АсосийJamiyat

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ҲАФТА ДАВОМИДА 92 ТА ЖИНОЯТ ФОШ ЭТИЛДИ

'ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ҲАФТА ДАВОМИДА 92 ТА ЖИНОЯТ ФОШ ЭТИЛДИ'ning rasmi

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш юзасидан кенг кўламли профилактика тадбирлари ўтказилмоқда, дея хабар берди УзА.

Жорий йил 17 августдан 24 августга қадар баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, безорилик, ўғирлик ва фирибгарлик каби қайд этилган 107 жиноятнинг 92 таси тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида фош этилди. Қидирувда юрган 27 нафар шахс ушланди.

Олмалиқ шаҳрида номаълум шахс томонидан уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, жабрланувчининг 20 миллион 350 минг сўм пули ва умумий нархи тахминан 1 миллион 800 минг сўм бўлган тилла буюмлари ўғирлангани фош этилди. Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида жиноятчи Ангрен шаҳрида яшовчи фуқаро экани аниқланиб, тезда ушланди. Ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Қуйи Чирчиқ туманида фирибгарлик йўли билан одамлар ишончини суиистеъмол қилиб, “тез орада пулини бераман”, деб алдаб, умумий нархи тахминан 9 миллион 500 минг сўм бўлган 5 бош қора мол олиб, пулини шу кунга қадар қайтариб бермаган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

2017 йилнинг февраль ойида ички ишлар подполковниги кийимида фирибгарлик йўли билан Зангиота туманида яшовчи нафақахўр онахоннинг умумий нархи тахминан 15 миллион сўм бўлган тилла буюмларини олиб, шу кунга қадар қайтариб бермаган шахс ҳам ушланди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов иши олиб борилмокда.

Профилактика инспекторлари жойларда юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган қидирувдаги шахсларни ушлаш бўйича жамоатчилик билан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳар бир маҳалла ҳудудида ички ишлар ходимлари иш самарадорлигини янада ошириш учун зарур шароитлар яратиш, жамиятда қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтириш, жойларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Бошқа янгиликлар