АсосийShou-biznes

РУХШОНА ВА САНЖАР: — «СЕВГИ, БУ... ...ТЎПОРИ ҚИЗНИНГ КЕЛИНЛИК ВАЗИФАЛАРИНИ БЕШГА БАЖАРИДАГАН РАФИҚАГА АЙЛАНИШИ!»

'РУХШОНА ВА САНЖАР: — «СЕВГИ, БУ...  ...ТЎПОРИ ҚИЗНИНГ КЕЛИНЛИК ВАЗИФАЛАРИНИ БЕШГА БАЖАРИДАГАН РАФИҚАГА АЙЛАНИШИ!»'ning rasmi

Эндиликда сиз севимли санъаткорларингизнинг нафақат ижоди, балки уларнинг муҳаббат тарихидан ҳам хабардор бўласиз.

Лойиҳамизнинг илк қаҳрамонлари эса истеъдодли хонанда Рухшона ҳамда унинг умр йўлдоши – актёр, режиссёр ва клипмейкер Санжар Маткаримов. Бу икки ижодкорнинг тўйи турли саволлар туғдиргани сир эмас. Фурсатдан фойдаланиб, барчасига аниқлик киритишга аҳд қилдик. Шу баҳона ёш оиланинг хали ҳеч қаерда ошкор этилмаган сирларидан ҳам воқиф бўламиз.

— Тўйингиз ҳақидаги хабар кўпчиликни шошириб қўйди. Муносабатларингизни нега сир тутдингиз?

Санжар: — Ижодкор сифатида Рухшона билан таниш эдик. Ўзаро ҳис-туйғулар пайдо бўлгач эса келишган ҳолда уларни ошкор этмасликка қарор қилдик. Биласиз, шоу-бизнесда ҳар хил одамлар бор, бунинг устига, гап-сўз тез тарқалади. Қолаверса, кўз тегиши ҳам бор гап. Лекин, барибир, ойни этак билан ёпиб бўлмас экан. Таниш-билишлар муносабатларимиздан хабар топгач, тўйни тезлаштириб юбордик.

Рухшона: — Ҳақиқатан ҳам бир-биримизни танирдиг-у, лекин ҳамкасб эдик холос. Бора-бора ўрамизда меҳр пайдо бўлди. Аммо буни атрофдагиларга билдирмадик.

— Оила қуриш ҳақидаги қарорни яқинларингиз қандай қабул қилишди?

Санжар: — Волидам анчадан бери уйланиш тўғрисидаги қароримни кутиб юрганди. Шунга ҳам «қиз топдим, уйланаман» деганимда жуда хурсанд бўлди. Кўнгил қўйганим Рухшона эканлигини эшитиб эса ҳам қувондилар, ҳам ишонмадилар.

— Онангиз бўлажак келини билан танишмиди?

Санжар: — Адашмасам, «SUG’DIYONA» газетасида турмушга чиқмаган санъаткор қизларнинг рейтинги эълон қилинганди. Ўшанда онам Рухшонанинг суратини кўрсатиб, «қара, турмушга чиқмаган экан» деганди. У тўғрисида айтганимдан кейин «кўз олдингга олиб қўйган экансан-да» деганди кулиб. Аслида эса интернетдаги суратларимизга изоҳ ёзиб, яқиндан танишганмиз.

Рухшона: — Онам Санжар ака ҳақида эшитиб, аввалига ишонмади. Она, барибир, она-да, мен учун хавотир олган. Кейин бўлажак куёвлари билан суҳбатлашиб, характери, олдига қўйган мақсадларини билгач, рози бўлди.

— Тўйдан олдин бирор шартлашув бўлдими орангизда?

Рухшона: — Йўқ, ҳеч қандай шартлар ҳам, мажбуриятлар ҳам бўлмаган.

— Келинлик ўзига яраша маъсулиятни талаб қилади. Рухшона келинлик вазифаларини неча баҳога уддалаяпти, Санжар ака?

Санжар: — Беш баҳога бажараяпти, десам муболаға бўлмайди. Рости. ҳаммага ёқишга ҳаракат қилади, турли таомлар пиширади. Онажоним ўзига айтадиларми, йўқми билмайман-у, лекин менга нуқул мақтайдилар. Илоҳим, охиригича шундай бўлсин.

— Хўш, Рухшона энди сиздан эшитсак, экрандаги каби актрисалик маҳоратидан фойдаланаяпсизми?

Рухшона: — (кулади). Камера қаршисида актрисалик қилоламан, лекин ҳаётда бундай маҳоратим йўқ.

Санжар: — Режиссёрман-ку, қандай қилиб актрисалик қилсин (кулади). Дарров билиб қоламан.

Рухшона: — Тўппа-тўғри, режиссёрлар жуда синчков бўлишади. Санжар ака ҳам шундай. Хатти-ҳаракатим, кўз қарашларим мени фош қилиб қўяди.

— Билишимча, ота-онангиз билан бирга яшайсиз. Тадбир, хизматлар дегандай... Кеч кириб боришингиз муаммо бўлмаяптими?

Рухшона: — Бу мавзу ўзимни ҳам чўчитарди. Хонанда бўлсам ҳам, қайнона-қайнотам учун келинман. Қандай қабул қилишаркин, дердим. Шукр, касбимни тушунишади. Гоҳида овоз ёзиш ёки суратга олиш ишлари билан бўлиб, тонгга яқин кириб келамиз. Эр-хотин бирга эканлигимизга ҳам кўнгиллари хотиржам.

Санжар: — Бунақа масалаларда онам тушунадиган аёл. ҳозир ҳам интервьюга кетаяпмиз десак, «Мен ҳам борайми» деб қолдилар.

Рухшона: — Хизматларга кетаётганимизда «қайнона-соқчи керакмасми», дейдилар кулиб. Жуда ҳазилкаш, кўнгли очиқ аёл. Билсангиз, санъаткорлар учун яқинларининг тушунгани, далда бўлгани улкан бахт. Илоҳим, ҳамиша соғ бўлсинлар.

— Аҳилчилигингиз йўқолмасин. Эр-хотин ижодкорсиз. Табиийки, иш тартибингиз бир-бирингизникига тўғри келмай қолиши мумкин. Бу борада келишмовчиликлар бўлмаяптими?

Санжар: — Тўғри айтдингиз, иккаламизнинг ҳам вақтимиз тиғиз. Лекин бу масалада тушунмовчиликлар бўлмаслигига ишонаман.

Рухшона: — Санжар аканинг ишлари меникидан муҳимроқ. Чунки у катта жамоа билан ишлайди. Биргина ўзи учун ўнлаб одамнинг режасини ўзгартиролмайди. Ишларидан ортгачгина ижодимга кўмаклашади. Ўйлайманки, вақт масаласи муносабатларимизга таъсир кўрсатмайди.

— Эшитишизча, тўйдан кейин аввалги маъмурингиз билан ишламай қўйибсиз. Бу турмуш ўртоғингизнинг талабими?

Санжар: — Рухшонанинг ўрнига мен жавоб бера қолай. Аввалги маъмурларига ҳеч қандай эътирозим йўқ. Яхши йигитлар, рафиқамни шу кунгача қўллаб-қувватлаб келгани учун улардан миннатдорман. Аммо бундан кейин маъмурлик вазифасини ўзим олиб бораман. Шу тариқа унга кўмак беришим, ижодини бундан ҳам кенгайтириши учун йўл-йўриқ кўрсатишни мақсад қилганман. Қолаверса, бу иккимизга ҳам қулай. Рухшонага шундай қиласан деганим йўқ. Таклиф билдирдим, ўзига ҳам маъқул келдики, рози бўлди.

Рухшона: — Аввалги маъмурим билан дўстона муносабатда хайрлашдик. Ҳеч қандай «сен-мен»га бориш бўлмади. Буёғига эса ўзимиз мустақил ижод қиламиз.

— Жавобларингиздан бир-бирингизга ўхшаш томонларингиз кўплигини сезаяпман...

Рухшона: — ҳақиқатан ҳам феът-атворимиз, дунёқарашимиз жуда ўхшаш. Илк танишганимизда ҳам худди аввалдан бир-биримизни билгандек гаплашиб кетганмиз. Ишонсангиз, ҳатто ёқтирган нарсаларимизгача бир хил.

— Бундай бир хиллик тез зериктириб қўйишидан чўчимайсизми?

Рухшона: — Йўқ, фикрингизга қўшилмайман. Аксинча, фикрлар ўхшаш бўлса, тушунмовчиликлар ҳам бўлмайди.

Санжар: — Ўзаро ишонч, ҳурмат ва меҳр-мухаббат бўлса, муносабатлар аланга олса оладики, асло совимайди.

— Турмушингизнинг шу палласида ўзингиз учун нималарни англаб етдингиз?

Санжар: — Оила катта маъсулият. Буни бўйдоқлигимда ҳам яхши билардим. Шунга ҳам уйланишга шошилмадим. Тўйдан кейин эса ҳаёт кескин ўзгарди. Ижод салгина четга сурилди, оила эса биринчи ўринга чиқди. Аввал ижодий режаларни ўйлаган бўлсам, энди оилам учун режалар тузаяпман.

Рухшона: — Ёлғиз фарзанд бўлганим учун онам ҳамиша кўнглимга қараган. Уй ишлари, пишир-куйдирларга вақтим бўлса қарашардим. Оилавий ҳаётда эса бундай эркакликлар ярамайди. Қатъий кун тартибим бор. Яқинларимнинг кўнглини олишга ҳаракат қиламан, ўз устимда ишлайман, ҳамиша бирор янгилик қилишга интиламан. Бугунимни катта ҳаётга катта қадам, деб таърифласам тўғри бўлади.

— Танлаган йўлингизда толеъ ёр бўлсин! Бугунгидек меҳр-муҳаббатда яшанг.

БЛИЦ САВОЛЛАР

Илк учрашув:

Санжар: — Санасини эслолмадиму, лекин Рухшонанинг уйи олдида бўлган.

Рухшона: — Қизлик уйимнинг ёнгинасида кўприк бор. Муносабатларимизни яширганимиз боис, ана шу кўприк учрашув жойимиз эди.

Илк севги изҳори:

Санжар: — Кўприкдаги учрашувда бўлган. Кўзларига боқиб, «Севиб қолдим» деганман.

Илк аҳдлашув:

Рухшона: — Дил изҳоридан кейин бир умр бирга бўлишга аҳдлашганмиз. Буни қаранг, ўшанда ҳам кўпригимизда учрашгандик.

Илк турмуш қуриш ҳақидаги таклиф:

Санжар: — Албатта, мен айтганман.

Рухшона: — Гулдаста ва торт билан келиб, қаергадир шошилаётганини айтган. Совғаларни бериб, чўнтагидан қутича чиқарган ва узукни қўлига олиб, «менга турмушга чиқасанми» деган. Романтика! Таъсирланганимдан нима дейишни билмай қолганман. Шунда «Тегасан-а, тегасан» деган у киши ҳам (кулади). Жуда қизиқ бўлганди. ҳеч қачон унутмасам керак.

Илк аразлашув:

Санжар: — ҳар куни 5-6 марта содир бўлади. Шу боис биринчисини эслолмаяпман. Кўпроқ у аразлайди.

Рухшона: — Лекин энг узоқ давом этгани 5 дақиқа, холос.

Севги, бу...

Санжар: — Плутоннинг бир гапи бор: «Севги бу ернинг гули эмас. Уни ҳидлаш, узиш мумкин. Лекин, барибир, сирини билолмайсан».

Рухшона: — Илоҳий туйғу. Агар ҳисларингиз ҳақиқий бўлса, кундан кунга меҳрингиз ошиб бораверади.

МИНИ-ТЕСТ

Лойиҳамизнинг мазкур бўлимида Руҳшона ва Санжар бир-бирлари ҳақидаги саволларга жавоб беришади. Ён босиш бўлмаслиги учун иккиси билан алоҳида суҳбатлашдик. Сўнг жавобларни бир-бирига таққосладик.

РУХШОНА: —

— Санжар ака сиз пиширган қайси таомни хуш кўради?

— Овқат танламайди. Кўпроқ қовурилган гўшт ва картошкани ёқтиради.

( Санжар: — Таом танламайман. Лекин қовурилган картошка ва гўштга меҳрим бўлакча.)

— Қайси услубда кийинишни ёқтиради?

— Бу борада ҳам инжиқ эмас. Борадиган жойига қараб, кийимларини ўзим тайёрлаб бераман.

(Санжар: — Кийим танламайман. Қулай бўлса бўлгани.)

— Кўп такрорлайдиган ибораси?

— (Ўйланиб) Унақаси йўқ экан.

(Санжар: — Шу саволнинг жавобига ўзим ҳам қизиқдим. Ўйлаб-ўйлаб тополмадим.)

— Жаҳли чиқса ўзини қандай тутади?

— О-о-о, жаҳли чиққанида яхшиси индамаган маъқул. Шунда ҳам кайфиятини кўтаришга ҳаракат қиламан.

(Санжар: — Жаҳлим чиққани юзимдан билинади.)

— Сизнингча, турмуш ўртоғингиз рашкчими? Неча фоизда баҳолайсиз?

— 200 фоизлик рашкчи. Лекин мен ҳам ундан қолишмайман.

(Санжар: — Рашким жуда кучли.)

— Ёлғон гапирадими ҳеч?

— Йўқ. Ёлғонни ёқтирмайди. Буни устига, алдашни эплолмайди ҳам. Юз ифодасидан билдириб қўяди.

(Санжар: — Алдашни эмлолмайман! ҳаётда ундан фойдаланишни истамайман...)

— Санжар ака ҳаётда нимани ёки кимни кечира олмайди?

— Хиёнат ва ёлғонни кечирмайди.

(Санжар: — Ёлғонни кечиролмайман)

— Бир кун келиб, ишингни йиғиштириб, оила, болалар тарбияси билан банд бўласан, дейиши мумкинми?

— 50/50. Югур-югурлар билан чарчаб қолганимни кўрса, айтиши мумкин. Лекин ҳар доим ижод бу — ижодкорнинг кислороди, уни бўғиб бўлмайди, дейди.

(Санжар: — Ўзим ҳам ижодорман, рафиқамни менчалик тушунадиган одам бўлмаса керак. Менимча, бундай чеклов бўлмайди.)

— Бирор нарсага ваъда берсаю, бажаролмаса ўзини қандай оқлайди?

— Бажаролмайдиган нарсасига ваъда бермайди. Шу хислатини ҳурмат қиламан.

(Санжар: — Ҳеч кимга ваъда бермайман. Одатим шунақа. Чунки эртага нима бўлиши фақат Яратганга аён.)

САНЖАР:

  • Рухшонанинг ёқтирган ифори?
  • (кулади) Билмайман. Атир-упаларига қизиқмаган эканман.
  • (Рухшона: — Атир танламайман. ҳар доим фойдаланадиганим эса Donna Karan.
  • Пардоз-андоз қилиши учун қанча вақт сарфлайди?
  • Жуда қисқа вақтда битиради. Ўзим ҳам ҳайрон қоламан.
  • Молиявий масалаларда тежамкорми ёки қўлида пул турмайдиганларданми?
  • Иккинчиси. Ўхшатмасдан учратмас деганларидай, ўзим ҳам шунақаман.
  • Танқидни кўтара оладими?
  • Йўқ, ёқтирмайди.
  • Хафалашиб қолсангиз ким биринчи бўлиб ярашув таклифини билдиради?
  • Кўпроқ у. Озроқ хафа бўлишимга ҳам қўймайди.
  • Телефонингиздаги ёзишмаларни текширадими ҳеч?
  • Текширмайди. Ёки шунақа одати бормикан?
  • Рухшона сизни кимдан кўпроқ рашк қилади: раққосалар, санъаткорлар ёки модель қизлардан?
  • Санъаткор қиз-аёллардан бўлса керак. Ёки моделлармикан?
  • (Рухшона: — Ҳаммасидан.)

— Қайси одатини ўзи ҳам ўзгартиришни истайди?

— Ўзгартиришни истаганини амалга оширди. Тўйдан аввал салгина тўпорироқ эди. ҳозир анча нафис, мулойимлашган. Буни кўпчилик таъкидлаяпти.

(Рухшона: — Ўзгартиришни истаганларимни бажардим. ҳатто, иккимиз учун ҳам асқотадиган ўзгариш қилдим. Эр-хотин аччиқ дамланган қаҳва ичишга одатлангандик. ҳар куни 3-4 финжонни кўрдим демасдик-да. ҳозир бу одатга ҳам барҳам берганмиз.)

Гувоҳи бўлганингиздек, иккисида ҳам ўхшаш жавоблар кўп бўлди. Бу эса муҳаббатлари ҳақиқий ва беғубор эканлигидан далолатдир.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади

Фотомухбир: Аброр АБДУЛЛАЕВ

Манба: «Sug'diyona» газетаси

    Бошқа янгиликлар