АсосийJamiyat

​ЁШ ОЛИМЛАРДАН ИБОРАТ ЭКСПЕДИЦИЯ ОРОЛБЎЙИДАГИ ҲОЛАТНИ ЎРГАНИШАДИ

'​ЁШ ОЛИМЛАРДАН ИБОРАТ ЭКСПЕДИЦИЯ ОРОЛБЎЙИДАГИ ҲОЛАТНИ ЎРГАНИШАДИ'ning rasmi

Шу йилнинг 17-20 сентябрь кунлари Қорқалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорликда ёшлар илмий экспедицияси ташкил этилди. Унда ёш олимлар, гид-экскурсоводлар, фотосуратчилар, блогерлар ва журналистлар иштирок этади. 25 кишидан иборат экспедиция аъзолари 3 кеча-кундуз давомида Оролбўйи ҳудудида истиқомат қилиб, ҳақиқий ҳолат билан яқиндан танишади.

Маълумки, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишнинг самарали йўлларини ишлаб чиқиш, ушбу ҳудудда юзага келган экологик муаммоларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш ва амалга ошириш қаби тадбирлар белгиланган.

Мазкур лойиҳа орқали тадбир ташкилотчилари Орол фожиасининг бугунги кундаги ҳолатига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, биология, геология, экология йўналишларида илмий-тадқиқот олиб бораётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва касбга бўлган қизиқишларини янада оширишга ҳаракат қилмоқдалар. Шунингдек, ҳудудга туристлар оқимини, айниқса, ёшлар ва экстремал туризм йўналишларида хорижлик меҳмонларни жалб қилишга хисса қўшишни режалаштирганлар.

Экспедиция давомида иштирокчилар ёш олимлар (эколог, медик, геолог, биолог), гид-экскурсоводлар, ёш журналист ва блогерлар гуруҳларига бўлинган ҳолда тегишли вазифаларни амалга оширадилар. Якунда ҳар бир гуруҳ томонидан келгусида ҳудуд ривожи учун хизмат қиладиган лойиҳа ёки маҳсулот тақдим этилади. Мисол учун, гид-экскурсоводлар гуруҳи маҳаллий ва хорижий туристларга мўлжалланган янги йўналишлар маршрутини тақдимотини ўтказади. Ёш олимлар, журналист ва блогерлар гуруҳи эса турли реклама ва тарқатма материаллари учун контент тайёрлашда 1-гуруҳга кўмаклашадилар. Ҳар бир гуруҳга тажрибали эксперт ҳамроҳлик қилади.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, Тошкент шаҳрида экспедиция натижаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар