1

НОН ИЧИДА СИГАРЕТ ОЛИБ ЎТМОҚЧИ БЎЛГАН ШАХСЛАР ҚЎЛГА ОЛИНДИ

ЖАМИЯТ 28.08.2017, 12:15
НОН ИЧИДА СИГАРЕТ ОЛИБ ЎТМОҚЧИ БЎЛГАН ШАХСЛАР ҚЎЛГА ОЛИНДИ

Нон - тинчлик, тўкинлик, ризқ-насиба рамзи саналади. Неъматларнинг султони ва улуғи ҳисобланган нон халқимизда азал-азалдан эъзозланиб келинган. Ушбу табаррук неъмат замирида элимизга хос бағрикенглик, ҳалоллик каби эзгу қадриятлар мужассам. Шу боисдан нонни хорлаган, увол қилган, қинғир режаларини бекитиш мақсадида ундан фойдаланган, бир сўз билан айтганда нонни топтаган инсонлар кун келиб албатта унга зор бўлади, элу юрт олдида ҳурмат-иззатидан айрилади.

Фуқаролар Ш.Маматсоева ва А.Умаровлар ҳам нафси йўлидан бориб, нондек азиз неъматдан қинғир мақсад йўлида фойдаланишга уринишди, дея хабар берди “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Истанбулга парвози олдидан ушбу шахсларнинг безовталаниши божхоначиларда шубҳа уйғотди. Божхона кўригидан ўтказиш давомида уларга тегишли багажларнинг назорат-рентген аппарати экранидаги шубҳали тасвирлари сабабли юклар холислар иштирокида очиб кўрилди.

Натижада, ушбу шахслар божхона ходимларининг кўзини шамғалат қилишга уриниб, 2 турдаги тамаки маҳсулотларини нонлар орасига бекитишгани фош бўлди. Шунингдек, уддабуронлар сигаретларни картон қутилардаги печеньелар орасига ҳамда пойафзаллар ичига ҳам яширишган экан.

Шу тарика, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб ҳамда йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан Ш.Маматсаева 560 қути, А.Умаров эса 500 қути тамаки маҳсулотларини яширинча олиб чиқишга уринишган пайтда тўхтатиб қолинди.

Бундан ташқари, “Тошкент-Истанбул” рейси бўйича парвози олдидан фуқаролар И.Қўлдошева ва Х.Маноновалар ҳам тамаки маҳсулотларини божхона назоратидан четлаб, олиб чиқмоқчи бўлишганда тўхтатиб қолинди.

Божхона ходимларини чалғитишга уринган И.Қўлдошева 700 қути, Х.Манонова эса 880 қути тамаки маҳсулотларини қуруқ чой қадоқлари ичига бекитишган экан.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 100 га яқин божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати салкам 200 млн. сўмлик 39,8 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар ўзлари билан олиб ўтаётган товарлар ҳақида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилишлари шарт. Бу талаб тамаки маҳсулотларига ҳам бирдек тааллуқли.

Агар юқоридаги ҳолатлар таҳлил килинса, аҳоли ўртасида тамаки маҳсулотларини мамлакатдан исталганча олиб чиқиш ва хорижий давлатларга бемалол олиб кириш мумкин деган янглиш тасаввур шакллангани аён бўлади.

Кўриниб турибди-ки, мазкур божхона қоидабузарликлари фош этилиши натижасида нафақат мамлакатимиздан товарларнинг яширинча олиб чиқилишининг, балки юртдошларимизнинг бошқа давлатларда ҳам божхона қоидабузарликларини содир этганликлари учун жавобгарликка тортилишларининг олди олинди.

Шундай экан, хорижий давлатларга йўл олаётган юртдошларимиздан нафақат мамлакатимизнинг, балки ўзлари йўл олган давлатларнинг ҳам божхона қоидаларини билишлари ва қатъий риоя қилишларини сўраймиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22722-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш, яъни товарлар, уларнинг божхона режими ва бошқалар ҳақида божхона мақсадлари учун зарур бўлган белгиланган ёзма, оғзаки ёки бошқа шаклдаги маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш, агар жиноят аломатлари бўлмаса, фуқароларга товарларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1