Бунда асосий эътибор жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилмоқда. Лекин айрим кишилар томонидан қонунларни четлаб ўтишга уриниш ёки қасддан бузиш ҳолатлари учраб турибди.Ўтган ҳафта (20-26 август кунлари) давомида мамлакатимиз ҳудудида 659 жиноят содир этилган. Бу борада олдинги ҳафтага нисбатан камайиш (76 тага) кузатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди, деб ёзади ЎзА.
Содир этилган жиноятлар тафсилотлари Ички ишлар вазирлигининг тегишли соҳавий хизматлари раҳбарлари, вилоятлар ИИБлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва соҳавий хизматлари раҳбарлари, туман ва шаҳарлар ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, жиноят содир этилган ҳудудга бириктирилган профилактика инспекторлари иштирокида батафсил муҳокама қилинди.
– Содир этилган жиноятлар бўйича тузилган тергов-тезкор гуруҳлари фаолияти натижасида 585 жиноят “изи йўқолмасдан” фош этилди, – дейди ИИВ ахборот хизмати раҳбари Тўлаган Абдуллаев. – Жиноятларни содир этган 1 минг 22 шахс, жумладан, иш жойига эга бўлмаган, муқаддам судланган шахслар, шунингдек, 64 жиноий гуруҳ аниқланди.
Ўтказилган тезкор-профилактик чора-тадбирлар натижасида қотиллик, талончилик, номусга тегиш, фирибгарлик, ўғрилик, қасддан баданга тан жароҳати етказиш каби жиноятлар камайгани кузатилган.
Қидирувда юрган 151 шахс ушланган ва 19 бедарак йўқолган киши топилган. Илгари содир этилиб, очилмасдан қолган 65 жиноят фош этилган.
Жиноятларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳафта давомида қайд этилган қотилликларнинг 2 таси оила-турмуш муносабатлари доирасида, қариндошлар ўртасидаги келишмовчиликларга барҳам берилмаганлиги оқибатида Қибрай ва Олтиариқ туманларида содир этилишига йўл қўйилган.






