АсосийJamiyat

САМАРҚАНДДА 6 ОЙ ИЧИДА 8 НАФАР ВОЯГА ЕТМАГАН ҚИЗ ФАРЗАНД КЎРГАН

'САМАРҚАНДДА 6 ОЙ ИЧИДА 8 НАФАР ВОЯГА ЕТМАГАН ҚИЗ ФАРЗАНД КЎРГАН'ning rasmi

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган сессиясида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраев тиббиёт муассасалари, жумладан, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг самарадорлиги юзасидан берган ахбороти «Зарафшон» газетасида соғлиқни сақлаш тизимига оид айрим факт ва рақамлар тўлиқ эълон қилинди.

Бугунги кунда вилоятда 350 дан ортиқ тиббиёт муассасаси 3 миллион 200 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида 45 минг нафарга яқин, жумладан, 7672 нафар олий маълумотли врач, 28 минг нафарга яқин ўрта махсус маълумотли ҳамшира фаолият кўрсатмоқда.

Вилоят аҳолисига жами 197 та тез тиббий ёрдам автомобилларига эга бўлган тез тиббий хизмат тизими имконият доирасида хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мазкур соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, кўплаб камчиликлар, долзарб масалалар мавжуд.

Жумладан, Ургут, Паст Дарғом, Каттақўрғон туманларида белгиланган оилавий поликлиникалар, Каттақўрғон, Паст Дарғом, Ургут туманларида белгиланган тез тиббий ёрдам шохобчалари ўз вақтида ташкил қилинмаган.

Тез тиббий ёрдам хизматларини қўшимча равишда 111 та автомашина билан таъминлаш ишлари охирига етказилмаган. Мавжудлари замонавий алоқа воситалари (рация) билан таъминланмаган.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадалари Ургут, Пайариқ, Нуробод, Каттақўрғон, Қўшработ туманларида врачлар билан тўлиқ таъминланмаган, Нуробод, Каттақўрғон, Қўшработ, Оқдарё, Пахтачи, Тойлоқ туманларида эса тез тиббий ёрдам бригадаларида врачлар ўрнига фельдшерлар хизмат кўрсатмоқда.

Паст Дарғом, Тойлоқ, Пайариқ, Ургут, Каттақўрғон туманларида тез тиббий ёрдам бригадалари замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланмаган, Каттақўрғон, Пайариқ, Ургут туманларида тез тиббий ёрдам бўлим ва шохобчалари жойлашган 119 та бинодан 64 таси таъмирталаб, 10 таси янги бинога муҳтож.

Янги ташкил этиладиган ва фаолияти кенгайтириладиган хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш учун "Асакабанк" томонидан 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини ажратиш муддатлари чўзиб келинмоқда.

Маҳаллий бюджетдан тиббиёт муассасаларига ажратилаётган маблағлар амалдаги сарф-харажатга нисбатан камлигича қолмоқда. Бу эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда жиддий камчиликларни келтириб чиқармоқда. Мисол учун, биргина Самарқанд шаҳридаги 3-сон туғруқ мажмуасига фақат дори-дармон ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун ажратилган маблағлар миқдори шу йўналишдаги сарф-харажатларнинг бор-йўғи 13 фоизини ташкил қилади. Иштихон туман тиббиёт бирлашмасида бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмайди.

Вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида мутахассислар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар қатор йиллардан буён ўз ечимини топмаяпти. Тиббиёт муассасаларида фтизиатр, психиатр, онколог, инфекционист, гематолог, рентгенолог ва умумий амалиёт шифокорларига эҳтиёж катта. Мутахассислар малакасини ошириш бўйича белгиланган режалар ижроси таъминланмаяпти. 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида малака ошириши лозим бўлган жами врачларнинг 12,1 фоизи, ҳамшираларнинг эса 10,5 фоизи малака оширган, холос.

Вилоятда оналар ва гўдаклар ўлими 2017 йилнинг биринчи ярмида 2016 йилга нисбатан камайган бўлса-да, 6 ойда 6 нафар она ва 283 нафар гўдак ўлими қайд этилгани бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаганини кўрсатади.

Патронаж хизмати имкониятларидан зарур даражада фойдаланилмагани, тегишли назорат ва тарғибот ишларининг сусайтирилгани оқибатида вилоятда жорий йилнинг 6 ойида 15-16 ёшдагилар ўртасида 8 та туғруқ қайд этилган ва бу салбий кўрсаткич 3 тага кўпайган.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимида қонунбузарлик ҳолатларига тўлиқ барҳам берилмаяпти. Прокуратура органлари томонидан кейинги 2,5 йилда 552 нафар тиббиёт ходими интизомий, 665 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Юқорида баён этилган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши Қарор ишлаб чиқишди ва Қарор ижросини назорат қилишни мутасадди шахсларга юклади.

    Бошқа янгиликлар