АсосийSUG'DIYONA

ЎЗИНИ СЕВИШ ХУДБИНЛИК ЭМАС!

'ЎЗИНИ СЕВИШ ХУДБИНЛИК ЭМАС!'ning rasmi

Аминманки, ҳаммамиз бир бор бўлса-да, атрофдагилардан «Худбин бўлма» деган танбеҳни эшитганмиз. Аслида, ўшаларнинг ўзи худбин, бизни шу йўл билан бошқаришмоқчи: «Йўқ, худбин эмасман, сиз учун ҳар нарсага тайёрман», деб ҳаракат қилишимизни кутишаяпти. Тўхтанг! Бу алдовга чув тушманг. Худбин бўлмаслик бу ўзни севмаслик дегани эмас.

Худбинлик — доим ўз манфаатини ўйлаш. Ўзни севиш эса ўзи билан дўстлашиш, ўзни айбламаслик, ўз шахсини ҳурмат қилишдир. Қуйида ўзини яхши кўрмайдиганларнинг асосий «белги»ларини санаймиз.

Демак, сиз қилаётган ишларингизни ёқламайсиз. Танқид — ғурур маҳсули. Ҳар доим ўзингизни танқид қилаверсангиз, сизда ғурур эмас, манманлик ҳисси ошиб-тошиб кетибди. Шу даражада кўпайибдики, ўзингизни идеал одам ҳисоблай бошлабсиз ва ўзингиздан фақат идеал даражадаги ишларни кутаяпсиз. Оддий одамлар сингари хатолар қилишингиз мумкинлигини тан олишга эса камтарлигингиз етарли эмас.

Ташқи кўринишингиздан норози бўлсангиз…

«Қанийди фалончихондек шаҳло кўзларим бўлса» ёки «Нега дугонамдек оппоқ эмасман?» сингари фикрлар тез-тез миянгизда айланаверадими? Демак, сиз ўзингизни ҳадеб бошқалар билан солиштириш дардига мубтало бўлибсиз. Албатта, бундай шароитда ўзингизни севишингиз мумкин эмас. Дарҳол бу одатни тарк этинг. Сиз, бу — сиз, уни фалончию писмадончихонлар ўлчами билан ўлчаманг. Одам ўзининг нуқсонларини билиши керак, аммо бу нуқсонларга муносабати тўғри бўлиши лозим. Сиз Яратганннинг ижодисиз, у ўша нуқсонларни сиздаги ўзига хосликни таъкидлаш учун берган.

Доим ўзингизни айбдор ҳис қилаверсангиз…

Болангиз касал бўлиб қолди. Сиз «Бола деган хасталанади-да, иссиқ жон», демайсиз. «Яхши қарамабман, иссиқ кийинтирмабман ва ҳоказо», дея ўзингизни айблаб бошлайсиз. Бу туйғу ичингизда кечаётган бўлса-да, атрофингиздагилар ҳам ҳис қилишади. Сиз уларга тайёр хулосани бердингиз, айбдорликни зиммангизга олдингиз, улар жон деб уни қабул қилишади ва айблов тошлари бир-бир ота бошлашади. Унутманг, ҳамма нарсани олдиндан кўриб, сезиб, олдини олиб юрадиган одамнинг ўзи йўқ. Умуман, бўлар иш бўлгандан кейин ким айбдорлигининг нима аҳамияти бор? Аҳамиятлиси, ким шу муаммони еча олади. Тўғри фикрласангиз, муаммони ҳал этгувчи ўша инсон, албатта, ўзингиз бўласиз.

Бошқаларнинг истагини ўзингизникидан устун қўяверсангиз…

Овсинингиз идишларини ювмай ухлаб қолибди, сизнинг чақалоғингиз инжиқ, бироқ уни бешикда чирқиратиб қўйиб, идиш-товоқларни ювасиз. Албатта, ёмон иш қилмадингиз. Бироқ ўз истакларингиз ва шароитингизга қулоқ солмаганингиз боис имкониятларингизни тўғри тақсимламайсиз. Эртага «Боламни ушлаб туринг» деган илтимосингизга овсинингиз рад жавобини берса (муҳимроқ ишлари бўлиши мумкин-ку), уни ёмон кўриб қоласиз. Чунки сиз ўзингиз қилган қурбонликни овсинингиз етарли баҳоламади, деб ўйлайсиз. У эса олдингизда ўзини ҳеч қарздор деб ҳисоблаётгани йўқ. Болангизни йиғлатиб, унинг ишини қилганингизни, ҳатто, сезмаган бўлиши ҳам мумкин. Демак, сўралган, илтимос қилинган ишни имкон қадар бажаринг, аммо имконингиз йўқ бўлса, атрофдагилар шу ҳолатингизни тўғри қабул этишларига ишонинг.

Ҳаммага бирдек ёқишга интилсангиз…

Атрофдагилардан ўзингизга нисбатан мақтов, олқиш эшитишга муҳтожсиз. Сизни ёқтирмай қўйсалар, ҳай-ҳай, бундан ёмони борми? Бу ўзини яхши кўрмайдиган одамнинг хулқидир. Чунки ташқаридан айтилган мақтовлар инсоннинг ўзига бўлган ишончини суғориб туради. «Мен»ини севган ва «мен»ига етарлича ишонган одам бунга муҳтож эмас, унга ўзининг муҳаббати, мақтовлари етиб-ортади. Яъни атрофдагиларнинг муҳаббати худди телефонга зарядка орқали ўтаётган токдек гап. Токка тўла батарейкани зарядлашга эҳтиёж йўқ. Ўзингизни ўйланг, ўз туйғуларингиз билан қизиқинг, ўзингиз билан овора бўлинг. Шунда бошқаларнинг муҳаббатию мақтовларига зор бўлиб қолмайсиз. Шу мақтовларга эришиш учун ўлиб-тирилмайсиз.

Бошқалар учун яшасангиз…

Ҳаётдан лаззатланиб, ўзингиз учун яшамайсиз. Ўзингизни алллақачон унутиб қўйгансиз. Ишхонада ҳамма вазифани гарданингизга оласиз, бир-икки марта раҳмат эшитарсиз, ана боринг, муокофот пули ҳам беришар. Аммо бир кун бу масъулиятдан чарчайсиз, бошқалар соянгизда маза қилиб юришгани етмагандек, муаммо чиққанда сизга юклаб қўя қолишади. Ахир ҳеч кимга муаммо керак эмас, демак, фидойиликнинг ҳам меъёрини билинг, токи ўзингизга ҳам яхши бўлсин, бошқаларга ҳам.

Кўп хафа бўлсангиз…

Хафалик кимдир умидларимизни оқламаса, биз истаган нарсани қилмаса, айтмаса, бермаса, юзага келадиган ҳолатдир. Лекин одамлардан улар беришни истамаган нарсани умид қилиш нотўғридир. Ўзини яхши кўрган одам кимдандир нимадир илинжида яшамайди: ё сўраб олади ёки ишлаб. Шундай экан, «қилмади, айтмади...» деб хафа ҳам бўлмайди. Олайлик, туғилган кунингиз ёки байрам яқинлашаяпти. Сиз янги русумдаги телефон ёки кўйлак ҳақида орзу қилаяпсиз. Эрингизнинг олдида бунга шаъма ҳам қилдингиз ва у шаъмангизни тўғри тушунди деб, энди «кутилмаган» совғани кутаяпсиз. Эрингиз эса ё шаъмангизни тушунмаган, ё унутган: яна ўша учта чиннигул билан кириб келади. Сиз эса хафа бўласиз. Эрингиз бегона эмас-ку, «Дадаси, имконингиз бўлса, туғилган кунимга манави нарсани совға қилсангиз, жуда бахтиёр бўлардим» деганингизда, олам гулистон эди. Ўзини яхши кўрган аёл шундай қилади.

Муҳаббатда омадингиз чопмаса…

Ўзини яхши кўрган аёлни эри, қизни йигити ташлаб кетмайди. Ўзини севган инсондан фақат муҳаббат ифори таралади, ёнидаги инсон шу ифорга маст бўлади, ундан узоқлашгиси келмайди. Ўзини яхши кўрган аёл хотиржам, қувноқ, ўзини парваришлаган бўлади. Ўзини яхши кўрган аёл бахтли бўлади, бахтлиларни эса ташлаб кетишмайди, аксинча, уларга интилишади. Чунки бахт юқумлидир.

Ҳасад қилсангиз…

Менда йўғ-у, унда бор — мана шу туйғу ҳасад бўлади. Худди шу нарсага эгалик қила олмаётганингиздан сиқиласиз, ўзингизни шу нарсага лойиқ эмас, деб ҳисоблайсиз. Бу эса ўзингизни яхши кўрмаганингиздандир, бошқа сабаб бўлиши мумкин эмас. Ўзини севган одам бировларга қарамайди, уларда бор нарсаларнинг ўзида йўқлигидан ўкинмайди, у бошқаларда эмас, ўзида бор нарсаларни кўради, ўшалар учун шукр қилади ва яшашда давом этади.

Болаларингиз гапингизга қулоқ солмаса…

Ё ўзингизни севмаслигингизни билганлари учун ёки сиз уларга ҳаддан ортиқ босим ўтказасиз. Босим эса ўзидан қониқмасликдан келиб чиқади. Ўзини ҳурмат қилган аёл ҳам меҳрибон, ҳам ҳурматли она бўлади. Фарзандлари ҳам ўзини севадиган, ўзига ишонган, муваффақиятли инсонлар бўлиб вояга етишишади. Демак, фарзандларингиз бахти учун ҳам ўзингизни севишга мажбурсиз!

ШАҲИНА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар