12.11.2013 09:12
Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
Тадбирда Ўзбекистон ва Хитойнинг ташқи иқтисодий алоқалар, молия, савдо-саноат, сармоя, иқтисодиёт, энергетика, хавфсизлик, фан ва техника, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари, маданият каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Рустам Азимов Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Мажлисда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, бу саъй-ҳаракатлар икки мамлакат манфаатлари йўлида хизмат қилаётгани қайд этилди. – Ушбу қўмита ташкил этилганидан буён икки томоннинг саъй-ҳаракатлари натижасида катта муваффақиятларга эришилгани бизни ғоят қувонтиради, – деди Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюросининг аъзоси, ХКПМҚ сиёсий-юридик комиссияси котиби, қўмита ҳамраиси Мэн Цзяньчжу. – Ушбу қўмита мажлиси олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилиш учун қулай имконият яратмоқда. Музокарада қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сармоявий, молиявий ва техникавий ҳамкорлик, тадбиркорлик субъектларининг бевосита алоқаларини рағбатлантириш, энергетика, хавфсизлик, маданият, фан ва техникага оид масалалар муҳокама қилинди. Қайд этиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон билан Хитой ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2012 йилда 3,4 миллиард АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, мазкур кўрсаткич 2,3 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 59 фоиз кўпдир. Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида тузилган 455 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 70таси юз фоиз Хитой сармояси асосида ташкил этилган. Юртимизда Хитойнинг 71 компанияси ваколатхонаси ишлаб турибди.





