УЧТЕПА ТУМАНИДА ЎҒРИЛИККА ҚЎЛ УРГАН ШАХСЛАР ҚИЛМИШИГА ЯРАША ЖАЗО ОЛДИ

ЖИНОЯТ 25.08.2017, 10:29
УЧТЕПА ТУМАНИДА ЎҒРИЛИККА ҚЎЛ УРГАН ШАХСЛАР ҚИЛМИШИГА ЯРАША ЖАЗО ОЛДИ

...Бекорчиликдан зериккан икки йигит пойтахтимизнинг Уккоша кўчасида мақсадсиз кезиб юрарди. Йўл четига тўхтаган "Нексия" уларнинг эътиборини тортди. Ундан шошиб тушган амакининг машина эшигини қулфламай дўконга кириб кетганини кўргач, улар ўйлаб ўтирмай шу томонга ошиқди. Улар эшикни очиши ҳамоно машина салонида турган ноутбук ва нақд пулларни қўлга киритиб, жуфтакни ростлашди, дея ёзади УзА.


Шу атрофда кузатув камералари борлиги уларнинг хаёлига ҳам келмаганди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, улар яшайдиган хонадоннинг эшикларини ички ишлар органи ходими тақиллатди. Қилмиш – қидирмиш, деганларидек, бу ўғрилик иши юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Судда жиноят содир этган шахсларнинг оилавий аҳволи, маҳалла ва ўқув муассасаси кафиллиги инобатга олиниб, уларга жарима жазоси белгиланди. Бирининг вояга етмагани инобатга олиниб, унга жамоат тарбиячиси тайинланди.

– Ҳар бир жиноят ишига нуқта қўйилгач, бунга сабаб бўлган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга эътибор қаратилади, – дейди Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди раиси Шамсиддин Тожиев. – Шу мақсадда давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлиги йўлга қўйилган.

Алоҳида эътибор муқаддам судланган, спиртли ичимликларни истеъмол қилувчи шахслар ва фарзанд тарбиясига етарли эътибор берилмаётган нотинч оилаларга қаратилмоқда. Туман ҳокими, прокурори, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарларига бўлинган секторлар бўйича таркибига фидойи инсонлар, суд-ҳуқуқ идоралари ходимлари киритилган профилактика гуруҳлари тузилди. Улар маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари билан бирга хонадонларга кириб, ҳуқуқбузарликка мойил шахслар, тарбияси оғир ўсмирлар билан суҳбат ўтказиш билан чекланиб қолмасдан, ишсиз одамларни ишга, ёшларни таълим муассасасига жойлаштириш, моддий ёрдам кўрсатиш, соғломлаштириш ва бошқа масалаларни аниқлаб, туман ишчи гуруҳи масъуллари кўмагида ҳал қилишга эришмоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида туманда жиноятлар сони камаймоқда. Жорий йилда Ҳайратий, Жарбулоқ, Шафтолизор, Ҳожиобод ва Зулфизар маҳаллаларида умуман жиноят содир этилмаган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1