"Бир ҳавлида уч ака-ука оиласи билан яшаймиз. Мен тўнғич фарзанднинг рафиқасиман. Алоҳида яшаш учун уй сотиб олишга имкониятимиз йўқ. Турмуш ўртоғимни номида 30 сотих деҳқон хўжалик учун ажратилган ер бор. Шу ерга уй қурсак бўладими?"
Барно Ибрагимова, Қашқадарё вилояти, Шахрисабз тумани
М.ҲАЙИТМУРОДОВ, Қашқадарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари:
— Ўзбекистон Республикаси "Ер кодекси"нинг 55-моддасига асосан деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкасининг ўлчами якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга, илгари берилган ёки бериладиган ер участкасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз берилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сонли қарори билан тасдиқланган "Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги"ги Низом талаблари асосида Низомнинг 8-бандига асосан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги таркибига кирмайдиган ерлардан белгиланган тартибда фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига бир оилага 0,06 гектаргача мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун берилади.
9-бандига асосан якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун 0,04 гектаргача ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда кимошди савдосида сотилади.