Жорий йилнинг 1 июль кунидан бошлаб Бухоро – Самарқанд – Тошкент йўналиши бўйлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” йўловчи электропоездининг қатнови йўлга қўйилади.
№766/765-сонли поезд ҳар куни эрталабки соат 5:00 да Бухоро вокзалидан жўнаб, эрталабки соат 8:48 да Тошкент марказий вокзалига кириб келади. Шу куни кечки соат 18:50 да ортга қайтган поезд тунги соат 22:48 да Бухорога етиб боради.
Шу муносабат билан 1 июлдан бошлаб Тошкент – Қарши – Тошкент ҳамда Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишларида ҳаракатланаётган “Афросиёб” йўловчи электропоездларининг ҳаракатланиш вақтига ҳам ўзгартириш киритилди.
Тошкент – Қарши – Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган №760/759-сонли “Афросиёб” йўловчи электропоезди ҳар куни эрталабки соат 8:00 да Тошкент марказий вокзалидан жўнаб, кундузги соат 11:20 да Қаршига етиб боради ва шу куннинг ўзида кундузги соат 16:48 да Қарши вокзалидан ортга қайтиб, кечки соат 20:10да Тошкентга етиб келади.
Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган №762/761-сонли электропоезд ҳар куни эрталабки соат 7:30 да пойтахтдан жўнаб, кундузги соат 11:16 да Бухорога етиб боради ва шу куни кундузги соат 15:52 да Бухородан ортга қайтиб, кечки соат 19:40да Тошкентга етиб келади.
Шунингдек, 1 июль кунидан бошлаб бир қатор йўловчи поездларнинг ҳаракатланиш жадвалига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Бу борадаги маълумотларни www.railway.uz веб-сайти ёки 1005 телефон рақами орқали билиб олишингиз мумкин.