“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти иккита йирик анжуманга мезбонлик қилмоқда, дея хабар беради компания ахборот хизмати.
Биринчиси, Мустақил давлатлар хамдўстлигига аъзо давлатларнинг темир йўл транспорти маъмуриятларининг ваколатли вакилларининг трафарет жадваллари алмашинуви ва йўловчи поездлар таркиблари схемаларини шакллантириш бўйича навбатдаги йиғилишидир. Уч кун давом этадиган халқаро анжуманда жами 10 га яқин давлатлардан делегатлар иштирок этишмоқда.
Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бош менежери – бош муҳандиси Х.Хасилов қатнашди ва нутқ сўзлади. Халқаро анжуман доирасида барча темир йўл компаниялари йўловчи поездлар қатновини янада шакллантириш, янги йўналишларни очиш, йўловчилар оқимини ошириш бўйича келишувга эришишади.
Мазкур жараён ҳар йили ўтказилиб, келишув баёни асосида халқаро қатновлар амалга оширилади. Жумладан, “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти амалдаги 9 та ҳалқаро йўналиш трафаретини тақдим этади ва шу бўйича ҳамкорлик олиб боради.
Шу куни темир йўл хамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ҳалқаро темир йўл ташувларида юк вагонларидан фойдаланиш қоидалари бўйича келишуви доирасидаги йиғилиш ҳам ўтказилди. Унда Литва, Россия, Қозогъистон, Венгрия, Полша, Тожикистон, Украина, Эстония ва ўзбекистонлик мутахассислар иштирок этишди. Тадбирнинг асосий мавзуси юк ташишда вагонлардан фойдаланиш, вагонларга техник хизмат кўрсатишдир. Уч кун давомида мутахассислар ушбу масалалар музокаралар олиб боришади. Халқаро анжуман сўнггида тегишли хужжатлар имзоланади.