1

​ТАТАРИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ САМАРҚАНДДА БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ҚАБРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛДИ

ЖАМИЯТ 25.09.2017, 09:52
​ТАТАРИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ САМАРҚАНДДА БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ҚАБРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛДИ

Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихонов 23 сентябрь куни Самарқандга келди.

Самарқанд халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев кутиб олди.

Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихонов 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мангу қўним топган масканни зиёрат қилди. Буюк Юртбошимиз қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Татаристон Президенти буюк давлат ва сиёсат арбоби бўлган Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон Республикасининг асосчиси сифатида унинг тараққиёти йўлида улкан ишларни амалга оширган йирик тарихий шахс эканини таъкидлади. Унинг раҳнамолигида юртимизда аждодларимиздан мерос тарихий-маданий обидаларни асраб-авайлаш, миллий қадриятларимизни тиклаш ва улуғлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилганини қайд этди.

Ёдгорлик мажмуасининг миллий меъморлик анъаналари асосида бунёд этилаётгани ва бу ерда зиёратчилар учун кенг қулайликлар яратилаётгани меҳмонда катта таассурот қолдирди.

Татаристон Президенти Ўрта Осиёда қурилган биринчи масжид – Ҳазрати Хизр масжиди билан ҳам танишди. 1 минг 300 йиллик тарихга эга ушбу обиданинг яратилиши ва уни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Юқори мартабали меҳмон шаҳардаги Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва Мирзо Улуғбек расадхонасини томоша қилди. Мазкур иншоотларнинг ҳар бири халқимизнинг бой ўтмиш ва қадимий маданиятга эга эканидан далолат беришини қайд этди.

Дунёга машҳур Сиёб деҳқон бозоридаги тўкин-сочинлик, шарқона савдо маданияти ҳам татаристонлик меҳмонда катта таассуруот қолдирди. Серқуёш заминимизда етиштирилган ноз-неъматлардан татиб кўриб, бу маҳсулотлар Татаристон бозорларида ҳам жуда харидоргир эканини таъкидлади.

– Самарқандга келишни анчадан буён орзу қилардим, – дейди Рустам Миннихонов. – Ўзбекистонга ташрифим Самарқанддан бошланганидан жуда хурсандман. Бу қадимий шаҳар чиндан ҳам ер юзининг сайқали, тарихан цивилизация маркази бўлганига бугун яна бир бор амин бўлдим. Сафаримиздан жуда катта таассурот олдим.

Имом Бухорий мажмуаси зиёрати Татаристон Президенти учун Самарқандга ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Бу ерда юқори мартабали меҳмонга юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар, муҳаддис боболаримиз маънавий мероси ҳақида сўзлаб берилди. Президентимиз ташаббуси билан айни пайтда мажмуа яқинида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилаётгани муқаддас ислом динининг эзгу ғоялари ва маърифий аҳамиятини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга хизмат қилади.

Ташрифнинг асосий воқеалари 25 сентябрга мўлжалланган. Р.Миннихонов буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўяди, дея хабар беради ЎзА.

Шу куни Р.Миннихонов пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида ташкил этиладиган Ўзбекистон – Татаристон ишбилармон доиралари вакиллари қўшма бизнес-форумида қатнашади.

Татаристон Президенти мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказади, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1