2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурига асосан Ташқи ишлар вазирлиги бошқа ваколатли ташкилотлар билан биргаликда чиқиш ва кириш тизимини такомиллаштириш борасида меъёрий-ҳуқуқий актини тайёрлаш топширилган.
Юқорида кўрсатилган меъёрий акт олдига қўйган вазифалар, шунингдек чет элга чиқишда қўйиладиган икки йиллик стикерни бекор қилиш, чиқиш ҳужжатларини тайёрлашда қулайликлар яратилаётгани БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Зеид Раад ал-Хуссайннинг майда Ўзбекистонга ташриф доирасида юқори баҳоланган.
5 июль куни пресс-клубда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов иштирокида ўтган учрашувда ҳам айнан ушбу мавзудаги саволлар диққат марказда бўлди.
Айтиш жоизки, Президентнинг 11 июлдаги миграцион жараёнлар ва фуқароликни расмийлаштиришда ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги Қарорида ваколатли ташкилотларга бир ой муддатда мазкур масала бўйича таклифларни ишлаб чиқишга кўрсатма берилган.
Таклифларда хорижга чиқиш паспортларини жорий этишнинг аниқ босқичлари, муддатлари, техник шартлари ва молиявий харажатлар акс этиши лозим.
Айни дамда Республикада хорижга чиқиш паспортини киритиш масалаларини ишлаб чиқиш ва амалга киритиш борасида махсус ишчи комиссия тузилган.
Таъкидлаш жоизки, республикада хорижий паспортни амалга киритиш борасида ижобий бир тўхтамга келинадиган бўлса, ушбу ҳужжатни бериш босқичма-босқич 2019 йилдан бошлаб амалга оширилади.
Хорижда амалдаги биометрик паспорт билан яшаётган шахслар учун ушбу ҳужжатни мамлакат ташқарисида ишлатиш бўйича алоҳида тартиб ишлаб чиқилади.