— Энди катта қиз бўлиб бораяпсан, болам, — дейман кундан-кун дуркунлашиб, бўйи бўйимга етиб бораётган қизимга қараб. Рости, ундаги бу ўзгаришлар мени бир томондан қувонтирса, бошқа томондан хавотирга ҳам солади. Бундай ҳисни, аслида, ҳар бир она юрагидан ўтказади. Негаки, боланинг ўсмирлик даври ота ва она зиммасига катта масъулият юклайди. Фарзандимизнинг табиати, феъл-атворидаги ўзгаришлардан бохабар бўлгач, унинг балоғатга етиши жараёнида нималарга эътибор қаратиш кераклигини ўйлаб шошиб қоламиз. Сир эмаски, бундай пайтда ўсмир, айниқса, қиз болага дўстона маслаҳат зарур. Аммо оналар, кўпинча, мазкур масалада қизлари билан сирлашишга истиҳола қилишади. Қиз боланинг опаси бўлса-ку, майли, бу даврнинг “нозик” жиҳатлари ҳақида огоҳлантириши мумкин. Лекин бўйи етаётган қизнинг бундай маслаҳатгўйи йўқ бўлса-чи? Унда қуйидаги тавсиялар асқотиши аниқ.
“Қизил кунлар” нимадан дарак?
Қиз бола 11-12 ёшга етганида у ҳайз кўради, яъни жинсий аъзоларидан қон келади. Қўрқма, бу касаллик эмас, балки аёл кишида ҳар ой такрорланадиган ҳолат. Одатда, она неча ёшда ҳайз кўра бошлаган бўлса, қизда ҳам худди ўша ёшда ёки унга яқин вақтда ана шундай ўзгариш кузатилади. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, қиз боланинг вазни 47 кг. га етганида у ҳайз кўрар экан. Яъни, озғин қизлар, дўмбоқларга қараганда кечроқ етиладилар. Аммо ёшинг 15-16 га етиб қолган ва ҳалигача ҳайз кўрмаган бўлсанг, шифокор кўригидан ўтиш зарур.
- Илк аломатлар
- Оғриқлими?
- Шифокорга боришдан аввал...
- Тиббий кўрик қандай ўтади?
- Неча ёшда ҳайз кўра бошладинг? Илк ҳайз неча кун давом этган ва сўнгги марта қачон бўлди? У ҳар ойда бир вақтда такрорланадими ёки бир неча ой ҳайз кўрмаслик ҳолатлари ҳам бўлганми?
- Ҳайз даврида оғриқ ҳис қиласанми? Кўп қон келадими?
- Сени безовта қилаётган бошқа шикоятларинг борми?
- “Аёллар шифокорига бормайман!”
- Ҳайз ва спорт
- Ҳайз пайтида чўмилиш мумкинми?
Ҳайз келишидан бир неча ой аввал қориннинг пастки қисмида бироз оғриқ сезилиши, қиндан рангсиз ёки оқ ажралмалар кела бошлаши мумкин. Фақат бу ажралмаларда нохуш ҳид борлигини сезсанг, албатта, онанг ёки опангга айтишинг лозим. Чунки, бу бирор касаллик аломати бўлиши эҳтимоли бор. Ички кийимингда жигарранг ажралма изини кўрсанг, билгинки, бу биринчи ҳайз. Одатда, илк ҳайзда бир неча томчи қон келади. Ҳайз ҳар ой, яъни 28-30 кунда такрорланади ва 3 кундан 7 кунгача чўзилиши мумкин. Унинг ҳар ойда маълум бир вақтда келиши – саломатлигинг кўрсаткичи ҳисобланади.
Ой кўришингдан бир неча кун аввал қоринда пастга тортувчи оғриқ ҳис қилишинг мумкин. Унутмаки, жуда қаттиқ оғриқ турса, қон миқдори кўп бўлса, буни яқинларинг (она, опа, хола)га билдириб, гинеколог шифокор кўригидан ўтиш зарур.
4. Неча ёшда гинекологга бориш керак?
Агар сени ҳеч нарса безовта қилмаса, 13 ёки 15 ёшда гинеколог шифокорга кўринишинг мумкин. Гинеколог нафақат аёллар касаллигини даволайди, балки қизлар у ёки бу касалликка чалинишининг олдини олиш билан ҳам шуғулланади. Касалликни даволашдан кўра, унинг келиб чиқишига йўл қўймаслик осонроқ. Шу сабабли йилига бир маротаба гинеколог кўригига бориб туришинг, саломатлигинг учун фойдалидир.
Ички кийимларинг тоза бўлиши керак. Эртага гинеколог кўригига боришни режалаштирган бўлсанг, уйқуга ётишдан аввал тозаланиш, жинсий аъзоларни ювиш зарур. Аммо гинекологга боришдан бир неча соат аввалбундай қилиш тавсия этилмайди. Нега деганда, яллиғланиш ёки шамоллаш аломатлари бўлган ажралмалар ювилиб кетиши мумкин.
Агар сени ҳеч нарса безовта қилмаётган бўлса, шифокор суҳбат жараёнида қуйидаги саволларни бериши мумкин:
Гинеколог ушбу саволларга берган жавобингдан келиб чиқиб, кўкрак безларини текшириши мумкин. Шунингдек, сени тиббий кўрикдан ўтказиш учун махсус гинекологик креслога чиқишни буюради. Албатта, бу сени бироз хавотирга солиши табиий. Аммо ёдингда бўлсин, бу оғриқли жараён эмас, бироз ёқимсиз, холос. Бундан ташқари, турмушга чиқмаган қизларни шифокор ультратовуш текшируви ёрдамида ҳам текшириши мумкин. Шифокор аъзоларнинг қанчалик тўғри ривожланаётгани ва шамоллаш бор ёки йўқлигини кўради. Мабодо, гинеколог кўриги пайтида оғриқ ҳис қилсанг, буни дарҳол шифокорга билдиришинг керак.
Гинеколог шифокор кўриги сен тасаввур қилганингдек даҳшатли ҳодиса эмас. Шифокор саломатлигингга зарар етказадиган ҳеч қандай ҳаракат қилмайди. У жинсий аъзолар қанчалик тўғри ривожланаётганини назорат қилиб, бирор салбий ўзгариш йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун уни кўздан кечириши лозим. Бу тўғри ташхис қўйиш учун зарур ва текширув узоғи билан 2-3 дақиқа талаб қилади, холос. Қўрқма. Борди-ю, ҳаяжонингни енга олмасанг, ойингдан қўлингни ушлаб туришини илтимос қилишинг мумкин.
Ёдингда тут: Гинеколог шифокор кўригига борганинг ва қандайдир муолажалар олаётганинг тўғрисида ҳатто энг яқин дугонангга ҳам айтма. Қизлар бу каби кичик сирларнинг бегоналар қулоғига етишидан эҳтиёт бўлишлари керак.
Ҳайз даврида қаттиқ оғриқ ҳис қилмасанг ва кўп қон келмаётган бўлса, спорт машғулотлари билан шуғулланиш мумкин.
Бундай пайтда шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш зарур. Эрталаб ва кечқурун илиқ сув билан жинсий аъзоларни ювиш, ички кийимларни яхшилаб дазмолланганига алмаштириш шарт. Шунингдек, ўзингга тегишли алоҳида сочиғинг, совун ва мочалканг бўлиши лозим. Ҳожатга чиққанингдан кейин (ёки кечки пайт), албатта, жинсий аъзоларни тўғри йўналишда: олд тарафдан орқага қарата ювиш керак.
Оналар учун!
Қизингиз бўйи етиб, катта бўлиб қолди. У билан тенгқуридек бўлмаса-да, яқин инсони сифатида гаплашишингиз, маслаҳат беришингиз ҳар иккингиз учун ҳам фойдалидир. Чунки, сиз бу билан қизингизни безовта қилаётган муаммолардан бохабар бўласиз ва унга тўғри йўл кўрсатасиз. Болангизнинг ҳали ҳаётда тажрибаси бўлмаган ўзи каби дугоналари маслаҳатига қулоқ тутиб, иш кўриши тўғри эмаслигини унутманг.
Одатда, ўсмир ёшдаги қизлар онасининг кайфиятини осонлик билан ўзига “юқтиради”. Ва бу ёшда оналар фарзандларидан фақат ўзларига маълум сабабларга кўра, узоқлаша бошлайдилар. Натижада, ёш қиз ўз муаммолари билан ёлғиз қолиб кетади ва ўзига нисбатан ишончи йўқола бошлайди. Шу боис, қизингизнинг бўйи чўзилиши билан ўзингизнинг ўсмир ёшингизни ёдга олинг. Фарзандингизда рўй бериши мумкин бўлган ўзгаришларнинг табиий ҳол эканлигини унга тушунтиринг. Қизингиз ўзини қийнаётган барча саволларга сиздан жавоб ола билишини ҳис қилсин. Ва унинг саволларига ортиқча ҳиссиётга берилмай, вазминлик билан жавоб қайтаринг. Шу билан бирга қарши жинс вакиллари билан муносабатларда эҳтиёт бўлиши кераклигини ҳам айтиб ўтинг.
Шу билан бирга ўсмир ёшдаги қизингизни болалар гинекологи кўригидан ўтказиш уятли эмас. Албатта, уни кўрикдан ўтказаётганингизни бировга овоза қилишнинг ҳожати йўқ. Аммо, шу билан бирга, ўсмир ёшдаги қизингизнинг тўғри ривожланаши унинг келажак ҳаёти, ҳомиладор бўла олиши, соғлом фарзанд дунёга келтира олиши учун эса муҳимлигини унутманг. Шу сабабли йилда бир бора бўлсада, қизингиз билан болалар гинекологи кўригидан ўтиб туриш тавсия қилинади.
Мақола болалар гинеколог шифокори Ёқут НУРМУҲАММЕДОВА билан ҳамкорликда Мадина ЗАРИФ тайёрлади.
Манба: "SUG‘DIYONA" газетаси.