АсосийJamiyat

ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ: ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ЯГОНА АХБОРОТ ПОРТАЛИ ИШГА ТУШАДИ

'ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ: ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ЯГОНА АХБОРОТ ПОРТАЛИ ИШГА ТУШАДИ'ning rasmi

23 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидларини амалга оширишнинг замонавий шакл ва услубларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади, дея хабар берди Uzbekistan24.


Қарорда таъкидланганидек, ўтган йилларда электрон аукцион савдоларини ташкил этиш орқали давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш чоралари кўрилди.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, давлат ва корпоратив харидларнинг ҳамда тендер савдоларини ташкил этишнинг амалдаги тартиби замонавий талабларга жавоб бермайди, турли хил коррупция кўринишлари учун шароит яратадиган кўплаб келишиш босқичлари, бир-бирини такрорлайдиган тартиб-таомиллар ва сансалорлик ҳолатлари мавжуд.

Хусусан, идоралараро тендер комиссиялари баённомаларини келишиш ва тасдиқлашни ўз ичига олувчи тендер жараёнларининг айрим ҳолларда олти ойгача чўзилиши кузатилмоқда, бу эса лойиҳалар, шу жумладан, хорижий ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар амалга оширилишининг кечиктирилишига олиб келмоқда.

Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари тизимини тубдан такомиллаштириш, ушбу соҳада суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қарорга мувофиқ:

1) иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган, битта контракт бўйича 5 млн. АҚШ долларидан юқори эквивалентдаги инвестиция лойиҳалари доирасида товарлар (ишлар, хизматлар)нинг хариди юзасидан тармоқ идоралараро тендер комиссиялари тугатилди;

2) лойиҳа ташкилотлари томонидан тайёрланган тендер ва лойиҳаолди ҳужжатларини таклиф этилаётган технология ва асбоб-ускуналар бўйича технология, асбоб-ускуналарни танлаш ва нархларни шакллантириш қисмида экспертизадан ўтказиш функциясини бажарадиган ихтисослашган тармоқ эксперт кенгашлари тугатилди;

3) битта контракт бўйича 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача эквивалентдаги товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидларини Ўзбекистон Республика товар хомашё биржаси томонидан ташкиллаштириладиган электрон савдолар орқали амалга оширишга оид талаб бекор қилинди;

4) 2018 йил 1 январга қадар товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидларини қуйидаги эквивалентларга мувофиқ, яъни:

– 1 минг АҚШ долларидан кам бўлган битта контракт– нархи, сифати ва товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш муддатлари бўйича энг мақбул келадиган шартларни таклиф қилган етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали;

– 1 мингдан 100 минг АҚШ долларигача бўлган битта контракт – буюртмачи тузадиган идоравий танлов комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали;

– 100 минг АҚШ долларидан юқори миқдордаги битта контракт –буюртмачи томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти, шунингдек, буюртмачининг тармоқ илмий-техник кенгашларининг вакилларини мажбурий жалб этган ҳолда тузиладиган идоралараро танлов (тендер) комиссиялари ташкил этадиган танлов (тендер) савдоларини ўтказиш орқали амалга ошириш тартиби жорий этилди. Мазкур харидлар бўйича техник шартлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилган бўлиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Республикасининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат ва корпоратив харидларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Бу борада, Агентликка манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

– Ресурслар ягона миллий маълумотномаси ва Давлат харидлари ягона ахборот портали яратилиши ҳамда 2018 йил 1 январдан ишга туширилишини таъминлаш;

– бир ой муддатда давлат (корпоратив) харидларини амалга оширишнинг шаффоф ва очиқ механизмини, ушбу соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни, электрон харидларни янада ривожлантиришни назарда тутувчи “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини киритиш вазифалари топширилди.


    Бошқа янгиликлар