1

"ҚИЗҒАНЧИҚМАСМАН"

МУТОЛАА 19.09.2017, 08:39
"ҚИЗҒАНЧИҚМАСМАН"

— Сен йиғлаяпсанми?
— Ҳа, йиғлаяпман, — дафъатан зарда қилди бола.
— Нега йиғлаяпсан?
— Ўйинчоғимни тополмаяпман.
— Ўйинчоғинг қанақа эди?
— Оддий туяча эди.
— Ана, болаларга қара улар хурсанд, кулиб юришибди. Қўшилсанг бўлмайдими?
— Улар кетишади.
— Қаерга?
— У дунёга... Мен эса келдим.
— Қайси дунёга?
— Ҳалиги, олачипор, қоп-қора кийинган одамлар ҳаммани бу дунёга юборишга уринаётган жой борку... Ўша ерга-да... Сиз ундай одамларни кўрмаганмисиз?
— Кўрмаганман, қаерда улар?
— Ҳозир битта-иккитаси ёнимдан ўтиб кетди. Улар бу ерда ҳам юришибди.
— Бу ерда нима қилишяпти?
— Ўзлари бу дунёга юборган болаларнинг оёғига пешонасини босиб, ўпиб йиғлашяпти. Мени ёнимга биттаси келганди. “Туячамни топиб бермасангиз, оёғимни тутмайман”, дедим. Йиғлаб юборди.
— Тушунмадим?
— Нега тушунмайсиз? Мен у одамни танидим. Дадамнинг белкурагини кўтариб юрибди. Онамнинг тақинчоғини ҳам. Шунинг учун туямни ундан сўрадим. Сиз ўзингиз авлиёмисиз?
— Нега ундай ўйладинг?
— Мени гапларимни эшитиб, кўзингиз ёшланди. Онам доим “Авлиёсифат инсоннинг кўзи тез ёшланади”, дерди.
— Йўқ! Оддий одамман.
— Сизни ким бу ерга юборди? Олачипор кийинган ёки қора одамларми?
— Олачипор кийинмаган одамлар ҳам юбориши мумкинку бу ерга. Мана масалан, хотиним. У мени ёмон кўрган экан.
— Буни билармидингиз?
— Йўқ, шу ерга келаётиб, йиғлаб турганига кўзим тушди. Овутмоқчи бўлиб бораётгандим. Кўксининг ўртасида сен айтгандек олачипор белги кўринди. Пешонасида эса қайси кунлари менга ўлим тилаганининг қора рўйхатини кўрдим.
— Сиз-чи?
— Мен яхши кўргандим. Ҳатто бир неча марта ташлаб кетган бўлса ҳам. Дўстим Алик ҳам олачипор кийинмасди.
— Нима бўпти?
— У онамга таъзия билдириш учун ёнига борганида, унинг кўксида ҳам олачипор белги кўрдим.
— У ҳам ёмон кўрганми?
— Ҳа, пешонасида менинг умримни камайтириш учун аталган қора сўзларни ҳам кўрдим. Нега атроф қизғиш тусга кирди?
— Ана, яна болалар келяпти. Мен ҳали онамни тополмадим. Ўзи яқинда бу ердан кетган эдим. Яна қайтиб келдим.
— Онанг шу ердами?
— Ҳа, аниқ шу ерда!
— Қаердан биласан?
— Бу ерга келаётганимизда, култепа ёнидан ўтдим. Мен билан бирга келган болалар эса “Кимнинг қўлида ота-онамиз ёки ўзимизнинг нарсаларимизни кўрсак, ўша бизни бу ерга юборган бўлади”, деб шивирлашди. “Ўшанинг кўзларига мана шу кулдан сепамиз”, деб келишиб олдик. Нега қулоқларингизни беркитяпсиз?
— Қулоқларни қаттиқ овоздан шундай асраш керак. Шунга ўргатишган.
— Биз ҳам шундай қилар эдик. Яқинда ҳам шундай қилган эдим. Кўзимни очсам, бу ердаман. Агар туячамни олачипор ёки қора кийимли бирор кишида кўрсам, болаларга айтмангу кўзига кул сепмайман. Чунки бу ерда энди қулоқларимни ёпиб юрмайман. Ҳаммаёқ тинчгина. Яна йиғлаяпсизми?
— Йўқ!
— Э, мана туячам! Кимдир оёғингиз остига ташлаб кетибди. Мен уни олиб келганга оёқларимни тутмоқчи эдим! Йиғлаб оларди. Кул сепишимдан қўрққандир-да, қочиб кетибди. Келинг, туячамни бирга ўйнаймиз?! Мен қизғанчиқмасман!
— Йўқ, қизғанчиқ менман. Энди кўзларимни кулга тўлдириб ўйна!

Абдулазиз РУСТАМ ўғли

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1