошкент-Урганч” йўналишида ҳаракатланадиган поездларнинг чипталари харакат кунидан олдин тўлиқ сотиб тугатилди.
Шунингдек, байрам муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан 27 июн куни вилоятлардан Тошкент шаҳрига келувчи йўловчиларни жой билан таъминлаш мақсадида 26 июн куни жўнайдиган 58-сонли “Тошкент-Шовот” поездига қўшимча 6 та “пласкарт” вагонлари уланди. Мазкур вагонлар 21-23 июн кунлари йўналиш ҳаракати таркибига киритилди.
Аниқланишича, 26 июн куни жўнайдиган 58-сонли “Тошкент-Шовот” поездининг қўшимча уланган 6 та вагонига умумий 31 та чипта сотилиб, шундан 21 та чипта “Тошкент-Навоий-Учқудуқ-Урганч” йўналишлари бўйича, 5 та чипта “Жиззах-Урганч” йўналиши бўйича ва 5 та чипта “Самарқанд-Урганч” йўналиши бўйича расмийлаштирилган.
Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Нариммат Йўлдошев постида келтирилган чипта сотувчининг муомиласи ва навбатчининг масъулиятсизлиги бўйича билдирилган фикрлар ҳам чиптахоналарда ўрнатилган видео камералар орқали ўрганилиб, таҳлил қилинди. Ҳолат постда келтирилган фикрлар каби ўта кескин бўлмасада, ходимларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўрилди.
Ҳозирги кунда аҳолига хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини ошириш, ишларни янада такомиллаштириш, йўловчиларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти Бош директорининг виртуал қабулхонаси фаолият юритмоқда. Ҳурматли йўловчилар барча мурожатларингизни uzrailpass.uz веб-сайти орқали виртуал қабулхонага йўллашингиз мумкин, деб ёзади “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ маъмурияти.