АсосийShou-biznes

​ЗУЛАЙҲО БОЙХОНОВА : "ҲАЁТИМНИНГ ЯХШИ-ЁМОН КУНИДА ҲАМ ШУКР ҚИЛДИМ!"

'​ЗУЛАЙҲО БОЙХОНОВА : "ҲАЁТИМНИНГ ЯХШИ-ЁМОН КУНИДА ҲАМ ШУКР ҚИЛДИМ!"'ning rasmi

Атрофингдаги инсонларга қанча кўп яхшиликларни соғинсанг, шу қадар юксалиб бораверасан. Суҳбатдошим бу фикрга қаттиқ ишонади. Ҳаётининг ҳар бир яхши-ёмон кунлари асли синов эканини эътироф этади. Қўшиқлари орқали кимгадир таскин, кимгадир қувонч улашишни истайди. "Сўғдиёна" газетаси самимий, кўнгилчан ва дилкаш аёл, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зулайҳо БОЙХОНОВА билан интервью уюштирди.

— Машҳурлик ҳаммага турли даврларда берилади. Сизга бу ўрта ёшингизда насиб этди. Эртароқ шу даражага эришишим ҳам мумкин эди, деган ўй бўлганми ҳеч?

— Санъат йўлини танлаган ҳар бир ижодкор халқнинг эътирофига сазовор бўлишни ният қилади. Менда ҳам шундай бўлган. Ҳар нарсанинг ўз вақти-соати борлигига ихлосим баланд бўлгани боис меҳнат қилавердим. Биласизми, ҳаётнинг оқ-қорасини таниб, ақл-заковатингиз тўлганида, паст-баландликларни босиб ўтолганингиздан сўнг машҳурликка эришиш бошқача бўлар экан. Ҳаволаниб кетмас экансиз. Давраларда қўшиқларимга жўр бўлишлари, суҳбатлар, съёмка, учрашувларга таклифлар, кўча-кўйда юрганимда ҳурмат-эътибор кўрсатишларидан қандай қилиб таниқли санъаткорга айланганимни ҳам сезмай қолдим. Мухлисларнинг олқиши янграганида ниятларингиз ушалаётганидан қувонаркансиз ва наҳот машҳурликка эришдим, деркансиз беихтиёр.

— Асли мана шуниси қадрлироқ бўлса керак, тўғрими?

— Албатта! Ҳалол меҳнат ва тинимсиз ҳаракат ортидан эришилган натижа ҳамиша азиз бўлади. Ишлайсиз, изланасиз ва бир кун келиб атрофингизга қараб, ниятларингиз ижобатини кўрасиз.

— Кўп йиллар мобайнида Муқимий номидаги мусиқали драма театрида фаолият юритдингиз. Қадрдон даргоҳдан кўнгил узишингиз қийин кечган бўлса керак?

— Билсангиз, мен ҳамон театрдаман! Театр актрисаси сифатида саҳнада чарҳланганим менинг ютуғим! Театр ва рассомчилик институтини тамомлагач, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали драма театрида иш бошлаганман. Саҳнада қўшиқ куйлаб роль ижро этардим. Хонандаликка иштиёқим баланд бўлгани учун кейинчалик мақомчилар ансамблига қатнай бошладим. Орифхон Ҳотамовдан мумтоз қўшиқларни ўргандим, устозим Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов билан танишдим. У кишининг кўмагида илк таронам «Гар соғинсам» дунёга келди. Бугунга келиб, асосий фаолиятим хонандаликда бўлса-да, ҳамон Муқимий театрининг актрисасиман. Бир гап айтайми, театрни қизлик уйимга ўхшатаман. Ҳар замон йўқлаб турмасам, халоватим йўқолади. Ҳалигача овозни созлаш машқлари учун театрга бораман.

— Ролларингизни соғинасизми?

— Ҳа! Архивга киритилган спектакллар намойиш этилса, телевизордан кўзимни узмай томоша қиламан. Ва нуқул камчилигимни ахтараман. Туроб Тўла асари асосида саҳналаштирилган Нодирабегим спектаклидаги бош қаҳрамонни 28-30 ёшларимда ижро қилганман. Эллик ёшдаги Нодирабегимни мана энди гавдалантирсам, ҳақиқий дардини кўрсатиб бера олган бўлармидим, деб ўйлаб қоламан. Ролларимни соғинаман, жуда ҳам...

— Театр актёр-актрисаларининг аксарияти кинода ҳам ўз ўрнини топишга ҳаракат қилишади. Аммо сизни ижодингиз бундан мустасно. Сабабини билсам бўладими?

— Кўплаб фильмлардан таклифлар тушган, сценарийси билан танишгач, рад этганман. Экранда кўринсам бўлди экан деб, дуч келган ролни ижро қилавериш мен учун эмас. Картина режиссёри ким, қаҳрамоним орқали нима демоқчиман, қандай тарбиявий аҳамияти бор — ҳаммасига аҳамият бераман. Чиндан ҳам айнан мен кутган асар бўлса, балким келгусида ролларим бўлар ҳали.

— Юқорида эътирофга сазовор бўлиш ҳақида гапирдингиз. Санъаткорнинг назарга тушиши ҳам бахт, ҳам синов...

— Ҳа, ҳаётда ҳамма нарса синов учун берилади. Гўзаллик, ёшлик, мансаб, молу дунё, ҳатто, фақирлик ҳам. Синовли даврдан ўта олиш учун дунёқарашингиз кенг, зеҳнингиз ўткир бўлиши лозим. Мутолаа, тарихий асарларни томоша қилиш, билимли инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш — мана шулар қарашларингизни бойитади. Атрофимизда адашиб қолаётганлар кам дейсизми? Кимдир оз фурсатда машҳур бўлади. Кимлардир салгина кейинроқ. Ақл-заковати, тажрибаси етарли бўлмай эришган мавқеидан ўзини йўқотиб қўйганларни ҳам кўрдик. Шу боис ҳам ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бор дейман.

— Менимча, сиз ҳаётнинг паст-баландликларию ғирромликларидан ҳам миннатдор бўладиган аёлсиз, адашмадимми?

— Тўғри топдингиз. Ҳалол, покиза инсонларнинг фарзандиман, севган касбимда ҳурмат топдим, мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган умр йўлдошим ҳамиша ёнимда, Яратган ўғил-қиз берди, нега миннатдор бўлмай? Яхши кунларимда қанчалик севинсам, ҳаётнинг қора чизиқларини ҳам мардановар қабул қиламан. Яқинда бир ҳикоя ўқигандим, Сулаймон подшонинг узугида «Бу кунлар ҳам ўтиб кетар» деган ёзув бўлган экан. Подшо шодлигу қайғусида ана шу узукдаги сўзларни ёдга оларкан. Чиндан ҳам яхши кунларимиз ҳам, аксинча ёмонлари ҳам ўтиб кетади. Муҳими, инсонийлигимизни йўқотмайлик.

— Зулайҳо опа, келинг, ижодингиз ҳақида суҳбатлашсак. Репертуарингиздаги қўшиқларингиз мавзусини такрорланмас, деб бўлмайди. Аммо ҳар бири ўз мухлисига эга. Эҳтимол бунинг бир сири бордир?

— Энг аввало қўшиқ учун танланган шеър маъноли бўлиши керак. Шунда бастакор ҳам илҳомланиб куй басталайди. Савияли асар эса ҳамиша ўз тингловчисини топади.

— Тайёр куйга сўзларни мослаштириш-чи, буни қандай изоҳлайсиз?

— Аранжеровкачилар билан ҳамкорлик қилаётган хонандаларни назарда тутаяпсиз. Аранжеровкачи бастакор эмас. У куй басталамайди, балки тайёр мусиқага сайқал беради. Сўнг мусиқага мослаб сўз танланади. Бировни айблаш фикридан йироқман. Аммо бу ижод эмас. Ҳақиқий бастакорлар билан яратилган қўшиқ узоқ умр кўради. Анор Назаровнинг қўшиқларини қаранг, умрбоқий тароналар.

— «Менинг ҳаётимни куйлабсиз...» Мухлисларингиз бу каби фикрларни кўп айтиб туришса керак?

— Ҳа! Кўп аёллар айтишади «Шу қўшиғингиз худди менга аталгандек», деб. Тўй хизматлари, тадбирларга борсак, кимдир «Рашк»ни сўрайди, кимлардир «Кимнидир севганмисан?» қўшиғини эшитгиси келади. Баъзан ўзим ҳам кутмаган тароналаримни айтиб, куйлаб беринг, дейишади.

— Бир суҳбатимизда оналар ҳақидаги қўшиқлардан қаттиқ таъсирланаман, дегандингиз. Волидангизнинг айнан қайси жиҳатларини кўп эсга оласиз?

— ...Онажоним билан тушларимда кўришгим келади. Қанийди шундай бўлса... Синглим билан қўнғироқлашганимда «Бугун онамни туш кўрибман» деса, «Тузукмикан, эгниларида қайси либослари?» дейман ҳовлиқиб. Онаси ҳаёт бўлганларга ҳавас қиламан (кўзлари ёшланди). Волидам ўн олти йил аввал вафот этган. Институтдан таътилга чиқиб уйга борганларимда, эрталаб онам бошимни силаб ният қиларди, «Илохим, бахтинг бутун, мартабанг улуғ бўлсин, болам», деб. Уйғониб кетсам, сўзлари бўлиниб қолади деб, индамай ётаверардим. Кўзларимдан думалаётган ёшлар ёстиқларимни ҳўл қилгач, чидолмай ўрнимдан турардим-да, онамни қучоқлаб олардим. Шу дамларни кўп эслайман. У киши камгап, вазмин, оқила аёл эди. Оилада ёлғиз фарзанд бўлгани учун бувим дарахт ёки томга чиқишига рухсат бермаган, бирор кор-хол бўлмасин деб, аяган экан. Биз сингилларим билан чопқиллаб юрсак, «Маза қилиб дарахтларга чиқиб олинглар», дерди нуқул «Келинг, сизни ҳам чиқарамиз» десак, «Оёқларим қалтирайди, қўяверинглар», дерди. Ҳовлимиздаги гилос дарахтига отам ҳалинчак қуриб берганди. Опа-сингиллар ҳалинчакка онамни ўтказардик-да, учирардик. Онам дадам қайтмагунича тамадди қилмасди, маҳаллада бирор йиғин бўлса, «Чиқаверинглар, етиб оламан», дерди-да, отам келганидан сўнг руҳсат олиб, сўнг остона ҳатларди. Волидамнинг мана шу фазилатларини ёдга олиб, ўзимни кўп солиштираман. Балким халқ хизматида бўлганимиз учунми, кези келганида «Дадаси, фалон ёққа кетаяпман», дейман-да, онам «Борсам майлими?» дерди-я, деб қоламан. Онамдан сўнг отам раҳматли ҳам бошқа уйланмади.

— Охиратлари обод бўлсин!

— Илоҳим!

— Фарзандларингиз ҳам улғайиб қолишди. Ҳадемай тўйларга тайёргарликни бошлаб юборсангиз керак?

— Онамиз-да, ҳамма яхшиликлар боламга бўлсин деймиз. Кўча-кўйда бирор чиройли буюмни кўриб қолсак, фарзандимга деб илинамиз. Қўша-қариган инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлсак, «Болаларим ҳақига дуо қилинг», деймиз. Насиб қилса, чиройли тўйлар қилишни ният қиламан. Лекин ҳозирча қизимни шошилтираётганим йўқ. Турмуш қуриш жиддий масала. Бу ишда, албатта, болаларимнинг кўнглига қараймиз.

— Санъаткорларнинг фарзандларига ҳам осон эмас. Ота-онасига отилган тошларнинг бир учи уларнинг ҳам елкасига тегади?

— Ҳақ гапирдингиз. Қийин дамларда ёлғиз мен ташвишдаман, деб ўйлайсиз, аммо фарзандларингизга икки ҳисса оғирроқ бўлади. Ҳиссиётларини жиловлаб, сизнинг ҳам кўнглингизга қарашади. Одамлар орасидаги турли гап-сўзлар, иғволар... Ҳазм қилиш осон дейсизми? Шукр, фарзандларим эс-ҳушли. Мени ранжитадиган иш қилишмайди.

— Санъаткорлар орасида хушмуомалангиз билан ажралиб турасиз. Табассум ортига яширинган дардлар ҳам йўқ эмасдир, Зулайҳо опа?

— Ота-онамдан сўнг сингилларимдан бири вафот этди. Ўша пайтлари бағримни тупроққа бериб, ҳеч нимани ўйламай қўйгиларим келган. Жигарингизни йўқотиш жуда оғир бўларкан. Аммо тақдир-да, иложсизмиз. Оиланинг тўнғичи бўлганим учун ука-сингилларимга бошман. Бехосдан кўзим учса ҳам, «Синглим тинчмикан, укам омонми?» деб дарров қўнғироқ қиламан. Бирор дардим бор деб нолимайман, шукр, оилам тинч, фарзандларим саломат.

— Дард кўрманг сира!

— Айтганингиз келсин!

Блиц:

— Кимнингдир хатосига гувоҳ бўлсангиз?

— Агар гувоҳлигим яхшиликка хизмат қилса, хатосини айтаман.

— Ишончингизни йўқотган инсонга яна бир бор имконият бера оласизми?

— Йўқ! Муносабатларимга нуқта қўймаслигим мумкин, аммо ортиқ ишонч билдирмайман.

— Йиқилиб, эгилиб қолмаслик учун сизга нима куч беради?

— Сабр-қаноат, ақл ва вақт.

— Турмуш ўртоғингизнинг кўп айтадиган танбеҳи?

— Ўзингни эҳтиёт қил, дам олишинг керак, дейди.

— Ҳар бир аёл билиши керак бўлган уч қоида?

— Аёл аёллигини йўқотмаслиги керак. Менимча, мана шунинг ўзида барча қоидалар жам бўлади.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Ғайрат УБАЙДУЛЛАЕВ

    Бошқа янгиликлар