Оила таъминоти азал-азалдан эркакнинг бўйнида. Қолаверса, эр киши бир аёлни танмаҳрамликка олар экан, унинг моддий эҳтиёжлари учун ҳам жавобгар саналади. Аммо беш бармоғимиз тенг бўлмаганидек, ҳаётда турли феълли одамлар бор, жумладан, тийинини тийинига урадиганлар ҳам учрайди. Бу гал «Турмуш ўртоғим зиқна», дейдиган аёлларнинг вазиятларини руҳшунос Наргиз САТТАРОВА билан таҳлил қиламиз.
1-вазият: “Айбим уйда ўтирганимми?”
— Турмушга чиққанимга беш йилдан ошди. Эримга икки паҳлавондек ўғил туғиб берган бўлсам ҳам, мени зиғирча ҳурмат қилмайди. На уст-бош олишимга пул беради, на бошқа майда-чуйдаларимга. Іатто, ота-онамникига борадиган бўлсам, қўлимга йўлкира учун беш минг сўмгина пул тутқазади. Йўлда турли ҳолат бўлиши, қизлик уйимга сўппайиб боришни истамаслигимни инобатга олмаслиги алам қилади.
2-вазият: «Унга қараб қолган куним йўқ...»
— Уч фарзандим бор, уй-жойим бут, хўжайинимнинг топиш-тутиши яхши ҳам гапми, зўр. Аммо, мана, оилавий ҳаётимизга ўн беш йил тўлаяпти ҳамки, менга на пул, на гул, на бирор нима сотиб олиб беради. Фарзандларимиздан пулини аямаслиги сабаб ҳам тишимни-тишимга қўйиб яшаяпман. Икки йил олдин ўзим ака-укамдан қарз кўтариб, дўкон очдим. Эримнинг қўлига қараб қолган куним йўқ. Бироқ энди-энди турмуш ўртоғим нафақат пулини, меҳр-эътиборини мендан қизғанишини англаяпман...
Муаммо кимда?
Аёллар, эрни хасисликда айблаб ўтиргандан кўра, муаммонинг ўзимизга бориб тақаладиган учларини кўриб чиқамиз.
Нега айнан сизга тақдир зиқна инсонни рўбарў қилди? Ахир ўзингиз ҳам унинг қилиғи бўғзингизга тиқилганда гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона «Шунча номзодлар бор эди? Нима учун уни танладим?» дея куйинасиз-ку! Бу дунёда ҳеч нима бекорга бўлмайди, ҳеч ким ҳеч ким билан бекорга учрашмайди. Іар бир воқеа — сабоқ, ҳар бир учратган инсонимиз устоздир. Биз кўпинча ўзимизда инкор этган жиҳатларни бошқада кўрсак, норозиланамиз. Ёки танлаганимиз қайсидир шартларимизга (масалан, эркак киши ҳотамтой бўлиши керак, айниқса, аёлига нисбатан) жавоб бермаса, ўзимизни бахтсиз санай бошлаймиз. Іаётда турли тақдирлар, турфа инсонлар бўлишини тан олгимиз келмаганиданмасми бу? Жуфтликлар-ку бир-бирини тўлдириб яшашлари керакмасми? Дейлик, сиз ўта қўли очиқ, пулни олди-орқасига қарамасдан сарфлайдиган аёлсиз, сизга сабоқ бериш учун ҳам зиқна эркак билан тақдирингиз боғланмаганми? Шулар ҳақида мулоҳаза юритиб кўрсангиз, эрингизнинг бу феълини қабул қилишингиз осон кечади.
Нима учун у айнан сизга нисбатан зиқналик қилади? «Іам шаърий, ҳам қонуний рафиқаси бўлсам, зурриётларини дунёга келтирган, уйда хизматини қилиб ўтирган хотинини ҳам шундай хўрлайдими?» Бу савол бир бор бўлса-да, хаёлингиздан ўтган. Аммо негадир эрингизни қийнамайди? Сабаблари эса қуйидагича:
Сиз ўзингизни мана шундай муносабатга муносиб кўргансиз! Яъни ўзингизни севмайсиз, қадрламайсиз, ўзингизга энг яхши нарсаларни раво кўрмайсиз. «Эр, болалар, қайнота-қайнона, қайнсингиллар, рўзғор — ҳамма муаммолар ҳал бўлсин, кейин менинг навбатим келади», деб яшайсиз. Адашасиз, сизга навбат келгунча эрингизнинг чўнтаги қуримаса ҳам, хотинига ҳам нимадир илиниш истаги ўлади. Яна у ўзини овутиб ҳам қўяди: «Жим юрибдими, демак, шартмас!» фото: онаси, синглисига совға бераётган эркак
Уй бекаси ролига қаттиқ киришиб кетгансиз. Натижада, хафа бўлманг-у, хизматкорга айланиб қолгансиз. Кунингизни тўрт девор ўртасида югуриб, ҳали у ёқни ярқиратиш, ҳали бу ёқни ярқитиш, ўчоқ бошида куймаланиш кабилар билан ўтказасиз. Шу уйнинг ишидан бошқа ташвишингиз ҳам, қизиқишингиз ҳам йўқ. Қани айтинг-чи, турмуш ўртоғингиз сизга нима учун пул берсин? Кийим-кечак, пардоз-андоз учунми? Эрингиз ҳеч бир қизиқиши йўқ, ҳатто ўзининг ташқи кўринишига ҳам эътибор бермайдиган аёлига нима сабабдан пул кераклигини билмагани учун ҳам «Уйда ўтирган аёлга ҳеч нарса шартмас» деган хулосага келиб қолган бўлиши эҳтимоли юқори. Фото: ёзувчи табличка кўтариб олган аёл, унга уй бекаси деб ёзилган
Ўзингиз уни хасисга айлантиргансиз. Болалигимиздан қулоғимизга «Қиз бола ҳамма гапга хўп-хўп дейиши керак», дея қуйилган. Аммо бу дегани ҳамма истакларимиздан, эҳтиёжларимиздан воз кечишимиз шарт деганимас-ку! Умр йўлдошингиздан ортиқча беш минг сўм сўрай олмаётган экансиз, демак, ўзингиздан ҳам ўтган жойи бор. Балким биринчи бор ота уйга йўл олаётганингизда «Йўқ, беш минг сўм ҳам етади, боришга икки ярим минг, қайтишга икки ярим минг», дея ўзингизни тежамкор қилиб кўрсатиш учун қўлингизга сал кўпроқ пул тутқазган эрингизни рад қилгандирсиз? «Бу сафар майли, бир амалларман», дея заруратингиздан воз кечгандирсиз?
Уддабурон эмасмиз. Айнан рўзғор тутимида. Сизга пул ишониб бўлмаслиги сабаб ҳам у қўлингизга бир тийин ҳам тутқазмайди. Бозорлик, болаларнинг кам-кўстига қараётган эркакни тамоман зиқна деб атолмаймиз-да. Фото: чёт расми
Истакларингизни ифодалай олмайсиз. Уяласиз, қўрқасиз ёки «Ўзи билсин», дея катта кетасиз. Эркакка ундан нима исташингизни, нима кутаётганингизни аниқ-тиниқ қилиб айтишингиз лозим. «Фалон дўконда фалондақа оёқ кийим кўрдим, шуни олишим керак», деб. Ёки «Менга ҳар ой майда-чуйдаларим учун мана шунча пул керак», дея нозу ишва билан сўрасангиз, олам гулистон бўлиши ҳеч гапмас. «Кўраяпти-ку, билаяпти-ку, ўзи олиб келади», десангиз, ўтираверасиз. Эркакларнинг кўпчилиги аниқ ҳисоб-китоблар билан иш юритади. Болалар ёки ўзининг эҳтиёжи учун бозор ё дўконга кирса, хотинига нима зарурлиги-ю нима ёқишини билмаслигидан ҳам сизга ҳеч нарса олмасдан чиқиб келаверади. Фото: эри бирор нима олиб келаётганини хаёл қилиб турган аёл, облочкада
Ўзгартиришнинг иложи борми?
Аёл эрининг унга нисбатан хасисона муносабатини ўзгартириш учун аввал ўзига бўлган муносабатни ўзгартириши лозим. Юқоридаги сабабларни бартараф қилиб, аёллик хусусиятларини шалклантирса, турмуш ўртоғи ҳам унга болаларининг онаси ёки уйи, ош-овқатига қараб ўтирувчиси эмас, аёл сифатида қарай бошлайди.
Унутманг, сизнинг аёл сифатида тўрт ролингиз бор. Уларнинг ҳаммасини рисоладагидек ва ўз ўрнида ижро қилолсангизгина, турмуш ўртоғингизнинг ҳурматига сазовор бўласиз.
1-образ: уй бекаси. Вазифаларингиз — хонадоннинг саришта-саранжом тутиш, ширин таомлар тайёрлай билиш, болаларни оқ ювиб-оқ тараш, эрнинг топганини тўғри сарфлаш кабилар.
2-образ: жозибали аёл. Эри доим у томон ошиқадиган, турмуш ўртоғининг кўнглини ола биладиган, эркакни илҳомлантирадиган, жуфтини нозик муносабатларда рози қила оладиган рафиқа бўлишингиз талаб этилади.
3-образ: қизалоқ. Яъни доим эрининг ҳимоясига муҳтож, ўзига яраша эркакликлари бор, турмуш ўртоғини борича севадиган, беғубор, қувноқ, бироз шаддод ва ўйинқароқ аёл қиёфасига кирсангиз, турмуш ўртоғингиз тоғдек қалқонингиз айланади.
4-образ: қиролича. Ўз ўрнини, қадрини биладиган аёл. У чегараларини ҳимоя қилади, кимдир хўрлашига йўл қўймайди, кези келганида оиласини асраш учун курашади, назорат қилади, вазиятни бошқаради.
Аёл ишласа, ҳаммаси ҳал бўлади?!
Аввало, юқорида таъкидлаганимиздек, эрингизни шу феъл-атвори билан қабул қилинг. Сўнгра ўз устингизда ишланг. Бу дўкон очиш ёки бошқа тадбиркорлик ишлари қилишдан кўра самаралироқ. Сиз пул топиб, ўз моддий эҳтиёжларингизни қондиришингиз мумкин, аммо кўнглингиздаги бўшлиқ бўшлигича қолиб кетаверади. Чунки аслида меҳр, эътибор истаяпсиз. Эркак эса одатда моддий нарсалар билан эътиборини қисман бўлса-да ифодалайди.
Тўғри, хасислик қон-қонига сингиб кетган одамдан умид қилиб ўтириш ҳам ярамайди. Ишланг, ҳаракат қилинг, аммо нима учун ишлаётганингизни унутманг. Бир сўм топган киши икки сўм топгиси келади, кейин беш сўмни кўзлайди. Қарабсизки, аёл бошингизга рўзғор, болалар ташвишидан ташқари яна бир дунё ишни сотиб оласиз. Ўзингизга вақт ажратмайсиз, эрингизнинг кўнглига қарашни унутасиз, баъзида эса қўлингиз пул кўриб, босар-тусарингизни билмай қоласиз. Натижада, оилангиздан ҳаловат йўқолади, аёллик хусусиятларингизнинг ўрнини эркакча ҳаракатлар эгаллайди. Шунинг учун доим меъёрни билинг ва ишлайсизми-йўқми аввало ўзингизга эътиборли бўлиб турмуш ўртоғингизнинг диққатини тортинг. Эрингизнинг ўрнига ҳам оила боқиш каби вазифаларини бажариб, ўзингизникиларни унутиб қўйманг.
Амалий машқ
Қўлингизга қоғоз ва қалам олинг-да, қуйидаги икки саволга жавоб ёзинг.
1-савол: Мен аёл сифатида нималарга арзийман?
2-савол: Менинг аёл сифатида қандай ютуқларим бор?
Олдинига жавоб ёзишга қийналишингиз мумкин. Лекин яхшилаб ўйлаб кўринг, наҳот сиз яхши, чиройли ва ўзингиз истагандек яшашга арзимасангиз? Наҳот, ҳеч ютуғингиз бўлмаса? Балким жуда дидлидирсиз, қўли гул пазанда бўлишингиз ҳам мумкин, «5» баҳога лойиқ келин, турмуш ўртоғининг кўнглини забт этган рафиқа — албатта, бу каби сифатларингиз жуда кўп. Уларни юзага чиқаринг. Ўзингизни англанг, шунда муаммоларингиз ечимини топади.
Азиза АЛИМОВА тайёрлади.
Ўзига пулни аяйдиган аёл, эркакда ягона ҳисни уйғотади – ундан пулни аяшни!
Эрих Мария РЕМАРК