АсосийSUG'DIYONA

БУЙРАК ВА ЎТ ПУФАКДА ТОШ БЎЛСА...

'БУЙРАК ВА ЎТ ПУФАКДА ТОШ БЎЛСА...'ning rasmi

Маълумотларга кўра, жаҳон ахолисининг беш фоизи ўт пуфагида тош «кўтариб» юраркан. Буйракдаги катта-кичик тош соҳиблари эса кўп йиллар давомида организмларида тўпланаётган «бойлик»дан хабарлари ҳам бўлмайди. Хўш, нега шундай? «Бисотимиз»даги тошлардан қандай қутилиш мумкин? Бугун кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.

Мутахассис – Республика ихтисослаштирилган урология маркази шифокори, урология кафедраси доценти Улуғбек ХУДОЙБЕРГАНОВ.

Муаммо «илдизи» қаерда?

Буйракда тош йиғилишининг асосий сабаби организмда моддалар алмашинувининг бузилишидир. Шу билан бирга касалликнинг бошқа сабаблари ҳам йўқ эмас. Хусусан:

  • етарли миқдорда суюқлик ичилмаслиги боис организмда сув алмашинувининг бузилиши;
  • пешоб йўлларидаги инфекциялар;
  • пешоб ҳажми камайганда ёки таркибида тош ҳосил қилувчи моддалар кўпайганда буйракда тош йиғилади.
  • Подагра хасталиги туфайли пешоб кислотаси ортиб, тош пайдо бўлиш хавфи юзага келади;
  • Пешоб таркибида кальций тузининг кўплиги (хасталикнинг қарийб 50 фоизини ташкил этади);
  • Қандли диабет ва гипертония билан оғриганларда ҳам буйрак тошининг юзага келиш эҳтимоли мавжуд;
  • Айрим дори препаратлари ҳам буйракда тош келтириб чиқариши мумкин.

Тошлар аввалига турли таркибга эга майда кристалл кўринишда бўлиб, суюқлик миқдорини етарлича қабул қиладиган кишиларда пешоб ажралиши орқали чиқиб кетади. Агар бу жараён нормал кечмаса, кристаллар ўсишни бошлайди ва бир-бири билан бирлашиб, тошга айланади. Одатда тошлар ўлчами 4 мм.дан 4-5 см.гача етиши мумкин. Шуниси қизиқки, буйракда ҳосил бўлган тошлар йиллар давомида ҳеч қандай белгиларсиз катталашади.

(алоҳида)

Буйрак–тош касаллиги нефролитиазнинг эркаклар ва аёллардаги кўрсаткичи деярли бир хил. Ёш масаласида ҳам, катталар ва ўсмирларда учраётган ҳолатлар қайд этилмоқда. Демак, «буйрак-тош касаллиги ёш танлайди» деган тушунча бугун эскирди.

Турлари

Буйракдаги тошларнинг турли хили бор. Булар, урат, оксалат, фосфат тошлари, пешоб суюқлигида шовул кислотасининг кўпайиб кетиши натижасида чўкмалар пайдо бўлишидан сўнг келиб чиқадиган, шунингдек, кальций тузининг сийдикда меъёрдан ортиқ ажралиши сабабли пайдо бўладиган тошлар.

Касаллик асорати ҳам бўлиши мумкинми?

Чиндан ҳам буйрак тошлари бирор хасталик асоратида келиб чиқиши мумкин. Асосан:

Белгиси оғриқми?

Хасталик қорин, бел ва тос соҳасида кескин оғриқ юзага келиши билан ифодаланади. Тош жойидан қўзғалганда, оғриқ кучайиб, тананинг ҳолати ўзгарганида ҳам ўтиб кетмаслиги мумкин. Кўнгил айниши, қайт қилиш, пешоб рангининг одатдагидан тўқлашиши кабилар ҳам нефролитиаздан даракдир. Борди-ю, сийдик йўлларида инфекция бўлса, буйрак-тош касаллигида тана ҳарорати кўтарилиши мумкин.

(алоҳида)

Кўпчилик наздида буйрак–тош касаллиги насл суриши мумкин бўлган хасталик. Тиббий маълумотларга юзлансак, нефролитиазнинг наслий мойиллик эҳтимоли бор-йўғи 1-2 фоиз эканлигини кўрамиз. Демак, хасталик кўп ҳолларда орттирилган бўлади.

Ташҳис аниқ, эндичи?

Пешоб таҳлили, УТТ ва рентген текширувларидан ўтдингиз. Хуружлар такрорийлиги ва ҳолатига кўра шикоятларингиз тингланади. Ташҳис аниқ – нефролитиаз! Муолажага ўтишдан аввал бир эслаб кўринг, илгари буйракда туз ёки қум йиғилиши билан тўқнаш келмаганмидингиз? Борди-ю, эътиборсизлик қилиб, ўша қум ва тузлар бугун тошга айланган бўлади.

Ана энди муолажа ҳақида:

  • Тош ҳажми катта бўлмаса (4-5мм), етарли миқдорда суюқлик ичилганида сийдик орқали тушиб кетади. Бунинг учун шифокор пешоб ажралишини фаоллаштирувчи препаратларни буюриши мумкин.
  • 9-10 мм. ўлчамдан катта тошлар аниқланганида уларни майдалаб, сийдик йўлидан ўта оладиган кўринишга келтирувчи даво чоралари қўлланади. Фаҳмлаганингиздек, бунда ҳам тошлар пешоб ажралиши орқали чиқиб кетади.
  • Буйрак тошининг ўлчами 1,5 см.гача бўлса, уни аввал электромагнит тўлқин ёки ультратовуш зарб тўлқини ёрдамида майдалаш лозим. Муолажа амбулатор шароитда ўтказилиб, ҳеч қандай тиғ ишлатилмайди. Электромагнит тўлқин таъсирида майдаланган тошлар 3-5 кун давомида сийдик билан тушиб кетади.
  • Ҳажми йирик тошлар-чи, дерсиз. Улар эндоскопик жарроҳлик амалиёти ёрдамида олиб ташланади. Мазкур амалиётнинг косметик жиҳатдан афзаллиги ҳам таъкидланади.

Буйрак-тош касаллигини даволашда қўлланилган усуллар эркак ва аёллар, шунингдек йигит-қизларда бир хил бўлиб, муолажадан сўнг хасталикнинг такрорланиши беморнинг ўзига боғлиқ. Зеро, танланган муолажалар беморнинг жинсига кўра ажратилмайди.

Ўт қопи «оғирлашиб» кетса...

Овқат ҳазм қилиш жараёни меъёрда кечса, ўт пуфагида муаммо юзага келмайди. Акс ҳолатларда эса ўт пуфагида зарда тўпланиб, тош пайдо бўлиши ёхуд ушбу аъзонинг бошқа касалликлари юзага келиши мумкин. Ўт пуфаги суюқлиги бир неча таркибли бўлиб, унда юзага келувчи тошлар ҳам таркибига кўра фарқланади. Холестерин, кальций ва билирубин пигментидан ҳосил бўлувчи тошлар шулар жумласидан. Аралаш таркибли тошлар ҳам кўп учрайди.

«Безовталик йўқ-ку?!»

Тош жойидан қўзғалмагунича ҳеч қандай оғриқ сезилмаслиги мумкин. Ҳатто, ўт пуфагингизда бир неча миллиметрлик тош кўтариб юрганингизни тасодифан тиббий текширув пайти билиб қолишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Тўғри, вақти–вақти билан кўнгил айниб, жиғилдон қайнайди ёки оғизда таҳирлик пайдо бўлади. Бироқ касаллик оғриқ бермагани боис эътибор бермайсиз. Тош ўт йўлига ҳаракатланиб, уни беркитиб қўйганида эса ўнг қовурға остида санчиқли оғриқ юзага келади. Безовталик қорин, ўнг курак, ўнг елка, ўмров ва кураклараро соҳага тарқалади.

Сабаби семизлик?!

Ўт пуфагимда тош қаердан пайдо бўлди деяпсизми? Келинг, уни келтириб чиқарган омиллар билан танишамиз. Биринчидан, ҳаддан ташқари кўп ва пала-партиш овқатланиш, камҳаракатлилик, организмда моддалар алмашинувининг бузилиши, ўт димланиб қолиши, экология таъсири. Рўйҳат давомида ирсият ва семиришга мойиллиги борларни ҳам учратиш мумкин. Аммо насл суриш эҳтимолини камайтириш мумкин. Асосий шарти, соғлом турмуш тарзига риоя этиб, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб турсангиз кифоя.

(алоҳида)

Ўт-тош касаллиги кўпроқ турмушга чиққан аёлларда учрайди. Сабаби эса ҳомиладорлик давридаги ўзгаришлар. Фарзанд кутаётган аёл организмида алмашинув жараёнлари ўзгариб туради. Бу эса ўт пуфагида турли ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

«Ўт қопи олиб ташланадими?»

Ўт пуфакдаги муаммоларни бахолашда УТТ ва зарур ҳолларда компьютер томография текшируви ўтказилади. Аниқланган тошларни даволашда унинг катта-кичиклиги эътиборга олинади. Масалан, тош кичик ўлчамда бўлса, эритиб туширувчи дори препаратлари ҳамда парҳез буюрилади. Агар тош ўлчами катта ва ҳафта давомида 2-3 марта оғриқ хуружлари қайталанаётган бўлса, жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, тош билан бирга ўт пуфаги ҳам олиб ташланади. Шунингдек, ўт пуфакда тўпланган тош, ўт йўлларига тиқилиб қолганида ҳам жарроҳлик аралашуви бажарилади. Тош олиниб, ўт пуфаги қолдирилиши ҳам мумкин. Бироқ бу ҳолатда қайта тош йиғилиш эҳтимоли бор. Ўт пуфаги олиб ташланганида бемор парҳезга риоя этиши лозим.

Буйрак-тош касаллиги сингари ўт-тош хасталигида ҳам асосий шарт – муолажадан кейинги парвариш. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ножўя таъсирлар келиб чиқмайди, қачонки бемор соғлигига эътиборли бўлса! Хоҳ турмушга чиқмаган қиз бўлсин, хоҳ уйланмаган йигит икки касалликнинг ҳам репродуктив тизим фаолиятига дахли йўқ. Бироқ шифокор буюрган тавсияларга қатъий амал қилиш ҳар икки жинс вакили учун шарт ва зарурдир.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Бошқа янгиликлар