АсосийDunyo

​ЕТИМ-ЕСИРЛАР ОНАСИ

'​ЕТИМ-ЕСИРЛАР ОНАСИ'ning rasmi

Бу мўътабар аёл бошига тушган азобларга қарамай, 1400 дан зиёд етим болаларни оёққа турғазди, деб хабар берди Pozitivno.me нашри.

“Кимники ҳеч кими йўқ экан, мен ўшанинг онасиман”, ­– дейди ўзи ҳақида олтмиш саккизни қоралаган Сапкал. Ҳиндистонда уни “Етим-есирлар онаси” деб аташади. Бу аёл турли сабабларга кўра ота-онасиз ва васийсиз қолган 1400 дан кўпроқ болани вояга етказиб, таълим олишларига ёрдам берган, шунингдек, бахтли оила қуришларига ҳам мадад қўлини чўзган. Умри давомида 750 та мукофот олган, лекин онаизор боқиб олган болаларининг меҳр-муҳаббатини асосий мукофот деб билади.

Сапкал онанинг бошига не кунлар тушмади дейсиз: ночор оилада дунёга келган қизалоқ тўққиз ёшида мактабни ташлашига тўғри келди. Нега десангиз, у йигирма яшар йигитга турмушга чиқишга ҳозирлик кўриши керак эди, ахир, бу наф келтирадиган никоҳ, деб ҳисоблаётган ота-онанинг раъйига қарши бориб бўлармиди?! Ўн йиллик оилавий турмушдан сўнг Сапкал ҳомиладор бўлади, аммо тошбағир эри уни кўзи ёриш арафасида кўчага ҳайдаб солди. Ҳатто бояқишнинг ўз ота-онаси ҳам бечора молхонада туғиб, киндик ичакчасини қиррали тош билан кесишига тўғри келганини ўксиб-ўксиб айтганида ҳам қўлида гўдак кўтарган қизларини қабул қилишмайди.

Сапкал сарсон-саргардонликда кун кечира бошлайди. Бир тишлам нон топиш учун қўлида қизалоғи билан вокзалларда қўшиқ куйлайди. Ана шунда Сапкал илк бора атрофида қанча-қанча етим болалар борлигини кўради. Бу ёшгина жувон уларга раҳми келиб, бир тишлам нонини-да етим-есирлар билан баҳам кўради. Аммо Сапкални тушкунлик тарк этмайди, қашшоқлик гирдобидан қандай қилиб чиқиб кетишни билмай юрагига харсангтош чўкади. Баъзан хаёлига ўз жонига қасд қилиш, ҳатто норасидасини ҳам ўлдириш фикри келади. Ана шу шум ниятини амалга оширишга тайёр бўлганида, ташналикдан ўлаёзган гадони учратиб қолади. Сапкал бу дунёни тарк этишдан аввал савоб иш қилишга қарор қилади ва гадонинг қорнини тўйдириб, сув беради. Гадо эса Сапкалга етти букилиб миннатдорлик билдиради. Мана шу нарса Сапкални шум ниятидан қайтаради, ўзининг Заминдаги бурчи ва вазифаси ночорларга ёрдам бериш эканлигини туйқус англаб етади. Сапкал тушкунликни енгиб, ўзини қўлга олади.

Сапкал она асраб олган етим-есирлар орасида дайди болалар, ахлат бакларидан топиб олинган чақалоқлар ҳам бор эди. У умри давомида 1400 нафар болага ёрдам берди.

    Бошқа янгиликлар